Ўзбекистон | 15:36 / 31.01.2021
38100
8 дақиқада ўқилади

«Ризқ – Аллоҳдан». Сеулдаги ўзбек ресторатори — қандай қилиб пулсиз ва тажрибасиз бизнес бошлагани ҳақида

Хорижда яшаш ва ишлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Мусофир юртда бизнес бошлаш ва уни муваффақиятли юритиб кетиш эса ундан-да машаққатли.

Ҳалол хизмат кўришни ўз олдига мақсад қилиб, Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида мўжазгина ресторанга асос солган Маҳмуд Абдуллаев ҳам мусофирчиликнинг оғир синовларини бошдан кечирган.

«Лаззат» ресторани – Сеулдаги биринчи ҳалол ўзбек миллий таомлари ошхонаси. Унинг асосчиси элчихона тадбирлари, халқаро кўргазма ва фестивалларда ҳам фаол иштирок этиб, ўзбек миллий таомларини хорижликларга танитиб келмоқда.

Ўтган йили Маҳмуд Абдуллаев Ўзбекистоннинг «Туризм фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. 2020 йилда «Лаззат» ресторанида ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, Маҳмуд Абдуллаев Discovery каналининг «Hello Plate» лойиҳасида Кореядаги дунёнинг тўрт нафар энг кучли ошпазлари билан ўзаро беллашди.

Kun.uz'нинг Кореядаги мухбири «Лаззат» ресторанида бўлиб, Uzbek.Life лойиҳаси доирасида Маҳмуд Абдуллаев билан суҳбатлашди.

— Маҳмуд ака, барчаси қандай бошланган? Кореяга келишингизга ва мана шу йўлни танлашингизга нима сабаб бўлган?

— 2009 йилда Ўзбекистонда автомобил эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланар эдим. У вақтларда бир дўстим Кореяга қатнаб юрар эди. У менга: «Маҳмуд ака, биз билан Кореяга бориб, оригинал эҳтиёт қисмларини танлаб берсангиз, уларни Ўзбекистонга жўнатишни йўлга қўйсак, нима дейсиз?» деб таклиф берди.

Шу дўстим сабабли 2009 йил кузида Жанубий Кореяга келиб, автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, заводларни ўргана бошладик.

— «Лаззат» ошхонасини очишингизга нима туртки берган?

— Кореяга 2009 йилда келган бўлсам, 2013 йил баҳорига қадар турли хил ишларни қилиб, оилам, фарзандларимдан узоқда мусофирчиликнинг нонини еб юрдим. Кейин 2013 йил баҳорларида аёлимни ҳам олиб келдим.

У вақтда Анвар ака исмли ҳамюртимизнинг дўконларида гўшт тарқатиб юрар эдим. Бир ошхонага гўшт олиб борганимда: «Ошхона бор, сотиб олмайсизми?» деб қолишди. Шунда дўстим Хуршидбекка: «Фақат қуруқ гўштни сотаверамизми, энди буни пишириб ҳам сотайлик», дедим. Бу таклифим уларга ҳам маъқул бўлди ва биз бу ресторанни очишга шартнома туздик.

Шартномани 2013 йил август ойида тузган бўлсак, октябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб, фарзандларимни ўқишларини кўчириб, Кореяга олиб келганман. Ресторан очилганига ҳам мана 7 йил бўлибди.

— Кореяда яшайдиган чет элликлар учун энг асосий муаммолардан бири – корейс тили. Кореялик мижозлар билан суҳбатлашишда, умуман керакли ҳужжатларни юрғизишда қийинчиликлар бўлмадими?

— Корейс тилини билмасдик, инглиз тилимиз ҳам у даражада зўр эмас. Унинг устига, корейслар ҳам инглиз тилини биз билганчалик билишмайди. Корейс тилида ёзишни ҳам, сўзлашишни иш жараёнида, устоз кўрмасдан, ўзимиз деҳқончасига ўргандик. Ҳозирда ҳеч қаерда ўқимай туриб, корейс тилида билим даражасини аниқлаш бўйича тест (TOPIK)да иккинчи даражани олганман.

— Ресторан 2013 йилда ишга тушган бўлса, бир йилдан сўнг сиз Корея Туризм ташкилотининг «Туризм ресторани» сертификатини қўлган киритган экансиз. Мана шу мукофотга қандай сазовор бўлгансиз?

— Ҳар бир ишнинг замирида ҳалоллик ётиши керак, деб ҳисоблайман. Биз биринчи бўлиб Сеул шаҳрида ҳалол ўзбек ошхонасига асос солдик. Ошхонамиз аввал Ўзекистондан келган корейслар томонидан юрғизилган, номи «Bon appetit» эди. Бошида номини ўзгартирмоқчи бўлдик. Лекин яқинлар маслаҳатлашганимизда, улар корейслар ўзбекча номни яхши билмаслигини, келиб турган мижозларни ҳам йўқотиб қўйиш мумкинлигини айтишди. Шунда эски номда фаолиятни давом эттирдик.

Кафе номи – «Bon appetit»; мижозлар келиб стейк, паста сўрашарди. Биз эса ош, лағмон, шўрва тайёрлаб қўйганмиз, лекин одамлар менюни очиб, таомларни танимай, чиқиб кетишарди. Ишонасизми-йўқми, стейк қилишни ўргандим. Аввалига аччиқ дейишди, кейин қаттиқ дейишди. 3 ой ухламай, ўрганиб-изланиб ниҳоят мазали стейк қилишни ўргандим.

Лекин бир куни корейс дўстим келиб, бир кунда 5та стейк сотгандан кўра, ўз миллий таомларингни тайёрлашга урғу бергин, деб маслаҳат берди.

Бир куни ошхонамизга «Т-Mon», «Coupang»да овқатларни сотадиган ташкилот вакиллари келиб, кафе янги очилибди, реклама қиламизми, деб таклиф қилишди. Улар учун махсус таомлар тайёрладик. Улар таомлардан татиб кўришди, видео орқасидан эса кетма-кет изоҳлар кета бошлади. Мижозлар сони ҳам бирданига орта бошлади.

2014 йилда эса Кореянинг машҳур «Naver» сайтида ошхонам номи ёзила бошлади. Кейин Туризм ташкилоти ташриф буюриб, мижозлар орасида чет элликлар кўплиги сабабли «Туризм ресторани»га айланиш таклифини беришди. Албатта, буни ўзига яраша талаблари бор эди. Барча талабларини бажонидил бажардим ва махсус гувоҳномани қўлга киритдим.

Ана шундан сўнг, ошхона номини ўзгартиришга қарор қилдик. Турли номларни кўрдик: Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Бекобод (ўзим бекободликман), водий, чойхона, шабада... Хаёлимга лаззат деган ном келди ва интернетни изладим, Кореяда бунақа номдаги корхона йўқ экан. Маъноси ҳам чиройли, кўпларга тушунарли, ресторан учун мос ном. Шу тариқа, ошхона номини ўзгартирдик.

2015 йилда Кореянинг таниқли «КBS» халқаро телеканали вакиллари келиб, кафе ҳақида, оиламиз ҳақида кўрсатув олишни таклиф қилишди. Шу кўрсатувда бошимиздан ўтган барча қийинчиликларни, савдо юрғизишдаги машаққатларни очиқ кўрсатиб беришган.

Аллоҳнинг қудратини қарангки, шу кўрсатувдан кейин Япониядан атайин ресторанга меҳмонлар келди. Америкадан, Малайзиядан ташриф буюришди. Улар билан ҳозиргача борди-келди қиламиз.

Ўша вақтлари Кореяда ҳалол маҳсулотлар кам эди. Энг қизиғи, Саудия Арабистонидан бир оила икки сумка ҳалол маҳсулотларни биз учун атайин жўнатди. Аллоҳнинг раҳматини қарангки, мен ўша кўрсатувда тақво қилиб, ўғлимга дўконда шубҳали нарсани ема, ҳалол эмас дегандим; Аллоҳ Таоло менга Маккадан шу ҳалол нарсаларни етказди.

«Ресторан очишда менга ишонч берган инсон – аёлим»

— Тўғриси, Кореяга келмасимдан олдин ҳаттоки тухум ҳам пиширмаганман. Корея келиб, ҳали ошхона очмасимдан аввал гўшт дўконида ишлаб, унча-мунча гўшт пишириб кўрдим, котлет, шашликлар тайёрладим. Лекин бу ошхонани очишимда менга ишонч берган инсон – аёлим.

Аёлим Ўзбекистонда акамнинг кафесида ошпаз бўлиб ишлаган, деярли ҳамма миллий таомларни пиширган. Ошхонани очарканман, таом тайёрлаш борасида ишонганим аёлим бўлган.

Кейинчалик ўзим ҳам ўқидим. Ҳозир сомсадан бошлаб десертгача ҳамма таомларни тайёрлай оламан.

Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Феруза Авазова суҳбатлашди.

Мавзуга оид