Жаҳон | 23:37 / 11.03.2021
10985
2 дақиқада ўқилади

Хитойда Alibaba’га рекорд қийматдаги жарима солиниши мумкин - ОАВ

Хитойнинг антимонопол идоралари Alibaba компаниясига рекорд қийматдаги жарима солиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Фото: feelphoto / Shutterstock

The Wall Street Journal нашрининг вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, жарима қиймати 975 млн доллардан ошиши мумкин.

Бунгача Хитойда солинган рекорд жарима 975 млн долларни ташкил қилган ва уни 2015 йилда АҚШнинг Qualcomm компанияси Хитойнинг монополияга қарши қонунларини бузгани учун тўлаган. Ушбу жарима Хитой тарихидаги энг йирик жарима ҳисобланади.

Бундан ташқари, Alibaba унинг онлайн-платформасида маҳсулот сотувчи компаниялар билан эксклюзив шартномалар тузиш амалиётидан воз кечишига тўғри келиши мумкин. Мутасадди идораларнинг фикрича, компания шундай йўл билан ўз маҳсулотларини Alibaba’га рақобатчи платформаларда, жумладан JD.com’да сотган компанияларни фақат ўзи билан ишлашга мажбур қилган.   

Хитой расмий идоралари Alibaba’нинг онлайн-савдо билан боғланмаган бошқа активлари сотилиши имкониятини ҳам кўриб чиқишмоқда. Компания вакиллари WSJ’га изоҳ беришдан бош тортишган. Хитойнинг бозорни тартибга солиш бўйича давлат бошқармаси ҳам ушбу вазият бўйича мурожаатга жавоб бермаган.

2020 йил охирида Alibaba раҳбари Жек Ма Хитой молия идоралари фаолиятини танқид қилгандан кейин компания ва унинг шуъба корхонаси Ant Group мутасадди идоралар эътиборига тушганди. Жумладан, ноябрда Ant Group акцияларининг Шанҳай ва Ҳонгконг биржаларида илк сотувга чиқарилиши тўхтатилган ва Alibaba ортидан молиявий назорат кучайтирилган. Расмий маълумотларга кўра, IPO бекор қилинишига компания ҳукумат талабларига жавоб бермаслиги мумкинлиги сабаб бўлган.  

Alibaba Хитойнинг энг йирик онлайн-ретейлери ҳисобланади. 2020 йилда 780 млн киши компания платформалари орқали харид амалга оширган.

Мавзуга оид