Жамият | 13:49 / 06.04.2021
18948
4 дақиқада ўқилади

Ажримлар сони кўп бўлган ҳудудлар маълум қилинди

2021 йилнинг январь-март ойларида ҳудудлар кесимида энг кўп ажримлар сони Тошкент шаҳрида қайд қилинган. Республика бўйича ажримлар сони жорий йилнинг дастлабки 3 ойи давомида 15,4 фоизга кўпайган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-март ойларида республика бўйича 9213та ажрим ҳолати қайд этилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2020 йилнинг январь-март ойларида 7,8 мингтани ташкил этган. Кўриниб турибдики, республика бўйича ажримлар сони жорий йилнинг дастлабки 3 ойи давомида 15,4 фоизга кўпайган.

Шунингдек, 2021 йилнинг январь-март ойларида республика бўйича 59 минг 754та никоҳ ҳолати қайд этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 минг 243тага кўп. 

Январь-март ойларида ҳудудлар кесимида энг кўп ажримлар сони Тошкент шаҳри (1 331та), Фарғона (999та), Андижон (995та) ва Тошкент (946та) вилоятларида кузатилган.

2021 йил январь-март ойларида энг кам никоҳдан ажрашиш ҳолатлари Қорақалпоғистон Республикаси (288та), Навоий (289та), Сирдарё (298та) ва Жиззах (337та) вилоятларида қайд қилинган.

Ажримлар оқибатида жамиятга етадиган зарарлар ҳақида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ажрашган аёлларнинг аксариятида қуйидаги муаммолар юзага келган:

Биринчидан, турар жой муаммоси пайдо бўлади. Бола билан ота-онасиникида яшаш қийин. Ижара нархи эса қиммат. Тўланган алимент бу пулнинг ярмини ҳам қопламайди.

Иккинчидан, фарзандлар ота меҳрига зор бўлиб ўсади. Сўровномада қатнашган 51 нафар аёлнинг 44 нафарида жами 70 нафар бола бор ва улардан 99 фоизи отаси билан умуман кўришмаслиги маълум бўлган. Биргина 2019 йилда 31 389та оила ажрашгани ҳисобга олинса, бундай болалар сонини тахмин қилиш мумкин. Маълум бўлишича, эркаклар нафақат боладан хабар олмайди, балки турли баҳоналар билан алимент тўламасликка ҳаракат қилади.

Учинчидан, ажрашган аёлларга жамиятда нотўғри кўз билан қаралади: интим муносабатлар таклиф этилади, ижарага қўйишни хоҳлашмайди.

Респондентлар ажримларга собиқ турмуш ўртоғининг рўзғор бошқаришда масъулиятсизлиги, мустақил фикри йўқлиги, оилага бошқаларнинг аралашуви (қайнана, қайнсингиллар), эркакнинг ёмон иллатларга ружу қўйгани, оилада аёлга қулдай муносабатда бўлишлари, хиёнат каби омилларни сабаб қилиб келтирган.

 Маълумот учун, 2020 йилда республикада 28,2 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилган. Ўтган йил давомида энг кўп оилавий ажримлар Тошкент шаҳри, Сирдарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида қайд этилган. Таъкидланишича, 2020 йилда кузатилган жами оилавий ажримларнинг ярмида эр-хотин ўртасида фарзанд бўлмаган, ажрашган оилаларнинг 29,3 фоизида битта фарзанд ҳамда 20,6 фоизида икки ва ундан ортиқ фарзанд бўлган.

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилгани ҳақида маълумот берилганди.

Шунингдек, 2020 йил 9 декабрь куни Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида оилавий ажримларнинг олдини олиш, фарзанд таълим-тарбиясида ота-она масъулиятини ошириш, алимент тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинганди.

Президент Шавкат Мирзиёев халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида «Қани эди юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса, оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса...», деб ёшларни турмуш масаласига жиддий қарашга чақирган эди.

Мавзуга оид