Жамият | 21:29 / 02.03.2021
5427
1 дақиқада ўқилади

Қўшработда СЭС биносини қуриш ва таъмирлашда талон-торожлик фош этилди

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида давлат санитария-эпидемиология назорати маркази биносини қуриш ва таъмирлаш давомида қурилиш корхонаси бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали катта миқдордаги маблағни талон-торож қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «O.S.» МЧЖ раҳбари ва бошқалар Қўшработ туманидаги давлат санитария-эпидемиология назорати маркази биносида амалга оширилган қурилиш ишлари бўйича ҳисоб-фактураларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 281,2 миллион сўм бюджет маблағини талон-торож қилгани аниқланган.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан «O.S.» МЧЖ раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид