Жиззах вилояти ҳокими атрофидаги манфаатлар тўқнашуви: ҳолат прокуратурага оширилган
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг қизига тегишли компания 2020 йилда 4 миллиард сўмга яқин давлат буюртмасига эга чиққан. Жамоатчилик бундан хабар топгач, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги текширув бошлаганини эълон қилганди. Орадан деярли 4 ой ўтган бўлса-да, текширув натижалари маълум қилинмади.
Эргаш Солиевнинг ўғли ва укасига тегишли компаниялар вилоятдаги йирик лойиҳаларга эгалик қилаётгани ҳақидаги суриштирувга эса агентлик муносабат билдирмай келмоқда.
Kun.uz мухбири 15 апрел куни мазкур идора масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳолатлар юзасидан нима учун изоҳ берилмаётгани ҳақида сўради.
«Агентлигимиз томонидан манфаатлар тўқнашуви, тендерлар масаласида доимий равишда мониторинглар олиб бориляпти. Жиззах масаласи бўйича ҳам вакилларимиз жойига чиқиб ўрганишлар ўтказган. Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган.
Айнан Жиззах бўйича ўрганишлар қилиб, материалларни Бош прокуратурага берганмиз», – дея жавоб берди Аксилкоррупция агентлиги бошқарма бошлиғи Зуҳриддин Қодиров.
Мухбирнинг: «Нима учун агентлик вазир ва вилоятлар ҳокимларига тааллуқли масалаларга келганда секин ҳаракат қилади?» деган саволига жавобан, агентлик масъул ходими Бекзод Раҳмонов бу фикрга қўшилмаслигини билдирди.
«Бу фикрингизга қўшилмайман, чунки буни баҳолаш методологияси ҳали мавжуд эмас. Лекин ҳар битта ҳолат бўйича агентлик ўз ваколати доирасида ишларни амалга оширяпти.
Сиз айтган ҳолат бўйича биз ўрганиш ўтказиб, маълумотларни прокуратурага ўтказганмиз. Бу маълум вақт талаб қилди. Энди прокуратура бунга ҳуқуқий баҳо беради. Охирида суднинг ҳукми чиққанидан кейингина биз буни оммага эълон қилишимиз мумкин. Бундан олдин бу ҳақдаги маълумотларни ОАВга бериш мақсадга мувофиқ эмас, чунки бу ерда айбсизлик презумпцияси бор. Инсон ҳаёти, обрў-эътибори бор», – деди коррупция билан курашувчи орган расмийси.
Эслатиб ўтамиз, Эргаш Солиевнинг қариндошлари билан боғлиқ суриштирувлар билан деярли бир пайтда, унинг қурилиш бўйича ўринбосари Акром Раҳмонқулов атрофидаги қариндош-уруғчилик ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлганди.
Ҳокимдан фарқли ўлароқ, унинг ўринбосари масаласида Аксилкоррупция агентлиги қатор маълумотларни эълон қилган, Раҳмонқулов устидан жиноят иши очилганди.
Эътиборга олиш жоиз, агентликнинг Раҳмонқуловга доир баёнотидан олдин президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бу амалдорни танқид қилиб, ишдан бўшатган ва сиёсатга хиёнат қилганликда айблаганди. Бу эса Жиззах шаҳрида янги қурилган 6 қаватли бино қулаши фонида рўй берди.
Мавзуга оид
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
12:23 / 19.12.2024
Манба: Жиззах вилояти ҳокими ишдан олинган
12:31 / 10.11.2024