Жамият | 14:54 / 03.04.2021
2535
2 дақиқада ўқилади

Булунғурлик ота фарзандининг алименти учун 200 миллион сўм тўлаб берди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида ота бир нафар фарзандининг алименти учун 200 миллион сўм тўлаб берган. Бу ҳақда МИБ Булунғур тумани хабар бермоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди қарори билан фуқаро Х.Б.дан ундирувчи Д.Н. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириб бориш белгиланган. Аммо фуқаро Х.Б. анчадан бери алимент тўловларини тўламасдан келган.

Мазкур ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Булунғур туман бўлими томонидан ижро иши юритилган. Бўлим ходимлари қарздор Х.Б. билан тушунтириш ишлари ўтказган.

Бундан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзанди таъминоти учун, у вояга етгунига қадар бўлган муддат учун ҳисобланган 200 миллион сўмни тўлаб берган.

Қайд этилишича, мазкур суд ҳужжати ундирувчининг аризаси билан қонуннинг 40-моддаси 1-бандига асосан тамомланган.

Мавзуга оид