Шахмат тахтасидан ташқаридаги «ўйин»лар. Ўзбекистонлик гроссмейстер нега БААга кетишга мажбур бўлганди?
Шахмат – инсон ақлий қобилиятини ривожлантирадиган ажойиб ўйин, аммо Ўзбекистонда унинг мавқейи ҳақида ижобий фикр билдириш қийин. Халқаро шахмат мусобақалари ғолиблари ва гроссмейстерларга доим ҳам етарлича эътибор билан қарашмаган.
Бирлашган Араб Амирликларига сафаримиз давомида 10 йилдан кўпроқ вақт илгари Ўзбекистонни тарк этган ўзбек гроссмейстери Сергей Қаюмов билан учрашдик.
Сергей – 39 ёшда; шахматчилар оиласида туғилган. Отаси Дмитрий Қаюмов – халқаро гроссмейстер, онаси Ирина Қаюмова – ФИДE устаси ва халқаро ҳакам. Сергей Қаюмов 2011 йилда Дубайда шахмат марказини очган ва мураббийлик фаолиятини бошлаган.
У интервюсида Ўзбекистондан энг кучли шахматчиларнинг чиқиб кетиши сабаблари, нима учун ватанни тарк этишига тўғри келгани ва бошқа кўп нарсалар ҳақида сўзлаб берди.
(Интервю 2021 йил 28 январда Дубайда, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси лавозимига тайинланишидан олдин ташкил этилган).
– Сергей, нега бугунги кунда шахмат каби шундай интеллектуал ўйин бошқа спорт турлари билан солиштирганда унчалик оммабоп эмас?
– Барча спорт турлари ичида қайси бири энг оммабоп?
– Футбол.
– Хўш, нима учун?
– Томошабоп, ҳиссиётлар.
– Бошқа тарафи ҳам борми? Чунки бу ўйин қоидалари ҳамма учун тушунарли. Футбол кўриб ўтирган одам бир дақиқа ичида ўйиннинг маъносини тушуниши мумкин, аммо шахмат ўйини қоидаларини қандай тушуниш керак? (Кулади). Ҳа, мабодо бир дақиқалик блиц (тезкор шахмат) бўлса, ҳатто тахтада нима содир бўлаётганини тушунмасдан туриб ҳам ҳиссиётлар шиддатини кузатиш қизиқ, аммо афсуски, ўйин қоидаларини ҳамма ҳам билмайди.
Лекин Каспаров, Карпов, Фишер ўйнаган даврларда шахмат жуда машҳур эди. Ҳозирда Карлсен (Магнус Карлсен – амалдаги жаҳон чемпиони – таҳр.) туфайли шахмат яна оммалашмоқда, у шахматни яхши даражага кўтарди. Бундан ташқари, «Қироличанинг юриши» сериали ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди, чунки у шахматнинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар учун ҳам қизиқ эди.
– Ҳар икки тараф учтадан юриш қилганидан кейин 9 миллиондан ортиқ комбинация пайдо бўлиши ростми?
– Неча миллионталигини билмайман, лекин ҳа, уларнинг сони жуда кўп. Бир пайтлар Гарри Каспаров компютер билан ўйнаганида, компютер сониясига 20 миллион позицияни ҳисоблаб чиққан (*аслида 200 миллион – таҳр.).
– Бу мавзуда гап бошлаганимизда сўрамоқчиман: ким кучли? Инсониятми ёки компютер?
– Қанақасига айлантирманг, албатта компютер кучлироқ, аммо инсон ҳали ҳам компютерни мағлуб эта олиши мумкин бўлган айрим позициялар бор – улар бирор донани қурбон қилганингизда позицион деб аталади, компютер эса ташаббусдан кўра моддий ютуқни афзал кўради. Яқинда 4 соат ичида шахмат ўйнашни ўрганиб, дунёдаги энг кучли дастурни мағлуб этган янги AlphaZero дастури чиқди.
Дунёдаги энг зўр 10 шахматчи ҳали ҳам маълум позициялар бўйича компютерлар билан рақобатлаша олиши мумкин, аммо «ҳисоблаш» борасида компютердан ўтиб кетиш жуда қийин.
– Ўзбекистонни қачон ва нима учун тарк этишга мажбур бўлгансиз?
– 2002 йилда федерация (Ўзбекистон шахмат федерацияси – таҳр.) билан муносабатларимиз ёмонлашди. Аниқроғи, бутун федерация билан эмас, балки айнан бир киши билан – бу Турдалиев Ҳусан Худайқулович, у истеъфодаги МХХ генерали, бу ҳақда бутун дунё билади, чунки турли мусобақаларга борганида унинг ўзи бу ҳақда гапирган.
– Муносабатларингиз нима учун ёмонлашганди?
– Чунки оиламиз очиғини гапира бошлади. 2003 йилда Қатарда эркаклар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди, унда отам ва мен қатнашишимиз мумкин эди, аммо федерация бизга рухсат бермади, аниқроғи Турдалиев бизни чемпионатга қўйишни истамади. Ўшанда Қатар шахмат ассоциацияси президенти Ал-Ҳитмий Турдалиевга шахсан қўнғироқ қилди ва бизни чемпионатга қўйишни сўради, чунки жойлар бор эди ва биз барча харажатларни ўз зиммамизга олдик, федерациядан ҳеч нарса талаб қилинмади. Аммо Турдалиев фақат биттамиз қатнашишимиз мумкинлигини айтди ва отам менга ўз ўрнини берди.
Онам ҳар доим ўз фикрини гапирарди, Турдалиевга эса бошқаларнинг ўз фикри бўлиши ёқмасди. У 2010 йилда федерацияни танқид қилгани учун онамни 3 йилга, 2018 йилда эса бир умрга дисквалификация қилди.
Масалан, отам 13 ёш-у 1 ойлигида гроссмейстер бўлган Нодирбек Абдусаттаров билан ишлаган. У Карякиндан (россиялик шахматчи Сергей Карякин 12 ёш-у 7 ойлигида тарихдаги энг ёш гроссмейстерга айланган, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган) ўтиб кетиши мумкин эди, аммо бундай бўлмади, чунки федерация бунга қизиқмади ва унга ҳомийлик қилмаган. У 2017 йилда Чигорин турнирига бориб охирги гроссмейстерлик нормасини бажарганида унга ота-онаси ҳомийлик қилган. Улар Чимкентга, Чимкентдан Москвага, Москвадан Санкт-Петербургга боришган, чунки молиявий жиҳатдан бу энг арзон йўл бўлган. Федерация бунда умуман иштирок этмаган. Бундан ташқари, Абдусатторов отамнинг шогирди бўлгани учун Турдалиев «ғилдирак орасига таёқ суқди».
Турдалиевнинг иш услуби қўрқитиш. Онам милицияга чақирилди, кейин суд бўлди, гўёки онам клубга келиб, ўзини номуносиб тутган. Турдалиевнинг атрофидагилар, унинг ходимлари унинг амри билан ҳужжатларга қўл қўйишган. Дастлаб онам судда ютқазди, чунки у ҳаммага қарши бир ўзи эди; кейин апелляция берди, адвокат ёллади ва судда ғолиб чиқди. Бу – онамда судланганлик бўлиши учун қилинган. Онам ҳозирда ФИДE (Халқаро шахмат федерацияси) байроғи остида чиқади, чунки агар у дунё рейтингида Ўзбекистон байроғи остида бўлса, федерациядан рухсат олиши керак, у ердан эса ҳеч нарса ололмайди.
Шунингдек, у халқаро ҳакамлик унвонини сохта ҳужжатлар орқали олган деб тахмин қиламан. Буни кўпчилик билади. Халқаро ҳакам бўлиш учун аввал миллий, кейин республика тоифасига эга бўлиш керак. Унда буларнинг ҳеч бири йўқ эди. У шахматда 1999 йилда пайдо бўлган, ўшанда Наманганда Осиё чемпионати бўлиб ўтган, онам ҳакам, у эса ташкилотчи бўлган. Ҳакам эмаслигига қарамай, бош котиб Адҳам Юнусовни ҳужжат беришга мажбур қилган. Онамнинг имзосисиз. Шу тарзда халқаро ҳакам унвонини олган.
У ўз даврида фарзандларини кўтаришга уринди. Унинг Хуршид исмли ўғли ва Тахмина исмли қизи бор. Эҳтимол, у фарзандларини гроссмейстер ва халқаро миқёсдаги устага айлантиришни орзу қилгандир, аммо яхшиямки ёки афсуски, бу амалга ошмади. Кейин эса уларни ҳакам қилишга уринди. Тахминани ҳакамга айлантирди, ўғли учун эса жуда қизиқ нарса ўйлаб топди. Турдалиев Ҳусан Худайқулович бош ҳарфлар бўйича – Турдалиев Х.Х., ўғли – Турдалиев Хуршид Ҳусанович– Турдалиев Х.Х. 2009 йили минтақавий мусобақада ўғлига унвон бериш учун ўзининг ўрнига уни ҳакам сифатида рўйхатдан ўтказди. Бу маълумот тарқалиб кетди, одамлар эътироз билдира бошладилар, кейин у буни амалга оширишдан қўрққан кўринади. Балки у қачондир бу ҳужжатларни топширар, билмадим, аммо аслида ўғли турнирлар остонасини умуман ҳатлаб ўтмаган.
– Ўзбекистондаги шахмат билан боғлиқ вазиятни қандай баҳолайсиз?
– Энди ўзгаришлар бўлишига умид бор. Президентнинг шахматни қўллаб-қувватлаш бўйича қарори чиқди. Агар бу амалга ошса, жуда кучли омил бўлади. Аммо бу фақат Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарияти ўзгарган тақдирдагина юз беради, Турдалиев билан бўлса ҳеч нарса чиқмайди.
Охирги вақтда эътибор берсангиз, Тимур Гареев Америкага бутунлай жўнаб кетди, бу йигит жуда истеъдодли, тахтага қарамасдан ўйнашда биринчи рақамли (Тимур Гареев 2016 йилда тахтага қарамасдан бир сеансда энг кўп ўйин сони бўйича жаҳон шахмат рекордини ўрнатган: 48). Антон Филиппов (гроссмейстер) Қозоғистонга кўчиб кетди. Жўрабек Ҳамроқулов (гроссмейстер) ҳам Америкага кетди. Андрей Квон (гроссмейстер) Сингапурда мураббий бўлиб ишлаяпти. Тоҳир Воҳидов (гроссмейстер) ўз вақтида 15 йил Брунейда ишлаган. Ўша жамоадан фақат Саидали Йўлдошев Ўзбекистонда қолди, қолганлари тарқалиб кетди.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uz'нинг YouTube-каналида томоша қилинг.
Жамшидхон Зиёхонов суҳбатлашди.
Оператор – Муҳаммаджон Ғаниев.
Тошкент – Дубай – Тошкент.
Ўзбекистон шахмат федерацияси атрофидаги вазият турли фикрлар уйғотмоқда. Kun.uz барча томонларни тинглашга ва нуқтайи назарини тақдим этишга тайёрлигини билдиради.
Мавзуга оид
15:24 / 23.12.2024
“Вертолётда келиб, кўзимизни боғлаб олиб кетишди” — БААда ҳибсга олинган ўзбекистонлик
14:32 / 10.12.2024
БАА Ўзбекистондан ем-хашак импорт қилишга қизиқиш билдирди
15:32 / 09.12.2024
Ўзбекистондан БААга ишлаш учун мутахассисларни жалб этиш бўйича келишувга эришилди
15:44 / 06.12.2024