Жаҳон | 23:54 / 15.04.2021
22784
2 дақиқада ўқилади

Пентагон АҚШ кемалари нима учун Қора денгизга кирмаганига изоҳ берди

Аввалроқ АҚШнинг Қора денгизга йўл олган икки эсминеци Россия ва АҚШ президентларининг телефон орқали суҳбатидан сўнг йўналишини ўзгартиргани тўғрисида хабар берилганди.

Пентагон АҚШ кемалари Қора денгизга кирмагани сабабини Россия ва Украина ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштирмаслик  мақсади билан изоҳлади. Бу ҳақда Politico нашри ёзмоқда.

Қайд этилишича, Қора денгизга йўл олган «Доналд Кук» ва «Рузвелт» эсминецлари «вазиятни кескинлаштирмаслик учун» йўналишини ўзгартирган.

Нашр манбаларидан бирининг сўзларига кўра, умуман олганда, кемалар техник хизмат ёки тезкор режалар ўзгариши туфайли йўналишларини тез-тез ўзгартириб туради. Унинг қўшимча қилишича, ушбу ҳолатда «жумладан, мураккаб вақтда Москвага нисбатан провокация қилмаслик хоҳиши» кемалар йўналиши ўзгаришига сабаб бўлган.

 Аввалроқ АҚШнинг Қора денгизга йўл олган «Доналд Кук» ва «Рузвелт» эсминецлари Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байденнинг телефон орқали суҳбатидан сўнг йўналишини ўзгартиргани тўғрисида хабар берилганди.

Хабарда айтилишича, икки давлат раҳбарлари мулоқотидан сўнг Америка кемалари Крит оролига кирган ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари моддий-техник таъминот пунктида бир кун турган. 14 апрел куни кечқурун эса кемалар оролни тарк этган, уларнинг йўналиши ҳозирча аниқ эмас.

Мавзуга оид