Саркози биринчиси эмас: қамоққа олинган собиқ президентлар
1 март куни Париж суди Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Собиқ президент белгиланган муддатнинг 2 йилини шартли равишда ўтайди.
Forbes Саркози ва у каби озодликдан маҳрум қилинган собиқ президентлар тўғрисида маълумот берди.
Франциянинг 23-президенти Николя Саркози
Президентлик даври: 2007-2012
1 март куни Париж суди Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини коррупция ва амалидан фойдаланиб таъсир кўрсатишда айблаб уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Собиқ президент белгиланган муддатнинг 2 йилини шартли равишда ўтайди.
Тергов маълумотларига кўра, Саркози 2007 ва 2012 йилги сайловолди кампанияси давомида миллиардер Лиллиан Бетанкур ва ҳатто Ливия инқилоби етакчиси Муаммар Қаззофийдан пул олган. У ўз сайлов кампаниясига Лиллиан Бетанкур томонидан пул ажратилгани бўйича ишни ўрганаётган судьяга лавозими кўтарилишини ва Монакодан уй таклиф қилган. Айбловга исбот сифатида Саркози ва адвокатининг телефон суҳбати келтирилган.
Қирғизистоннинг 4-президенти Алмазбек Атамбоев
Президентлик даври: 2011-2017
2019 йил августда қўлга олинган Алмазбек Атамбоев бир қатор жиноятларда айбланиб, 11 йил-у 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Унга қўйилган асосий айблов сифатида криминал Азиз Батукаевни озодликка чиқариш келтирилганди. 2013 йилда 16 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Батукаев муддати якунланмай туриб озодликка чиқарилган. Атамбоев президентликдан кетгач, бу иш бўйича текширув бошланди. Атамбоев айбини тан олмагач, ҳарбийлар унинг уйига бостириб кириб, қўлга олишганди.
2020 йил октябрда Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган қирғизистонликлар намойишга чиқишди ва намойишчилар Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитасида сақланаётган Алмазбек Атамбоевни озодликка чиқаришди. Атамбоев 10 октябрь куни қайтадан қўлга олинди.
Бразилиянинг 35-президенти Луис Инасиу Лулу да Силва
Президентлик даври: 2003-2011
Лула да Силва 2016 йил мартда пул ювиш ва ёлғон гувоҳлик беришда айбланиб қўлга олинганди. Терговчиларнинг таъкидлашича, у Petrobras компанияси билан ишлайдиган компаниядан пора сифатида хонадон олган ва буни яширган.
2017 йил 12 июлда Лула да Силва 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 2018 йил январида жазо муддати 12 йил-у бир ойга узайтирилди.
Корея Республикасининг 11-президенти Пак Кин Хе
Президентлик даври: 2013-2017
2018 йил 27 февралда Сеул округи марказий прокуратураси Пак Кин Хени пора олиш, мансабини суиистеъмол қилиш ва товламачиликда айблаб, уни 30 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 118,5 млрд вон (105,7 млн доллар) жарима тўлаш жазоси берилишини сўради. 6 апрелда Пак 24 йилга озодликдан маҳрум этилди ва 16,8 млн доллар жаримага тортилди. 20 июль куни у давлат маблағларини талон-торож қилишда айбдор деб топилди ва жазо муддатига яна саккиз йил қўшилди.
2018 йил августда Сеул апелляцион суди жазо муддатини ўзгартирди — Пак Кин Хе 25 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва 17,8 млн доллар миқдорида жарима тўлашга ҳукм қилинди. У қамоқдан 2039 йилда, 87 ёшида чиқади.
Мисрнинг 5-президенти Муҳаммад Мурсий
Президентлик даври: 2012-2013
Муҳаммад Мурсий 2013 йилдаги тартибсизликлардан сўнг президентликдан четлаштирилганди. 26 июлда Мурсий қамоққа олинди. У қамоқхонага ўт қўйиш, қамоқхона ҳисоботларини йўқ қилиш, «ҲАМАС» ҳаракати билан ҳамкорлик қилиш, маҳбуслар, полициячи ва аскарларни ўлдириш ҳамда одам ўғирлашда айбланди.
2015 йил 21 апрелда Муҳаммад Мурсий 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 16 май куни Мурсий ва унинг ўн олти нафар тарафдори ўлим жазосига ҳукм қилинди. 2016 йил 18 июнда халқаро ҳамжамият босими остида суд ўлим жазосини бекор қилди ва Мурсий бир умрга озодликдан маҳрум этилди. Мурсий 2019 йил 17 июнда юрак хуружидан вафот этди.
Мисрнинг 4-президенти Ҳусни Муборак
Президентлик даври: 1981-2011
2011 йил январда Мисрда Ҳусни Муборакнинг 30 йиллик ҳукмронлигига қарши намойишлар бошланди. 11 февраль куни Муборак истеъфога чиқди ва 13 апрелда ҳибсга олинди.
Ўша пайтдаги амалдаги президент Муҳаммад Мурсий суд қарорини бекор қилди ва ишни қайта кўриб чиқишни буюрди. 2013 йил 21 августда суд Ҳусни Муборакни озодликка чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Муборак 2014 йил 21 майда коррупцияда айбдор деб топилди ва уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ 29 ноябрда у оқланди. 2015 йил 9 майда Муборак президент саройи ва қароргоҳини таъмирлаш учун ажратилган 125 млн миср фунтини (14 млн доллар) ўзлаштиргани учун уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Муборакнинг фарзандлари Аъло ва Жамол айнан шу айблов билан тўрт йилга қамалди.
Муборак 2015 йил 13 майда озодликка чиқди. Ноябрда кассация суди ишни қайта кўриб чиқишни бошлади. 2016 йил 9 январда олий апелляция суди собиқ президентга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди.
Ҳусни Муборак 2020 йил 25 февралда вафот этди.
Перунинг 45-президенти Алберто Фухимори
Президентлик даври: 1990-2000
2007 йил 11 декабрда Перу олий суди Алберто Фухиморини мансабини суиистеъмол қилганлиги учун олти йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва 92 минг доллар жарима тўлашга ҳукм қилди. 2009 йил 7 апрелда у 1990-йилларда 25 кишини ўлдиришга жавобгар бўлган «ўлим эскадронлари»ни ташкил этишда айбланиб 25 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
2009 йил июлда Фухимори 15 млн доллар пора олгани учун 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди, 2009 йил сентябрда эса телефондаги суҳбатларни ноқонуний равишда тинглашни ташкил этгани ва 2000 йилдаги сайловолди кампаниясида журналистлар, сиёсатчи ва бизнесменларни сотиб олиш учун бюджет маблағларидан фойдаланишда айбланиб яна олти йил қўшимча муддат олди.
2017 йил 24 декабрда Перу раҳбари Педро Кучински Фухиморини афв этди. 2018 йил 3 октябрда суд қарори билан афв бекор қилинди. Аммо тез орада Перу конгресси жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаб бўлган кекса ёшдаги маҳкумларни (Фухимори ўшанда 79 ёшда эди) уй қамоғига ўтказишга рухсат берувчи қонунни қабул қилди.