Жаҳон | 10:07 / 13.04.2021
4716
2 дақиқада ўқилади

Пентагонда коронавирусни аниқловчи микрочип ишлаб чиқилди 

Фото: pixabay.com

Пентагон мутахассислари организмда коронавирус аломатлари пайдо бўлгунча вирусни аниқловчи микрочип яратишди. Таъкидланишича, чип ёрдамида вирусни қонга тушганидан кейин 3-5 дақиқа ичида аниқлаш мумкин бўлади.  

Daily Mail нашрининг хабар беришича, АҚШ мудофаа вазирлигининг истиқболли тадқиқот лойиҳалари ҳарбий агентлиги вакиллари янги микрочип ишлаб чиқилганини маълум қилишган. Чип қон таркибини кузатишга имкон беради ва организмга коронавирус тушиши билан дарҳол бу ҳақида дарак беради.  

Ҳарбий инфекционист шифокор, истеъфодаги полковник Мэтт Хепберннинг тушунтиришича, қурилма матосимон гел кўринишида бўлиб, у тери остига ўрнатилгандан кейин қон таркибини доимий равишда текшириб туради. Коронавирус аниқланиши билан у бу ҳақида сигнал беради.  

“Сиз уни тери остига киритасиз ва у организмингиздаги кимёвий реакциялар ҳақида маълум қилади. Агар сигнал олсангиз, унда бунинг эртасигаёқ сизда коронавирус белгилари пайдо бўлиши мумкин”, деб айтган мутахассис. 

Хепберннинг таъкидлашича, чип ёрдамида организмда вирус борлиги ҳақидаги ахборотни у қонга тушгандан кейин 3-5 дақиқа ичида олиш мумкин. Шу тариқа, коронавирус бир зумда аниқланади ва бу даволаш самарадорлигини оширишга имкон беради. 

Мутахассиснинг таъкидлашича, Пентагон чип ёрдамида одамларнинг ҳаракатланиши ҳамда улар ҳақида бошқа бир маълумот тўплаш ниятида эмас. Таъкидланишича, қурилмани ишлаб чиқиш ишлари деярли якунланиб қолган. 

Мавзуга оид