Ўзбекистон | 20:04 / 12.04.2021
12076
3 дақиқада ўқилади

МИБнинг Қорақалпоғистон бошқармаси ходимлари номидан Бош прокурорга шикоят йўлланган. Ҳолатни марказий аппарат ўрганмоқда

Ижтимоий тармоқларда МИБ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари томонидан бошқармадаги бир қатор салбий ҳолатлардан шикоят қилиб Жўқорғи Кенгес бошлиғи Мурат Камалов ва Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга ариза ёзилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу ходимлар бошқармада таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, коррупция ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўпайганидан норозилик билдирган. Жумладан, айрим туман бўлим бошлиқларининг прокуратурадаги танишларига ишониб ишга хоҳласа келиб, хоҳласа келмаслиги, иш вақтида алкогол ичимликлар истеъмол қилиши, интизомий жазо олган ҳолда танишнинг кучи билан мартаба даражалари олгани иддао қилинади. Бошқарма ходимлари юқоридагилари Бош прокурордан шахсан ўзининг назорати остида текширув ўтказишни ва тизимни «тозалаш»ни илтимос қилган.

Kun.uz ушбу хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов билан боғланди. Унинг маълум қилишича, ростдан ҳам бюрога Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари номидан мурожаат келган, аммо унда аризачиларнинг шахси келтирилмаган.

Фаррух Тошпўлатовнинг сўзларига кўра, мурожаатда номи кўрсатилган бўлим бошлиқларининг деярли барчаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги собиқ Суд департаменти давридан буён самарали меҳнат қилиб, хизмат бурчини виждонан, намунали бажариб, ўз ишчанлиги билан хизмат поғоналарида юқорилаб келаётган ходимлар ҳисобланади.

«Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг 2018 йил 6 ноябрдаги 528-сонли буйруғи билан тасдиқланган ички меҳнат тартиб қоидаларига асосан, бошқарма ҳамда туман (шаҳар) бўлимларида хизмат қилаётган ходимларнинг иш вақти соат 09:00дан 18:00га қадар давом этиши ва белгиланган вақтдан ташқари ишлашига, шунингдек, шанба ва якшанба кунлари ишга чиқишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Мазкур ички меҳнат тартиб қоидалари билан амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ Бюрода хизмат қилувчи ҳар бир ходим имзо қўйдирилган ҳолда таништирилган.

Бундан ташқари, Бюро органларида хизматни ўташ тўғрисидаги Низомда ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган Бюро ходимларининг, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, биргаликда хизмат қилишлари тақиқланиши қатъий белгиланган», – дейди Фаррух Тошпўлатов.

МИБ расмийсининг қўшимча қилишича, ҳозирда бюронинг марказий аппарати масъул ходимлари томонидан мурожаатда келтирилган ҳар бир важ бўйича ўрганиш ишлари бошланган ва натижаси ҳақида маълум қилинади.

Мавзуга оид