«Камп Ноу»да янги қирол. Месси Мбаппенинг соясида
Лео Месси Чемпионлар лигасида гол уришда давом этган бўлсада, «Барселона» ўз майдонида «ПСЖ»га йирик ҳисобда ютқазди, ўйин қаҳрамони эса парижликлар ҳужумчиси бўлди. Энди футбол оламида аргентиналик юлдузнинг вориси ким бўлишига шубҳа қолмади.
Чемпионлар лигаси
1/8 финал
«Барселона» (Испания) — ПСЖ (Франция) — 1:4 (1:1)
Голлар: Месси, 27 — пенальтидан (1:0). Мбаппе, 32 (1:1). Мбаппе, 65 (1:2). Кин, 70 (1:3). Мбаппе, 85 (1:4).
«Барселона»: тер Штеген, Пике (Пуч, 79), Жорди Альба, Лангле, Дест (Мингеса, 71), Бускетс (Пьянич, 80), де Йонг, Месси, Гризманн (Брэйтуэйт, 85), Дембеле, Педри (Тринкан, 79).
ПСЖ: Навас, Кюрзава, Флоренци (Керер, 89), Маркиньюс, Кимпембе, Гуйе (Эррера, 46), Верратти (Дракслер, 73), Паредес, Икарди, Мбаппе, Кин (Данилу Перейра, 85).
Огоҳлантиришлар: Гуйе, 20.
Ҳакам: Кайперс (Нидерландия).
16 феврал. Барселона. «Камп Ноу» стадиони.
Ўйин олдидан интрига кўп эди - бу нимчорак финалдаги энг афишали ўйин эди. «Барселона» — «ПСЖ» ўйини арафасида Месси Парижга йўл олиши ҳақида миш-мишлар тарқалди - France Football ўз муқовасида унинг «ПСЖ» либосидаги суратини жойлаштирди. Ди Мария ўз ватандошини жамоада кутишини айтди, Куман уни рақиб жамоани ҳурмат қилмасликда айблади. Мухлислар эса 4 йил олдинги ЕЧЛ тарихидаги энг ёрқин ўйинни - каталонияликлар 0:4 ҳисобидаги мағлубиятга 6:1 ҳисобидаги ғалаба билан жавоб қайтарган ўйинни муҳокама қилишди.
Ўйиннинг 10-дақиқасигача Лео Месси майдонда кўринмади. Бунга сабаб тўп унгача етиб бормаётганида эди. Тўп унга текканида эса майдон эгалари дарҳол хавфли вазият яратишди — Месси ортга қайтиб тўпни ўзи эгаллади ва уни Педрига узатди, у эса рақиб жарима майдонида Антуан Гризманни топди. Француз ҳужумчисининг зарбаси кучсиз чиқди ва дарвозабон осонлик билан тўпни эгаллаб олди. Кейинги эпизодда — жарима майдони ичида товон билан яна Гризманнга пас, лекин Марко Верратти ҳужумчининг оёғига ташланиб хавфни бартараф этди. «Барселона»нинг ҳар қандай хавфли ҳужуми Мессисиз бўлмасди. Кейин Френки де Йонгга ҳаволатиб ажойиб узатма йўллади - пенальти. Видеоҳакамлар тўртинчи такрорий лавҳадан кейин пенальтини тасдиқлашди - Курзаванинг тиззаси рақиб оёғига тегиб кетганига шубҳа қолмади. Месси қаторасига 17-мавсумда ЕЧЛда гол урди ва ҳисоб 1:0.
Кўринишидан барчаси мантиқийдек эди. Мессиси бор «Барселона» Неймарсиз «ПСЖ»дан кучлироқдек эди. Аммо голдан кейин мезбонларнинг ўйини ўхшамади. Тер Штеген кетма-кет ақлбовар қилмас сейвлар қилди, лекин у барча зарбаларни қайтара олмасди.
Неймар йўқлигида Мбаппе катта саҳнага чиқди. Верратти дарвозабон майдончаси яқинидаги ҳужумчига тўпни ташлаб берди, у эса ҳимоячилар орасидан ёриб ўтиб ҳисобни тенглаштирди.
Ўйиннинг 65-дақиқасигача томонлар зарбалар алмашиб туришди: «Барса»да Месси ижросида хавфли жарима зарбасига гувоҳ бўлдик (тўп тўсинга тегди), «ПСЖ»да – Киннинг зарбаси (тер Стеген қаҳрамонлик кўрсатди). Аммо бу оқшомда майдондаги энг энергияли инсон - Мбаппе қирол эди.
Иккинчи гол: офсайд чизиғида ҳаракатланган Флоренци ўнг қанотдан ёриб кирди ва марказ томон тўпни йўналтирди. Пике тўпни қайтаришда муваффақиятсиз ҳаракат қилди, ундан тўп Мбаппега борди ва дарвоза томон қайтариб бўлмас зарба йўлланди.
Кўп ўтмай парижликларнинг бошқа бир ёш ҳужумчиси Мойзе Кин ҳам ўз номига битта гол ёздириб қўйди - яна ҳимоячиларнинг болаларча хатоси. Пике ноябрдан буён илк марта майдонга тушганди, Лангле эса бутун мавсумни жуда ёмон ўтказмоқда. Бундай ҳолатда Мбаппега қарши туриш имконсиз эди.
Ҳисоб йириклашиб кетгач майдон эгалари бутун куч билан олдинга боришди, аммо тўпни йўқотишди. «ПСЖ» аъло даражадаги қарши ҳужумни ташкиллаштирди: Мбаппе тўпни Дракслердан қабул қилиб юқори бурчакни нишонга олди – ҳет-трик completed.
Сафардаги 4:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин жавоб ўйинида интрига қолмади.
Август ойида аргентиналик футболчининг клубдан кетиш ҳақидаги шов-шувли баёнотидан кейин юзага келган беқарор вазият ҳамон сақланиб турибди. Лекин футболчи аввалгидек ўйнашда давом этмоқда. Статистика ҳам шундан дарак беради: аргентиналик футболчи барча турнирлар доирасидаги сўнгги 10 ўйинда 11 гол урган. «Барселона» бу ўйинларда 8 ғалабага эришган.
Лекин Чемпионлар лигасида биргина Леонинг ўзи натижани ҳал қилиш учун етарли бўлмай қолди, жамоадошлари унга етарли даражада ёрдам бера олишмаяпти. Ҳеч кимга сир эмас - сўнгги йилларда каталонияликлар кўрсатаётган натижалар бир кишига боғлиқ бўлиб қолмоқда. «Барселона» энди аввалги каби ўйинларда тўла устунликка эришмаяпти, ҳатто ўз уйидаги ўйинларда ҳам асосий эътиборни тўпга эгалик қилишга қаратмаяпти — масалан, охирги ўйиннинг иккинчи бўлими ўрталарида «ПСЖ» бу борада 51га 49 нисбатида устунлик қилаётганди. Кўк-анорранглилар қайта қуриш даврини бошдан кечираётгани тушунарли, аммо бундай ҳолатни кўриш қайғули.
Аммо энг асосийси, бу оқшомда майдонда Мессидан кўра ёрқинроқ ўйнаган футболчи бор эди. Ва бу Криштиану Роналду эмасди. Килиан Мбаппе ҳет-трикни расмийлаштирди, аммо гап фақат урилган голлардамас. Француз майдонда истаганини қилди: истаган жойида тезлик олди, ҳимоячиларни осонлик билан ортда қолдирди, исталган нуқтадан зарба берди — исталган жойдан голлар урди. Буларнинг барчаси 7-8 йил олдинги Мессини эслатади — Мбаппе тез орада «Олтин тўп»ларни ким коллекция қилишини анонс қилмоқда. Сўнгги йилларда у тез орада янги қирол бўлиши ҳақида гапиришни бошлашганди, энди эса ўша паллалар келган кўринади.
Мессининг ҳолати эса қайғули. Эҳтимол, бу унинг «Камп Ноу»да «Барса» сафидаги сўнгги ЕЧЛ ўйинидир. Кўриниб турибдики, каталонияликлар яқин йилларда Европада совриндор бўлишга даъво қила олишмайди, айниқса клуб молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолгани ҳисобга олинса. Агар шундай бўлса, жамоа афсонасига айланган футболчи билан хайрлашиш чиндан қайғули бўлади. Ҳа, тўрт йил муқаддам Париждаги 0:4 ҳисобидан кейин Барселонада 6:1 ҳисоби қайд этилганди, аммо у бутунлай бошқа даврлар эди. Ҳозир эса Мессининг эраси поёнига етмоқда.
Ўйин ҳақида статистикалар:
- Килиан зарбалар беришда (6), аниқ зарбалар сони бўйича (4), яратилган вазиятлар сони бўйича (4) ва рақиб жарима майдонида тўпга энг кўп тегиниш борасида (10) ўйиннинг энг яхшиси бўлди.
- Мбаппе – ЕЧЛ тарихида «Барселона» билан ўйинда ҳет-трик қайд этган иккинчи футболчи. Биринчиси – Андрей Шевченко бўлганди. Шева Киевнинг «Динамо» клуби сафида афсонавий ҳет-тригини нишонлаганида, 1997 йилда ҳали Мбаппе туғилмаганди.
- Месси қаторасига 13 йилда барча турнирларни ҳисобга олганда 20тадан кўп гол урмоқда.
- «ПСЖ» – 2013 йилдан кейин «Барселона»ни «Камп Ноу»даги плей-офф ўйинида мағлуб этган илк клуб.
- Дракслер рақибдан тўпни олиб қўйишда энг яхши натижани қайд этди (3). Ҳавбек ўйинга 73-дақиқада қўшилди.
- Мбаппе ЕЧЛ ёки Европа чемпионлари кубоги плей-оффи доирасида «Барселона»га «Камп Ноу»да камида икки гол урган иккинчи футболчи бўлди. Бу ишни илк бора «Реал»нинг афсонавий венгр ҳужумчиси Ференц Пушкаш – 60 йил муқаддам Европа чемпионлари кубоги ярим финалида амалга оширганди.
- Мбаппе ЕЧЛда 41 ўйинда 40 голда иштирок этди: 24 марта ўзи урди, 16 марта ассист муаллифи бўлди. У ҳали 22 ёшда.
- Мбаппе «ПСЖ»нинг энг яхши тўпурарлари рўйхатида Педро Паулетани ортда қолдирди (109 голга қарши 111 гол), олдинда – Златан (156) ва Кавани (200). Агар Килиан Парижда яна бир-икки мавсум ўйнаса, биринчи ўринга чиқиб олиши ҳам мумкин.
- Килианнинг ЕЧЛ плей-офф ўйинларидаги голлари сони 10тага етди – французлар орасида у Зидан (8)ни ортда қолдирди, тез орада Анри (12)ни ҳам ортда қолдириб, Бензема (18) билан ҳам рақобат бошлаши мумкин.
Энди «Барселона» Парижда камида 4 гол уриши керак. Жавоб ўйини – 10 март куни.
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
11:17 / 12.12.2024