Жамият | 14:00 / 01.04.2021
15448
6 дақиқада ўқилади

Тўрт хорижий мамлакат ва «катта тўртлик»даги 24 йил — халқаро консалтинг компаниясининг ўзбекистонлик солиқ директори билан суҳбат

Нуфузли халқаро ташкилотларда масъул лавозимларда ишловчи ватандошларимиз талайгина. Биз Бирлашган Араб Амирликларига сафаримиз давомида дунёдаги энг йирик аудит-консалтинг компанияларидан бири – KPMGда фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Музаффар Салаев билан суҳбатлашдик.

Музаффар Салаев айни пайтда KPMGнинг БААдаги офиси Солиқ ва инвестициялар бўлими раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда.

Ҳамюртимиз 1997 йилдан буён солиқ, аудит ва молиявий консалтинг соҳасидаги халқаро компанияларда ишлаб келмоқда. Нолинчи йиллар бошларидан Россия, Хитой, Қатар каби давлатларда ҳам яшаган.

Ўзининг ҳикоя қилишича, барчаси инглиз тилига қизиқиши ва халқаро компанияда ишлаш истагидан бошланган.

Талабанинг халқаро компанияда ишлаш истаги

— 1997 йилда, Тошкентдаги Дипломатия университетининг сўнгги босқичида ўқирдим. Инглиз тилини билишим сабабли чет эл компаниясида ишлаб кўриш хоҳиши уйғонган. Ўша пайтлари Тошкентда чет эл фирмалари анча кам эди, аммо биз инглиз тилига қизиққанимиз ва Дипломатияда ўқишимиз сабаб, университетимизга чет эл компаниялари вакиллари тез-тез келиб туришарди.

Аудит йўналишида жаҳонда тўртта энг йирик компания бор – Deloitte, Ernst & Young, KPMG ва PricewaterhouseCoopers. Шулардан бири – Deloitte вакиллари ўқишимизга келгач, ишлаб кўриш хоҳишим борлигини айтганман. Нуфузли, яхши маош тўлайдиган, халқаро компания экани ўзига тортган.

У пайтлари иш қидириш учун ҳозиргидек онлайн платформалар ҳам, интернет ҳам йўқ эди. Ишга олишларини сўраб, ўзим мурожаат қилганман. «Майли, солиқ бўлимида бўш ўрин бор, ишлаб кўр», дейишган. Албатта, ўша вақтлари солиқ, аудит кабиларни яхши билмасдим.

«Бу соҳага кирганларнинг кўпи 2-3 йилда ишни ташлаб кетади»

— Солиқ, аудит, молиявий консалтинг соҳаси осон эмас, янги ишга кирганларнинг кўпи узоқ вақт ишламай, 2-3 йилда бошқа соҳага ўтиб кетишади. Айниқса ҳозирги ёшларнинг тоқати етмайди: эрталабдан кечгача ишлаш керак.

Мен учун эса бу соҳа жуда қизиқ. Дўстларим бор, шу соҳада ишлаб, кейин хусусий бизнес бошлашган; албатта, уларда қулайлик кўпроқ: ўз вақтларини ўзлари назорат қилишади. Бизда эса соат 9дан 18гача, айрим пайтларда эса кечаси соат 22гача ҳам ишлаймиз.

Ишим ўзимга қизиқ: айнан менинг бўлимимда деярли ҳар куни ҳар хил компаниялар билан ишлаймиз. Бир куни автомобиль ишлаб чиқарувчи компания билан, эртасига нефть соҳасидаги компания билан, индинига эса савдо дўконлари...

Айнан нима билан шуғулланишимга тўхталсам, айтайлик, бирор чет эл компанияси Ўзбекистонга кирмоқчи, инвестиция киритмоқчи, лекин Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билмайди. Биз уларга консалтинг хизматларини кўрсатамиз: Ўзбекистондаги шарт-шароит, қонунчилик, солиқлар... Инвестор тўлиқ ва тўғри ахборотга эга бўлиши, рискларни билиши керак. Биз компанияларга бирор мамлакатда бизнес очиш бўйича оптимал вариантларни таклиф қиламиз.

«Тез-тез турли мамлакатларга кўчиш айниқса болаларга қийинчилик туғдиради»

— Ишим сабабли 2003 йилда Москвага кўчиб ўтдик, у ерда 11 йил яшадик. Кейин Хитойга ишга ўтдим. Кейинчалик Қатарда, PwC'нинг Доҳадаги офисида икки йил фаолият юритдим. Инвестицияни ўрганиш учун, хизмат сафарлари билан бошқа давлатларга ҳам борганман.

Турли давлатларда ишлаш, тез-тез яшаш жойини ўзгартириб туриш айниқса болаларга қийинчилик туғдиради. Фарзандларим биринчи синфга Москвадаги мактабга боришган, кейин у ердан Хитойга кўчганмиз. Менга-ку осон, чунки муҳит ўзгаргани билан, ўша-ўша фирма, ўша-ўша иш; болаларга эса қийин, янги мактабга бориш, янги дўстлар орттириш...

Болалар турли давлатларда яшаши бир тарафдан уларга қийин бўлса, иккинчи тарафдан келажаклари учун бу фойда. Кўп нарса ўрганишади, бошқа менталитет вакиллари билан қандай мулоқот қилишни билади.

«БАА – умрбод яшаб қоладиган мамлакат эмас»

— Агар ишим шу ерда бўлмаганида, яшаш учун БААни танлармидим? Қийин савол. БААда бир жиҳати борки, қанча узоқ вақт яшашингдан қатъи назар, чет эллик бўлиб қолаверасан. 20 йил яшасанг ҳам виза олиб яшашинг керак. Шунинг учун бу мамлакат бутун умр яшайдиган жой эмас, деб ўйлайман. Узоғи 10-15 йил, ўз бизнесингни қуриб, фарзандлар тарбиялаш учун яхши жой.

Бу ерга келганимизнинг биринчи сабаби – хавфсизлик. Ўзим эмас, кўпроқ болаларимнинг хавфсизлигини ўйлаганман. Болаларим кечаси соат 23да ҳам бемалол дўконга чиқиб кела олади.

Иккинчи фактор – бу ерда ишлашнинг ўзи қизиқарли. Амирликларда юздан ортиқ мамлакатлардан келган одамлар яшайди. Маданиятлар ранг-баранглиги бор.

Учинчидан, БАА – тез ўсаётган иқтисодиёт. Ўсиш динамикаси жуда катта. Жуда кўп халқаро компаниялар бутун минтақа бўйича бизнесларини биринчи бўлиб шу ерда очган. Масалан, Саудия Арабистони ва Баҳрайн бозорига кирмоқчи бўлса ҳам, биринчи офисни Дубайда очади. Чунки инфраструктура бор, виза олиш осонроқ.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Тўлиқ суҳбатни видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид