Жамият | 08:55 / 13.04.2021
9076
2 дақиқада ўқилади

Навоийда икки кунда 4 киши автоҳалокатдан вафот этди

10 апрель куни Хатирчи, 11 апрель куни эса Навбаҳор туманида содир бўлган аянчли автоҳалокатлар оқибатида 2 киши воқеа жойида, 2 киши шифохонада ҳаётдан кўз юмди.
 
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Фарруҳ Якубовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, фуқаро З.Ҳ. 11 апрель куни ўзига тегишли бўлган «Nexia-3» автомашинасида Нурота туманидан қайтаётган бўлган. Соат 18:20 ларда Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтган 4Р-57 автомобиль йўлининг 22-23 километрлари оралиғида у бошқарувни йўқотган ва машина йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган.

Оқибатда ҳайдовчи З.Ҳ. ҳамда йўловчиси Ж.Р. оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида, яна бир йўловчи У.Б. эса Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
 
Шунингдек, 10 апрель куни соат 20:30 ларда Хатирчи туманида ҳам оқибати ўлим билан тугаган автоҳалокат содир бўлган. Фуқаро Ф.З. «Nexia-3» машинасини туман ҳудудидан ўтувчи 4Р-48 автомобиль йўлида бошқариб бораётиб, йўл четида велосипедда ҳаракатланиб кетаётган С.Ф.ни уриб юборган. Оғир тан жароҳати олган велосипедчи туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
 
Аввалроқ Навбаҳор туманида маст пиёда автоҳалокат қурбонига айланганди.

Мавзуга оид