Ўзбекистон | 20:06 / 06.04.2021
24380
4 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича жами 5 кишига ҳукм ўқилди

Тўрт ой давом этган суд якунида Йўлдошевага 4 йил, шифохона реаниматологига 3,5 йил, инфекционист шифокорга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Яна икки судланувчи 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

5 апрель куни жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси собиқ бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳукми билан, Гулжаҳон Йўлдошева Жиноят кодексининг:

  • 167-моддаси 2-қисми «а, б, в, г» бандлари (растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 207-моддаси 3-қисми «а» банди (мансабга совуққонлик билан қараш);
  • 209-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб сохтакорлиги)да назарда тутилган жиноятларни содир этган деб топилди.
7Zd_QsOlk5T54SpYadzWrRh_dg-91unn.jpg (1000×650)
Гулжаҳон Йўлдошева

Шифокор, шунингдек, ЖКнинг 25,167-моддаси 3-қисми «а» банди билан ҳам айбланган эди, аммо у ушбу айблов бўйича суд томонидан ЖПКнинг 83-моддаси 1-қисмига асосан реабилитация қилинди.

Йўлдошева 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатиладиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Унга нисбатан соат 22:00дан 06:00гача яшаш жойини тарк этмаслик, рухсатсиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби чекловлар киритилди.

NMJ7B3zluPTt_dKd5nbP-LhxnVNXmvW-.jpg (1000×650)
Шейхназар Рўзметов

Суд ҳукми билан, судланувчи Шейхназар Рўзметов (шифохонанинг собиқ инфекционист шифокори) ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми, 228-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари, 228-моддаси 3 қисмида назарда тутилган жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилди.

Ш.Рўзметов тайинланган жазоларни қисман кўшиш йўли билан 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Ш.Рўзметов 2020 йил 4 октябрда ушланиб, 2020 йил 22 октябрга қадар қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўлланилганини инобатга олиб, тайинланган озодликни чеклаш жазоси муддатидан 18 кунни чегириб, ўташ учун унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил 11 ой 12 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

_CpwGgUv4HeV_Obcjkrx1rmFcPwPbC6H.jpg (1000×650)
Жаҳонгир Зиёдуллаев

Судланувчи Жаҳонгир Зиёдуллаев (шифохона собиқ реаниматологи) ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми, 28,228-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Ж.Зиёдуллаевга ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми билан эълон қилинган айблов ўз тасдиғини топмагани сабабли у мазкур модда бўйича ЖПКнинг 83-моддаси 3-қисмига асосан реабилитация қилинди.

Тайинланган жазоларни қисман кўшиш йўли билан Жаҳонгир Зиядуллаевга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Яна бир судланувчи Алишер Дадаматов ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «б, в, г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга нисбатан ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

А.Дадаматов ЖКнинг 25,167-моддаси 3-қисми «а» банди билан ҳам айбланган, аммо ушбу айблов бўйича суд томонидан ЖПКнинг 83-моддаси 1-қисмига асосан реабилитация қилинди.

Жанар Акимова ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «б, в, г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга нисбатан ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Шунинг билан суд иши ёпиқ деб эълон қилинди.

Мавзуга оид