Ўзбекистон | 16:46 / 20.03.2021
6420
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида «ақлли» газ ҳисоблагичлар ўрнатиш учун юзта гуруҳ ишламоқда

16 март ҳолатига кўра, Самарқанд шаҳридаги 21 436 хонадонга ақлли газ ҳисоблагичлари ўрнатилиб, уларнинг қарийб 20 мингтаси «BillingGaz» тизимига уланди.

Янги турдаги ҳисоблагичлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4840-сонли қарорига асосан ўрнатилмоқда.

Айни кунларда Самарқанд шаҳридаги аҳоли хонадонларига электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари кенгаймоқда.

Шаҳардаги 69 та маҳаллага электрон ҳисоблагич ўрнатиш учун 100 га яқин гуруҳ жалб этилган. Жумладан, Хўжағунжойиш маҳалласида 570 та, Халифа Иброҳим маҳалласида 180 та, Ғиёсиддин Жамшид маҳалласида 190 та, Тошкандий-2 маҳалласида 150 дан ортиқ аҳоли хонадонларига ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинди.

«Тошкент» МФЙ раиси Алишер Қурбоновга кўра, коммунал соҳада рақамлаштиришнинг жорий этилишини маҳалла аҳли қўллаб-қувватламоқда. Чунки бу тизимда қарз юзасидан чалкашлик бўлмайди. Назоратчи қарзни «қистаб» келишига ҳожат йўқ. Тўлов аниқ истеъмол қилинган газга қараб амалга оширилади. Маҳалла аҳли ичимлик сувини ҳам онлайн назоратини ишлаб чиқиш керак, деган таклифни илгари сурган.

«Samarqandshahargaz» газ таъминоти бўлими бошлиғи ўринбосари Мусурмон Жалматовнинг айтишича, мазкур янгиликнинг тўлиқ жорий этилиши аҳолини газ билан таъминлашни сезиларли даражада оширади. Чунки аниқ ҳисоб-китоб тизими истеъмолчиларда газ сарфлаш масъулиятини оширади.

«Ҳисоблагич ўрнатилган истеъмолчилар тўловларни ўз вақтида амалга оширишни одат қилмоқда. Кейинчалик ҳисоблагич аҳолини табиий газдан тежаб фойдаланишга ўрнатади. Бу билан табиий газ етиб бормайдиган хонадонларга газ етказиб бериш имконияти туғилади», – дейди у.

«Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали
Матбуот хизмати

Мавзуга оид