Ўзбекистон | 12:19 / 03.06.2021
14278
3 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» агентлиги тугатилиб, ўрнига янги агентлик ташкил этилмоқда

«Ўзстандарт» агентлиги тугатилиб, унинг функциялари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги янги Агентлик назоратига ўтмоқда.

«Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони эълон қилинди.

Унга кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилади.

Қайт этилишича, 2021 йил 1 сентябрдан айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади. Бунда, мувофиқликни декларациялаш техник регламент талаблари асосида маҳсулотнинг тўлиқ синовлари ўтказилгандан сўнг ижобий синов натижаларига кўра тузиладиган синов баённомалари асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади.

2021 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилувчиларга қулайлик яратиш ҳамда ички бозорга сифатли ва хавфсиз маҳсулотларнинг кириб келишини таъминлаш мақсадида:

  • хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади. Бунда ушбу маҳсулотлар божхона ҳудудига келишидан камида 15 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштирилиши шарт.
  • хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида бир марта расмийлаштирган ҳолда йигирма тўрт ой давомида импорт қилишга рухсат этилади. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2021 йил 1 июлга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни қабул қилиш тартибини халқаро талаблар асосида соддалаштириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши белгиланди.

Шунингдек, маҳсулотнинг хорижий давлатларнинг стандартларига мувофиқлигини баҳолаш учун хорижий давлатлар стандартларининг Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинмайди.

Шу билан бир қаторда, «Ўзстандарт» агентлиги тугатилади.

Мавзуга оид