АҚШ бозори Байден иқтисодиёт бўйича режасини тақдим қилгандан кейин рекорд ўрнатди
АҚШдаги йирик компанияларнинг акцияларини кузатувчи S&P 500 индекси тарихда биринчи марта 4 минг пунктдан ошди. Ушбу рекорд кўрсаткич президент Жо Байден мамлакат иқтисодиётини қутқариш бўйича 2 трлн долларлик режасини тақдим қилгандан кейин юз берди.
Нью-Йорк биржаси маълумотларига кўра, индекс соат 18га келиб 32 пунктга ўсиб, 4004,92 пунктга етган. Бошқа индекслар ҳам ўсган: Dow Jones 58 пунктга, Nasdaq 230 пунктга. Технологик компаниялар орасида энг катта ўсишни (2 фоиздан кўпроқ) Facebook ва Alphabet қайд қилган.
Бозордаги бундай ўсиш Байден иқтисодиёт бўйича режасини тақдим қилгандан кейин юз берган. Ушбу режа транспорт инфратузилмасини модернизациялашга 621 млрд доллар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлашга 400 млрд доллар, саноат тармоғини қўллаб-қувватлашга 300 млрд доллар ажратилишини кўзда тутади. Бундан ташқари, 213 млрд доллар арзон уй-жой қурилишига, 100 млрд доллар кенг полосали алоқа тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилади.
Март бошида АҚШ конгресси мамлакат иқтисодиётини жонлантиришга қаратилган 1,9 трлн долларлик чоралар пакетини тасдиқлаганди. Унга кўра, АҚШдаги барча ишловчи оилаларга 1,4 минг доллардан берилади, ишсизлик бўйича ҳафталик нафақа эса 400 долларга оширилади.