Ўзбекистон | 09:58 / 30.03.2021
21945
2 дақиқада ўқилади

Монополияга қарши курашиш қўмитасига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли қарори билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари вазифасида ишлаб келган Шоҳрух Шотурғунович Шораҳметов Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси этиб тайинланди. Бу ҳақдаги маълумотни ССВ матбуот хизмати ва қўмита матбуот хизмати Kun.uz’га тасдиқлади.

Ш.Шораҳметов 1977 йилда туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 1999 йилда эса Буюк Британиянинг Эксетер университетини иқтисод, молия ва инвестициялар мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Ўз фаолиятини Давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази етакчи мутахассиси вазифасидан бошлаган Ш.Шораҳметов турли йилларда Иқтисодиёт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси каби ташкилотларда масъул лавозимларда фаолият кўрсатган. 

У 2019-2020 йилларда Молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020 йил ёзидан буён Соғлиқни сақлаш вазирининг молиявий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитасига 2019 йил январидан буён раҳбарлик қилган Нажмиддинхўжа Шарипов 2021 йил мартида Тошкент вилояти ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ўтказилди.

Мавзуга оид