Ўзбекистон | 08:22 / 12.02.2021
23529
5 дақиқада ўқилади

«Сониясига 100 долларгача тўлашга тайёр компаниялар бор» — аниматор Ғолибжон Санокулов билан суҳбат

28 ёшли Ғолибжон Санокулов Бухоро вилояти Олот туманидан. У – WhiteLine Animation studio асосчиси, 3D аниматор ва VFX Supervisor. Ғолибжон ҳозирда хориж бозори учун мультфильмлар тайёрлаш билан шуғулланмоқда.

«Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида Ғолибжон Ўзбекистонда мультфильм ишлаб чиқариш соҳаси оқсаётгани сабаблари, яхши аниматор учун қандай хусусиятлар кераклиги ҳақида сўз юритди.

«Хорижда сониясига 100 доллар, Ўзбекистонда эса тайёр маҳсулотга 2–3 млн сўм»

— Айни пайтда мультфильмлар тайёрлаш билан шуғулланяпмиз. Чет элдан ҳам буюртма оламиз, «Ўзбекфильм» билан ҳам ҳамкорлик қиляпмиз.

Ўзбекистонда мультфильм ишлаб чиқариш соҳаси оқсаётганининг биринчи сабаби маблағга бориб тақалади. Яхши мутахассис 2–3 млн сўмга қандай қилиб ишлаши мумкин? Ўзбек бозорида таклифни шунақа беришади.

Мисол, чет элда битта мультфильм учун сониясига шартнома гаплашилади. Анимация бўйича сониясига ўртача 45 доллар тўланади. Осиё давлатлари учун нарх шунақа. Сониясига 100 долларгача беришга тайёр компаниялар ҳам бор.

Marvel ёки Disney'да фақатгина америкаликлар ишлаётгани йўқ. У ерда ўзбеклар ҳам бор. Мисол учун, яқинда «Қирол шер», «Маугли»нинг фильм вариантини ўзбек аниматори тайёрлади.

Шунақа болалар четга чиқиб кетган. Чунки ижодкор учун эркинлик муҳим. Бу ерда эса эркинлик жуда ҳам кам. Тайёр қилинган ишга етарли маблағ тўланмайди. Бу нарса ижодкорнинг йўлини тўсиб қўяди. Кейин эса кетиш пайига тушади.

Ўзбекистонда мультфильм ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш учун таълимни кучайтириш керак. Бунга эса катта маблағ керак.

Шунингдек, мульфильмлар миллийликни ҳам намоён қилиши лозим. Тайёр мультикни бир неча тилда тайёрлаш ва бозорда сота олиш муҳим. Бизда мультфильм тайёрланади, аммо сота олмагани учун текинга телевизорда қўяди. Аслида тайёр маҳсулот ўз харажатидан 2–3 баравар кўпроқ пул олиб келиши лозим.

Чет элда мультфильм ишлаб чиқариш учун брендлар ҳомийлик қилади ва фильмнинг қайсидир қисмида ўша бренд реклама қилиб кетилади. Бу яхши бизнес. Хорижда клип, кино, мульфильмларда бу одатга айланган. Чунки маҳсулотни тайёрлаш учун бир киши пул тикканидан кўра, ҳомийларни жалб қилиш осонроқ ҳам бўлади. Бизда ҳам шу тенденция пайдо бўлиши керак.

«Буюртмаларнинг 90 фоизини рад қиламан, чунки кадр йўқ»

— Энг катта мақсадим – Ўзбекистонда жуда ҳам кўп графистларни тайёрлаш. Беларус ва Украина ҳозир IT соҳасида жуда кучли. Украинада дунё бўйича энг зўр графистлар бор. Истардимки, Ўзбекистон ҳам четдан буюртма олса.

Кунора чет элдан буюртма тушади. Уларни 90 фоиз ҳолатда рад қилишга мажбур бўламан. Чунки кадр кам, улгурмаймиз. Буюртмаларни рад қилмаслик учун эса жамоани кенгайтиришим керак, кучли мутахассис кадрлар керак.

Чет элга чиқиб кетмаганимга сабаб ҳам Ўзбекистонда шу соҳани ривожлантириш истаги. Агар ҳозир хорижга кетсам, бошқалар даражасида ишлайман. Ўзбекистонда қолиб ривожлантирсам, бу ерда соҳанинг биринчиларидан бўламан.

«Мультфильмлар ғояси – муҳим»

— Илгари олаётган буюртмаларимнинг мафкурасига эътибор бермасдим. Кейин эса атрофимга яхши одамлар йиғила бошлагач, буюртмаларимни қандай мафкурани тарғиб қилаётганига эътибор бериб қаратиб оладиган бўлдим. Ҳозир ўзимга ғоявий жиҳатдан Индонезиянинг «Нусса ва Рара» мультфильми ёқади. Анимацион жиҳатдан эса Marvel ва Disney маҳсулотлари жуда сифатли ишланади.

Келажакда диний таълим берувчи мультфильмлар яратиш учун, чет эл буюртмалари билан ишлаш учун, кинолар билан ишлаш учун алоҳида-алоҳида жамоалар қилмоқчиман. Буларнинг барчаси эса кучли мутахассислар орқали бўлади.

Аниматор бўлиш учун нима қилиш керак?

— Анимация соҳасида ишлаш учун жуда ҳам кучли қизиқиш бўлиши керак. Агар мақсад фақатгина яхши пул топиш бўлса, битта жойда қотиб қолади, ўсмайди.

Яна, анимация билан шуғулланиш учун жуда катта сабр керак. Дейлик, битта персонаж қўли билан хайр ишорасини қилиши учун икки сония кетади. Бу икки сонияда эса 50та кадр бор. Яъни икки сония тайёр маҳсулот учун 50та кадрни анимация қилиш керак.

Мен ҳам кун давомида 3–4 сониялик маҳсулот устида ишлай оламан. Кадрнинг мураккаблигидан келиб чиқиб, бир ярим сония билан чегараланишга тўғри келиши ҳам мумкин.

Ўртача ҳисобда, беш дақиқалик мультфильм тайёрлаш учун 10та аниматор бир ой меҳнат қилиши керак бўлади. Шунинг учун мультфильм тайёрлаш кино олишдан кўра ҳам қийин ва маблағ ҳам кўпроқ кетади.

Суҳбатнинг 1-қисми:

Мавзуга оид