Жаҳон | 10:38 / 28.12.2024
9357
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Олимлар саратон ҳужайраларини соғлом ҳолатга қайтариш йўлини топди

Жанубий кореялик тадқиқотчилар саратон касаллигини даволаш учун инновацион технологияни тақдим этди.

Корея илғор фан ва технологиялар институти (KAIST) олимлари саратон ҳужайраларини нормал ҳолатга яқинлаштирадиган молекуляр ўзгартиргичларни аниқлади. Тадқиқот натижалари институт веб-сайтида эълон қилинди.

Ишга KAIST биоинженерия ва мия муҳандислиги факультети профессори Чо Кван Хен бошчилик қилган.

Кимё ва нур терапияси каби замонавий усуллар саратон ҳужайраларини йўқ қилишга мўлжалланган. Бироқ бу ёндашувнинг ўз чекловлари мавжуд: ўсма ҳужайраларининг дориворларга чидамлилиги ва уларнинг қайта пайдо бўлиши, соғлом тўқималарнинг зарарланиши каби. Тадқиқотчилар муаммога бошқача ёндашишга қарор қилиб, йўғон ичакнинг нормал ҳужайралари онкогенез жараёнида қандай ўзгаришини ўрганди.

Ушбу кузатувга асосланиб, олимлар нормал ҳужайраларнинг дифференциация йўналиши билан боғлиқ ген тармоғининг рақамли нусхасини яратди. Имитацион таҳлил ёрдамида жамоа ҳужайраларнинг дифференциациясига ёрдам берадиган молекуляр “ўзгартиргичларни” аниқлади ва уларни саратон ҳужайраларига қўллаб, ўсма ҳужайраларини яна нормал ҳолатга “ўтказишга” эришди.

Ҳужайра даражасида ҳам, ҳайвонларда ҳам ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, саратон ҳужайралари организмга салбий таъсир кўрсатмасдан соғлом ҳолатга қайтиши мумкин, бу эса янги экспериментал даволашнинг хавфсизлигидан далолат беради.

Олимларнинг таъкидлашича, ушбу ёндашув нафақат йўғон ичак саратонига, балки бошқа турдаги ракларга ҳам қўллаш мумкин бўлган даволаш усулларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Мавзуга оид