Спорт | 02:48 / 18.04.2021
13438
2 дақиқада ўқилади

«Атлетик» дарвозасига 4 та гол урган «Барселона» Испания Кубогини қўлга киритди

Фото: Twitter/FCBarcelona

Испания Кубогида финал ўйини якунланди. Севильяда ўтган ҳал қилувчи ўйинда «Барселона» Бильбаонинг «Атлетик» жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Лионел Месси иккита гол урган бўлса, Гризманн ҳамда Де Йонг биттадан голга муаллиф бўлишди.

Шу тариқа «Барселона» 31-марта Испания Кубогини қўлга киритди. Бу борада Каталония клуби яққол етакчи ҳисобланади. «Барселона» 2018/19 йилги мавсумдан буён илк совринини қўлга киритганини ҳам таъкидлаш керак. Финалда дублга эришган Лионел Месси эса клуб сафида кетма-кет 13-мавсумда камида 30 та гол урди.

Маълумот учун, «Атлетик» 13 кун ичида иккинчи марта Испания Кубоги финалида мағлуб бўлди. 3 апрел куни «Атлетик» пандемия сабаб кеч ўтказилган 2020 йилги кубок финалида «Реал Сосьедад»га мағлуб бўлганди.

Испания Кубоги, Финал

Атлетик Бильбао – Барселона 0:4

Голлар: Гризманн (60), де Йонг (63), Месси (68, 72).
Атлетик: Унаи Симон, Де Маркос, Йерай Альварес (Нуньес, 67), Мартинес, Баленсиага, Рауль Гарсия, Унаи Лопес (Берчиче, 67), Беренгер (Весга, 54), Дани Гарсия, Муниаин (Лекуэ, 46), Уильямс (Вильялибре, 67).
Барселона: тер Стеген, Альба, Мингеса (Брэйтуэйт, 87), Пике (Араухо, 82), Дест (Серджи Роберто, 74), Бускетс, де Йонг, Педри (Мориба, 81), Лангле, Гризманн (Дембеле, 88), Месси.

Мавзуга оид