Жамият | 09:01 / 09.02.2021
17217
4 дақиқада ўқилади

Болалар шифо топаётган маскан. Тошкентдаги миллий тиббиёт марказидан репортаж

Тошкент шаҳрида жойлашган республика Болалар миллий тиббиёт марказида ижтимоий муҳофазага муҳтож болаларни даволаш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов Kun.uz билан суҳбатда маълум қилди.

Тошкент шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт маркази фаолият бошлаганига кўп бўлмади. Ушбу марказ Жанубий Корея билан ҳамкорликда йўлга қўйилган бўлиб, энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Шифокорларнинг айтишича, Марказий Осиёда ягона бўлган бу тиббиёт муассасасида ҳозиргача фақат чет элда қилинган мураккаб операциялар ўтказилмоқда.

«Марказнинг 100 дан ортиқ врач ва ҳамширалари, медтехник ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар бир йил давомида Жанубий Кореяда малака ошириб қайтишди. Бу ерда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, гемодиализ, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия ва реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган. Марказда кунига 250 нафар беморни қабул қилиш, йилига 1 500 дан кўпроқ мураккаб ва ноёб амалиётларни бажариш имконияти мавжуд.

Марказ магнит резонанс томографияси, мультиспирал компьютер томографияси, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Чет элда даволаниши мўлжалланган болаларнинг 95 фоизини шу шифохонада даволаш мумкин. Бугунги кунда ижтимоий муҳофазага муҳтож болаларни чет элда даволаш керак бўлганда, ўша муолажани юртимизда амалга ошириш йўлга қўйилди. Уларни даволаш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади», деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов.

Анвар Алимов

Марказда болалар тиббиёти йўналишида инновацион изланишлар олиб бориш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва юқори технологик муолажаларни ташкил этиш, тиббиёт мутахассислари малакасини ошириб бориш кўзда тутилган. Шунингдек, телемедицина орқали узоқ ҳудудлардаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилади.

Тиббиёт марказида даволанаётган бемор болаларнинг аксарияти турли мураккаб жарроҳлик ва лазер операцияларини бошдан ўтказган.

Масалан, Фарғоналик Мусабек 4 йилдан буюн сурункали отит касаллигидан азият чекиб келган. Беш кун аввал ўтказилган операциядан сўнг бола ўзини яхши ҳис қиляпти. Марказ шифокори Нодир Шоазизовнинг айтишича, ҳозирга қадар бу жарроҳлик 3-4 босқичда амалга оширилган бўлса, ҳозирда битта операциядан кейин беморлар шифо топмоқда.

Нодир Шоазизов

«Жиянимда увеит – кўз касаллиги аниқланиб жуда кўп жойларда даволандик. Давоси топилмади, кўр бўлиб қолиши мумкинлигини айтишди. Чет элда даволанишни мўлжаллаб тургандик. Шу ерда лазер билан даволашди, ҳозир кўзлари кўряпти», дея шифокорларга миннатдорчилик билдиради бемор болалардан бирининг яқини Дилафрўз Миравиева.

Шифохонада касалликни юқори технологиялар ёрдамида даволайдиган турлар бўйича харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги республика болалар тиббиёт муассасалари томонидан берилган йўлланмаларга (ордерларга) асосан ташкил этилган тарифлар асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, тиббиёт маркази ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига қараб бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид