Жаҳон | 07:56 / 13.11.2024
8250
4 дақиқада ўқилади

Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди

АҚШ Мудофаа вазирлигида Украинани қўллаб-қувватлаш учун яна 9,3 миллиард доллар бор. Пентагон вакили бу маблағларнинг барчаси ҳокимият Трамп жамоасига ўтишидан олдин ишлатилишига ишонтирди.

Фото : DoD / Lisa Ferdinando

Пентагон Россия Федерациясига қарши мудофаа урушини олиб бораётган Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган қолган пул миқдорига аниқлик киритди: у жами 9,3 миллиард доллар (тахминан 8,8 миллиард евро)ни ташкил этади. Бу ҳақда 12 ноябр, сешанба куни бўлиб ўтган матбуот брифингида АҚШ Мудофаа вазирлиги расмий вакили, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-майори Пэт Райдер маълум қилди. Пентагон матбуот котибининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар янги президентининг жамоаси мамлакатни бошқарувга олишидан олдин Қўшма Штатлар Украинага ёрдам бериш учун барча мавжуд воситаларни ишга солади.

Шундай қилиб, 7 миллиард доллардан кўпроқ маблаг Presidential Drawdown Authority дастурида қолди (апрел ойида Конгресс томонидан маъқулланган 4,3 ва қайта ҳисоб-китоб қилингандан кейин мавжуд бўлган 2,8), яна 2,2 миллиардга яқин маблағ USAI (Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси) дастурида мавжуд.

Райдернинг сўзларига кўра, АҚШ апрелдан октябр ойи ўрталарига қадар Украинага ваъда қилинган ўқ-дориларнинг 83 фоизини, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг 67 фоизини ва бошқа қуролларнинг 60 фоизини етказиб берган.

425 млн долларлик ёрдам пакети

1 ноябр куни Пентагон Киевга ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги транши ажратилишини эълон қилди. Бу АҚШ Мудофаа вазирлиги арсеналларидан Украинага 2021 йил август ойидан бери берилаётган ҳарбий ёрдамнинг 69-траншидир, дейилади хабарда ва унинг ҳажми 425 миллион долларга баҳоланганига аниқлик киритилган. Бу Украинага эҳтиёжлари учун қурол олиш имконини беради. Хусусан, гап ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ракеталари, артиллерия ва ЯЎРТ учун ўқ-дорилар, зирҳли транспорт воситалари ва танкка қарши қуроллар ҳақида кетяпти, деб хабар берди Пентагон. Булар янги харидлар эмас, балки Қўшма Штатларда арсеналларда сақланаётган қуроллардир.

Энг сўнгги ёрдам пакетига, шу жумладан, NASAMS зенит-ракета тизимлари учун ракеталар, Stinger кўчма зенит-ракета тизимлари учун ракеталар, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ўқ-дорилар, AT-4 танкка қарши граната отиш мосламалари, Javelin танкка қарши ракета тизимлари (ТҚРТ), TOW ТҚРТ учун ракеталар киради.

Украинага кейинги ҳарбий ёрдам сўроқ остида

10 ноябр куни АҚШ сайланган президентининг тўнғич ўғли кичик Доналд Трамп Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш доирасида Украинага ажратиладиган маблағ қисқариши ҳақида гапирди. У Instagramʼда видео жойлаштирди ва унда шундай деб ёзди: «POV (инглизчада Point of view, Тасаввур қил): 38 кундан кейин сен ўз нафақангдан маҳрум бўласан».

Видео Республикачилар партиясидан вице-президентликка собиқ номзод Сара Пейлин томонидан жойлаштирилган роликка асосланган. Ёзувда Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ёнида тургани акс этган. Камера Зеленскийнинг маъюс юзини яқинлаштиради, кадр оқ-қора рангга айланади, юқоридан доллар купюралари туша бошлайди, кейин эса кичик Трампнинг ёзуви пайдо бўлади.

17 декабр куни ўз штатларидаги сайловчилар коллегияси АҚШ президенти ва вице-президенти сайланишини тасдиқлайди.

Мавзуга оид