Ўзбекистон | 17:23 / 09.04.2021
5439
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонлик метролог мутахассислар Ўзбекистонда малака оширишмоқда

“Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон миллий метрология институтида (ЎзММИ) Германия Федерал физика-техника институтининг (PTB) “Марказий Осиё давлатларида сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси асосида 4 нафар тожикистонлик метрологлар малака оширишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019-2022 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳада Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатларининг мутахассислари иштирок этмоқдалар. Лойиҳа стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш ва аккредитация тизимларини ривожлантиришга хизмат қилади. 

Лойиҳа доирасида “Тожикстандарт” агентлигидаги метрология лабораторияларининг мутахассислари Ўзбекистон миллий метрология институтида янги ташкил этилган калибрлаш ва эталон лабораторияларида ўқув амалий семинар асосида малака оширишмоқда. Бунда ЎзММИнинг чет элда малака ошириб қайтган метрологлари, ҳамкасб мутахассислари билан тарози ва термометрларни халқаро методлар асосида калибрлаш юзасидан тажриба алмашишди, билим ва кўникмаларини улашишмоқда. 

Бу ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “Тожикстандарт” агентлигида янги калибрлаш хизматларини жорий этиш ва лабораторияларни халқаро аккредитацияга тайёрлашдан иборат. 

Бундан ташқари, уларда қўлланиладиган юқори аниқликдаги намунали ўлчаш воситалари ЎзММИ томонидан калибрлашдан ўтказилади, натижада ўлчашларнинг халқаро эталонларгача бўлган кузатилувчанлиги таъминланади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида Ўзбекистон миллий метрология институтининг калибрлаш лабораториялари Туркиянинг аккредитатлаш агентлиги (TÜRKAK) томонидан халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди. Бунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон миллий метрология институтининг масса, босим ва ҳарорат катталиклари бўйича кўрсатиладиган калибрлаш лабораторияларининг далолатнома ва хулосалари Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ташкилот (ILAC) доирасида 60 дан ортиқ давлатларда тан олинади.

Ўзбекистон миллий метрология институти матбуот хизмати

Мавзуга оид