«Айрим ҳарбий хизматчиларнинг болалари 25 мартагача мактаб алмаштирган» — вазирлик мулозими
Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига ОТМга киришда имтиёз берилиши қолган абитуриентлар учун адолатсизлик эмасми, дея берилган саволга Мудофаа вазирлиги расмийлари жавоб берди.
Вазирликнинг Кадрлар бош бошқармаси масъул ходими Шермуҳаммад Саидаҳмадовнинг изоҳлашича, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари маълум сабабларга кўра кўплаб марта мактабини ўзгартиришига тўғри келади, бу эса уларнинг билим олишига таъсир қилади.
«Ҳарбий хизматчи 20–25 йил хизмат қиладиган бўлса, хизмати давомида бир жойдан бошқа жойга кўчиб юради. Аниқлашимизча, ҳатто шунақа ҳарбий хизматчилар бор эканки, фарзанди 20, 25 марта мактаб алмаштирган.
Тасаввур қилинг, бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, янги ижтимоий муҳитга, жамоага мослашиб кетиш қанчалик қийин, буларнинг барчаси ўқиш жараёнига бевосита таъсир қилади. Шу сабабли президентимиз ўзлари айтдиларки, биз ҳарбий хизматчиларга кўмак бермасак бўлмайди.
Президент қарорига асосан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун республика олий таълим муассасаларига бор-йўғи 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси ажратиляпти холос. Давлат томонидан кўмак берилмаса бўлмайди, бу имтиёзлар шароитдан келиб чиққан ҳолатда бериляпти», – дея Шермуҳаммад Саидаҳмадовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мулозимнинг таъкидлашича, ҳарбийларнинг фарзандлари учун кўзда тутилган имтиёз биринчи навбатда бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига тақдим этилади.
«Имтиёз биринчи навбатда бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига берилади. Улар танловда қатнашишмайди, балки имтиҳонларсиз талабалар сафига қабул қилинишади. Қолган имтиёзлар жанговар хизматда яхши натижаларга эришган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига берилади.
2020 йилда ҳарбий хизматчиларнинг мингга яқин фарзандларига имтиёз берилди. Шундан 600дан зиёди ўқишга кирди. Лекин бу бир йилги кўрсаткич холос. Ўтган йили имтиҳондан ўтолмаганлар 2021 йилда ҳам, ундан кейинги йили ҳам имтиёзидан фойдаланиши мумкин бўлади. Имтиёз уч йилга берилади.
Аммо имтиёз берилгани билан абитуриент минимал баллни жамғариши керак. Ҳарбий хизматчиларнинг шунақа фарзандлари ҳам борки, ўша минимал баллни олишга ҳам билими етмаяпти», – деди Шермуҳаммад Саидаҳмадов.
Давлат қабул комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сон баёнига кўра, 2020 йилда ушбу грант квотасининг миқдори 888 тани ташкил этган. Ундан 44 фоизи (390 та ўрин) Мудофаа вазирлигига, 10 фоизи (89 ўрин) Ички ишлар вазирлигига, 3 фоизи (27 ўрин) Фавқулодда вазиятлар вазирлигига, 30 фоиз Давлат хавфсизлик хизматига (266 ўрин), 1 фоизи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига (9 ўрин), 10 фоизи Миллий гвардияга (89 ўрин), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хавфсизлик хизматига 2 фоиз (18 ўрин) квота ажратилган.
Мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)да ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ОТМларга киришда ажратилган 5 фоизли қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этади.
Ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)нинг ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари ОТМларга киришда белгиланган қабул кўрсаткичларидан ташқари танловсиз давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилади.
Мавзуга оид
19:45 / 19.12.2024
Литва армиясида Россия, Беларус ва Хитой фуқароларининг хизмат қилиши тақиқланди
23:41 / 03.12.2024
Европа Иттифоқининг яна бир давлати мажбурий ҳарбий хизматни қайта тиклаши мумкин
20:38 / 30.09.2024
Путин ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги қарорни имзолади. Армияга 133 минг россиялик олиб кетилади
14:31 / 22.08.2024