Жамият | 13:11 / 22.02.2021
11912
6 дақиқада ўқилади

Хорижда ўқиш, давлат грантлари ва стипендиялар. «Интеллект» меҳмонлари билан таълим ҳақида суҳбат

Kun.uz шахс сифатида ривожланишни истовчилар ва айниқса ёшлар учун фойдали мавзуларда муваффақиятга эришган инсонлар билан суҳбатларни давом эттиради.

Фаолияти мобайнида маълум ютуқларга эришган зиёли ҳамюртларимиз «Интеллект» лойиҳаси доирасида ўз ҳаётий тажрибаcи ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади, ёшларга ўз тавсияларини бериб боради.

Лойиҳанинг бу сафарги меҳмонлари - «Эл-юрт умиди» жамғармаси вакиллари, шунингдек, магистратурани Япония ва Германияда ўқиган, дунёнинг энг нуфузли университетларидан бўлмиш Кембрижда докторантура босқичини муваффақиятли тугатган Адҳам Худойқулов бўлди.

Иқтидорли ва истиқболли, айниқса, республика ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳар томонлама иқтидорли ва истиқболли, айниқса, етакчи хорижий мамлакатларнинг нуфузли таълим муассасалари ва илмий марказларида ўқиб, илғор билим, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга бўлган мутахассисларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Таълимга бўлаётган эътибор туфайли ёшлар ўртасида хорижий мамлакатларда таҳсил олиш истаги ҳам ортиб бормоқда. Бугунги кунга келиб чет эл мамлакатларида таҳсил олаётганлар сафи йилдан йилга ортиб боряпти, улар ўртасида турли давлатлар томонидан ажратилган таълим гранти ютганлар ҳам бор. Ўз ҳисобидан таҳсил олаётганлар ва давлат гранти соҳиби бўлганлар ҳам талайгина. Бугун айнан давлат гранти асосида таҳсил олаётган ёшлар ташкилоти фаолияти ҳақида батафсил тўхталамиз.

Мирзиё Содиқов – «Эл-юрт умиди» жамғармаси ахборот хизмати раҳбари:

Ариза топширадиган ёшларимиз асосан Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Жанубий Корея мамлакатларини танлашади. Асосий сабаб аксарият ёшлар айнан инглиз тилини билишидир. Бугунги кунда кўплаб ёшларимиз Ўзбекистонда инглиз тилини мукаммал ўрганишга асосий эътиборни қаратишади, ушбу давлатлар йўналишларининг барчаси инглиз тилига ихтисослашган фанлардан иборат. Ҳозирги кунда давлат гранти соҳиби бўлишни истаган ёшларга қўйиладиган талаблар олдингисига қараганда анча енгиллаштирилган. Бу йил бакалавр босқичини хорижда ўқимоқчи бўлган ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очиб беради. Инглиз тилида халқаро талабга жавоб берадиган юқори баҳо олгани ҳақида сертификат ва таълим олмоқчи бўлган университети томонидан тақдим қилингани ҳақида йўлланма олиши керак. Шундан сўнг жамғарма томонидан ташкиллаштирилган суҳбат асосида грант ғолиблари саралаб олинади.

Адҳам Худойқулов – иқтисод фанлари доктори:

Қашқадарёнинг чекка бир қишлоғида туғилганман. Ўқишга бўлган қизиқишим бироз кечроқ бошланган. Хорижий мамлакатларда ўқиш истаги қай бир маънода ўзидан қониқмасликдан, янада кўпроқ натижаларга эришиш асносида пайдо бўлади. Хорижий мамлакатларга ўқишга кириш маълум бир мезонлар асосида бўлмайди, унда талабанинг барча имкониятлари ўрганиб чиқилади, айниқса, унинг дунёқараши, креатив фикрлаши ва мотивацияга асосланган иншоси катта аҳамият касб этади.

Мен магистратура даражасини Буюк Британия ва Японияда олдим, бу мамлакатларнинг таълим дастурларини ўрганиш асносида Германияда ҳам тўққиз ой давомида тажриба орттирдим. Ушбу давлатларнинг таълим тизимини ўрганиш ҳаётий ва ижтимоий нормаларини ўрганишга ҳам туртки бўлган. Албатта, маданий шок бор, бир жамиятдан бошқа жамиятга ўтиб қолиш ҳеч ким учун осон эмас. Аммо яхши жиҳатларини, жамиятни олдинга олиб чиқаётган томонларини инобатга олган ҳолда тажриба ўташ керак деб ўйлайман.

Университетнинг даражаси қанча юқори бўлса, танлов ҳам, ўқишга кириш талаблари ҳам ва таълим олиш даргоҳининг пули ҳам шунча қиммат бўлади. «Эл-юрт умиди» жамғармаси айнан мана шу жиҳатларни инобатга олиб, қўллаб-қувватлагани қувонарли. Кембрижда 3 йил давомида докторлик иши ёқлаш осон эмас, аммо олдимга қўйган мақсадим мени ушбу йўлда учраган қийинчиликларга дадил боришга даъват этган. Ҳимояни ўтказиб, Ўзбекистонга қайтдим. Ўйлайманки, халқаро миқёсда орттирган тажрибаларимни ҳали кўп бор ватан манфаати учун қўллайман.

Жавоҳир Аҳмедов – «Эл-юрт умиди» жамғармаси директори ўринбосари:

Бугунги кунда дунё талабларига жавоб берадиган малакали кадрларга бўлган эҳтиёж янада ошди. Мамлакат равнақини ҳар томонлама ўйлайдиган, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда давлат ривожига ҳисса қўшаётган ёшлар майдонини кенгайтириш мақсадида 2018 йилнинг 25 сентябрида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан турли соҳаларда Ўзбекистон ёшларининг дунёнинг энг нуфузли мамлакатлари таълим даргоҳида тўлиқ грант асосида таҳсил олишлари учун «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилди. Бугунги кунда минглаб ёшларимиз жамғарма томонидан сайёрамизнинг энг нуфузли илм масканларида таҳсил олиб қайтишди ва мамлакатимизнинг илғор ёшлари сафидан ўрин олиб, нуфузли ташкилотларида ўз фаолиятларини олиб боришмоқда.

Стипендиатларни хорижга ўқишга юборишнинг ташкилий-молиявий механизмига қатор ўзгартириш киритиш, жумладан, хорижий ҳамкорлар билан халқаро шартномаларни расмийлаштириш механизмини соддалаштириш, стипендиатларнинг стипендиялари миқдорларини аниқлаш механизмини такомиллаштириш, «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендия танловларини ўтказиш тартибини тубдан соддалаштириш, жумладан, танловни 4 босқичдан 2 босқичгача камайтириш, хорижий тилларни билиш тўғрисидаги халқаро ёки миллий сертификатнинг, шунингдек, хорижда таълим олиш ёки стажировка ўташ учун таклифноманинг мавжудлиги талабларининг киритилиши, хорижда истиқомат қилаётган, бой илмий ва амалий тажрибага эга бўлган ватандошларни Ўзбекистонга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва давлат корхоналарига ишга таклиф этишни ташкил этиш мақсадида ҳар йили мунтазам равишда форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш ва бошқа ўзгаришлар кўзда тутилган.

Мавзуга оид