Ўзбекистон | 14:00 / 20.03.2021
12976
4 дақиқада ўқилади

Қаршида «Ватанпарвар» боғи ишчилари ойлаб маош ололмаяпти. Бу биринчи мартаси эмас

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ойлиги 1 миллион сўмга ҳам етмайдиган боғ ходимларига маош тўлашни пайсалга соляпти. Ишчилар орасида оиласининг ёлғиз боқувчиси бўлганлар ҳам бор.

Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридаги «Ватанпарвар» боғининг ишчи-ходимлари икки ойдан буён маошларини ололмай келаётганини айтиб, мурожаат қилишди.

Kun.uz ижодий жамоаси ҳолатни ўрганиш мақсадида Қарши шаҳрида бўлди.

Қаршидаги бу боғ ўзига хос меъморий кўриниши, жойлашуви, ҳудуддаги ҳарбий техникалар, музейдаги осори-атиқалар ва умуман ватанпарварлик элементларининг кўплиги билан ҳам ажралиб туради. Боғдаги 20 дан ортиқ ишчиларнинг асосий қисмини фаррошлар ва боғ қаровчилар ташкил этади.

Масалан, Гавҳар Худойбердиева ўзининг фаррош бўлиб ишлашини маълум қилиб, рўзғорнинг кам-у кўсти асосан унинг маоши ҳисобига эканини айтиб ўтди. Ойлиги 850 минг сўм атрофида, турмуш ўртоғи ногирон бўлгани сабаб, ҳеч қаерда ишламайди.

Меҳри Ашурова ҳам ёлғиз она, фарзандлари улғайиб қолганини айтади.

Маълум бўлишича, ўтган йили ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. Яъни ишчилар 2020 йилнинг январ-март ойларида ишлаган ҳақини апрел ойида олишган. Маълум муддат ходимлар ишсиз ҳам қолганини айтмоқда.

Боғда ландшафт-дизайнер вазифасида ишлаб келаётган Обид Қобилов ойликларнинг кечикаётгани сабабини сўраб, раҳбариятга мурожаат қилинганини билдирди. Унинг айтишича, нафақат ишчи-ходимлар, балки боғ раҳбарлари ҳам ойлик олишмаётган экан.

Ходимлар муаммо нимадалигини тушунишмаётганини билдиришди.

«Ватанпарвар» боғининг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Жобир Ҳасановдан вазиятга изоҳ сўраганимизда, у ҳам ҳақиқатда нафақат оддий ишчилар, балки боғ маъмурияти ҳам ойлик маошини ололмай келаётганини айтиб ўтди. Ойликларнинг кечикаётгани вилоят ҳокимлигига ҳам маълум қилингани ва яқин орада муаммо ҳал бўлишига умид билдирди.

Қизиқ, айнан ҳар йилнинг бошида ишчиларнинг ойлиги нега кечикяпти? Умуман, боғнинг фаолият кўрсатиши, ишчи-ходимларнинг ойлик таъминоти билан қизиқдик.

«Ватанпарвар» боғини ташкил қилиш, у ерда ишчи-ходимлар штатини белгилаб, ойлик билан таъминлаш манбайи давлат раҳбарининг 2018 йил 13-14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида тайёрланган баённомада аксини топган. Ҳукумат вакиллари тасдиқлаган ҳужжатда боғ ва унинг ҳудудида музей қурилиши, жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бўлиши кўрсатилган. Боғнинг ўзи Мудофаа вазирлигининг жануби-ғарбий махсус округи балансига ўтказилиб, ишчи-ходимларнинг ойлик маоши маҳаллий бюджетдан қопланиши белгиланган.

Демак, саволга ўрин қолмади. «Ватанпарвар» боғи Мудофаа вазирлигига қарайди, ходимларнинг ойлиги вилоят ҳокимлиги томонидан ҳал этилади. Шундай экан, нега икки йилдан бери йил бошида ойликлар кечикиб кетяпти?

Биз мурожаатни ўрганаётган вақтда хизмат сафарида бўлиб турган Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов билан телефон орқали боғландик. Унинг айтишича, вазиятдан вилоят ҳокими ҳам хабардор. Содиқов яқин бир ҳафталар ичида ишчиларнинг маоши тўлаб берилишига ишонч билдириб, Молия бошқармаси ҳам хабардор қилингани, маҳаллий бюджетнинг қолдиқ маблағларидан ойлик тўланишини айтди.

Ҳокимлик матбуот котиби 2020 йилнинг бошида ҳам худди шундай ҳолат кузатилганда, ишчилар ойликларини тушириб беришга ўзи бош бўлганини қўшимча қилди.

Бир ҳолатга эътибор қилдик. Боғ ишчиларининг ойлик маоши бир миллион сўмга ҳам етмайди. Аммо учинчи ой ўтяптики, улар ишини ташлаб кетгани йўқ. Ишга келмай қолган куни ҳам бўлмаган. Шундоқ ҳам жуда оз бўлган ойлик эса кечикяпти.

Ваҳоланки, биз суҳбатлашган ишчиларнинг аксарияти фақат шу маош ҳисобидан рўзғор тебратаётганини билдирди.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж учтаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид