Ўзбекистон | 12:57 / 11.04.2021
13020
6 дақиқада ўқилади

«Судлар ҳокимларни ҳам кечириб ўтирмаяпти» - Наманган вилояти ҳокими

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Kun.uz билан суҳбатда сектор усулида ишлаш, судлар мустақиллиги ва бошқа мавзулар ҳақида сўз юритди.

Сектор бўлиб ишлаш ҳақида

Сектор бўлиб ишлаш ҳақида фикрим шуки, бу қулай усул. Чунки бунда бир ҳоким бажарадиган ишни тўрт киши бажаради ва бу билан ишларни тезлаштириш имконияти пайдо бўлади. Дейлик, мен ўз секторим сифатида шаҳарда ишласам, ички ишлар вакили Поп, Косонсой туманларида, прокуроримиз Наманган, Тўрақўрғон туманларида, солиқчимиз Уйчи туманида ишчи ўринлари яратиш ва бошқа масалаларда иш олиб боради.

Секторларнинг асосий вазифалари аҳоли муаммоларини бартараф қилиш, янги ишчи ўринлари яратиш. Бу билан жиноятчиликнинг олди олинади, ахир бу профилактика-ку. Ички ишлар ва прокурорга бевосита тааллуқли ишлар бу. Ишчи ўрни кўпайса, тадбиркорлик ривожланса, солиқ базаси ҳам ошади, бюджетга тушумлар ошади, демак, солиқчига ҳам бевосита тааллуқли. Сектор тизими жуда муҳим.

У ерда ётиб олишнинг кераги йўқ. Кунига икки соат вақт ажратса ва вазиятни ўрганиб, менга ахборот берса, мен ҳам хабардор бўламан, муаммолар тезроқ ечимини топади. Ҳа, банк ходимлари уйма-уй юришади, лекин ҳозир юриш керак. Кейин ўтириш учун ҳозир юриш керак. Юрмасак, кўзларимиз билан кўрмасак, мана шу ташландиқ жойларнинг аҳволини билармидик? Келдик, кўрдик, кенгашдик ва ободонлаштиряпмиз.

Судлар ҳақида

Суд йўналишида ислоҳотлар давом этяпти. Яқинда алоҳида фармон билан судларни ягона тизимга ўтказиш масаласи кўтарилди. Бунда аҳолини қийнаётган муаммолар, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масаласи турибди. Судларнинг ҳисобдорлиги ҳам ошяпти. Халқ депутатлари кенгашларида ҳам эшитяпмиз. Олдин судьяларни ҳеч ким кўролмасди ҳам, гаплашолмасди ҳам, одамлар йиллаб судлар эшиклари тагида ўтиришарди. Ҳозир улар анча очиқ, сайёр судлар ҳам ўтказиляпти. Албатта, бу бутун дунёда долзарб мавзу. Амалдорлар ҳам иши судга етиб борса, қочиб қутулолмайди, аввал бундай ҳолатлар учрамасди. Айниқса маъмурий судларда ҳокимларни ҳам кечириб ўтиришмаяпти. Уларнинг қарорларини бекор қилиб юборишяпти судьялар. Тадбиркор ҳақ бўлса, суд у томон.

Онгли амалдор суднинг ишига аралашмайди, айниқса ишда ўзи иштирокчи бўлса. Суд Ўзбекистон Республикаси номидан гапирадиган инстанция. Муаммолар бор, бунинг сабабларидан бири иш ҳажмининг кўплигидан ҳам. Аста-секин тўсиқлар йўқотилмоқда, мурожаатлар ҳам 4-5 йил аввалгига қараганда 10-20 баробар кўпайган.

Бюджет маблағлари назорати ҳақида

Бюджет маблағларини назорат қилиш масаласи жуда долзарб. Ҳокимнинг бир ўзи буни назорат қилиши қийин. Буни юз фоиз назорат қиламан, десам, нотўғри гапирган бўламан. Шу ўринда жамоавий ишлаш юзага чиқади. Ўринбосарларни танлаш, кадрларни жой-жойига қўйиш шу ўринда кўринади, қўл келади. Қолаверса, интернетдаги изоҳларни ҳам ўқиб, керакли маълумотларни олиб турамиз.

Футбол ҳақида

— Футболга оилавий қизиқамиз. Ўзим ҳам ҳар якшанба тўп тепиб тураман. «Навбаҳор» бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг ишдан бўшатилиши кўпчилик наздида шошилинч қарор, дейиляпти. Аммо, айтишим керакки, бу 1-турдан кейинги қарор эмас. Бу йиғилиб келган муаммо – жамоада ички муҳит борасида муаммолар борлиги кўзга ташланиб қолганди. Бу кейинги ўйинларга таъсир қилиши мумкин эди ва биз тезкор қарор қабул қилдик. Виктор Жалилов тажрибали мураббий. У ёшлар билан ишлашда, стратегик фикрлашда ўзини яхши томондан кўрсатган. Биз ўзаро суҳбатда кўп масалаларни гаплашдик. Ўйлайманки, биз тўғри қарорга келганмиз. «Навбаҳор» ўйинлари турдан турга очиляпти.

Бизнинг кучли томонимиз – мухлисларимиз. Исталган сафар ўйинида уйдагидек муҳит яратиб бера олишади. Азиз Турғунбоев каби етакчи футболчининг сотилишига бошқа томондан ҳам қараб кўрайлик. Биз уни 2,5 млрд сўмга трансфер қилдик. Бу «Навбаҳор» тарихидаги энг йирик трансфер. Унинг сотилиши орқали бошқа ёш иқтидорларга йўл очилади. Аббос Ғуломов, Шоҳрух Маҳмудҳожиев каби ёшларда асосий таркибдан ўрин олиш имконияти юқори бўлади. Жамоа ёшларга таяниб, уларни ривожлантириб, яна сотиши мумкин. Унинг ҳисобига футболни бизнесга айлантирамиз, биз ҳам футболни янги даражага олиб чиқиш, давлат қарамоғида ўтирмайдиган жамоа қилиш ниятидамиз.

Дотациядаги футбол токайгача? Футболни хусусийлаштиришга чамаси икки йил вақт керак. Турли ташкилотлардан маблағ олмаяпмиз бу йилдан бошлаб. Футболга қизиқадиган тадбиркорлар жамоага ёрдам беришади. Клуб таъсисчиси - ҳокимлик. Бюджетдан ҳам озгина қўллаб-қувватламасак бўлмайди. Кейинги йиллардан ўзини ўзи тортиб кетса керак. 2,5 млрд сўмлик трансфердан яна 3-4та амалга оширсак, мана шу мақсадга етамиз.

Келишилган ўйинларда иштирок этган мураббийми, футболчими ё бошқа ходимми, огоҳлантириш керак. Яна бу ишни қайтарса, албатта, уларни футболдан четлаштириш, улардан воз кечиш керак. ВАР тизими футболга ёрдам беради. Бу тизим келишилган ўйинларга, ҳакамларнинг бирор жамоага ён босишига барҳам беряпти. Бундан буён футбол одамлари ҳушёр бўлишади.

Тўлиқ видео:

Мавзуга оид