Жаҳон | 17:31 / 15.04.2021
18817
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Қора денгизга йўл олган ҳарбий кемалари Путин ва Байден суҳбатидан сўнг йўналишини ўзгартирди

АҚШ Қора денгизга ҳарбий кемаларини жўнатиши ҳақида 8 апрелда маълум бўлганди.

Фото: REUTERS/Yoruk Isik

АҚШнинг Қора денгизга йўл олган «Доналд Кук» ва «Рузвелт» эсминецлари Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байденнинг телефон орқали суҳбатидан сўнг йўналишини ўзгартирди. Бу ҳақда «Известия» хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, икки давлат раҳбарлари мулоқотидан сўнг Америка кемалари Крит оролига кирган ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари моддий-техник таъминот пунктида бир кун турган. 14 апрел куни кечқурун эса кемалар оролни тарк этган, уларнинг йўналиши ҳозирча аниқ эмас.

АҚШ Қора денгизга ҳарбий кемаларини жўнатиши ҳақида 8 апрелда маълум бўлганди. CNN телеканалининг маълумот беришича, Оқ уй Украинани шу йўл билан қўллаб-қувватлашни кўзлаган.

 Пентагон бу маълумотни тасдиқламади, аммо Туркия ҳукумати Қора денгизга иккита ҳарбий кема кириб бориши тўғрисида хабардор қилинганини билдирди.

Кейинроқ АҚШ Анқарага ҳарбий кемалари Қора денгизга кирмаслигини билдиргани тўғрисида маълумот тарқалди. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли кейинчалик бу маълумотни тасдиқлади.

Мавзуга оид