Жамият | 15:22 / 19.04.2021
12586
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳудудидан қорахонийлар даврига оид тангалар топилди

ЎзФА Тарих институти Kun.uz’га Тошкент вилояти Оққўрғон тумани Шоҳрухия археологик ёдгорлик ҳудудидан топилган мис тангалар ҳақида маълумот тақдим этди. Унда тангаларда битилган ёзувлар, ҳукмдорнинг исми, шунингдек, тангалар топилган археологик ҳудуд тарихи хусусида сўз боради.

Тошкент вилояти Оққўрғон тумани «Шоҳрухия» МФЙ Ҳосилдор маҳалласи жанубидан оқиб ўтган Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Шоҳрухия археологик ёдгорлигининг дарёга туташ жарлигидан шу ерлик фуқаро Шодиёр Эргашов кўкимтир тусга кириб қолган 427 дона мис танга жамланмасига дуч келган. Тангаларни олаётган пайтда улар солиб қўйилган мато қопча титилиб, кукунга айланиб кетган.

Топилманинг ноёблигини тушуниб етган Шодиёр Эргашов бу ҳақда ЎзФА Тарих институтига мурожаат қилди. Илмий гуруҳ 2021 йилнинг 18 апрел куни Шоҳрухияга бориб, топилмаларни илмий жиҳатдан ўрганиш учун институтга олиб келди.

Кўринишидан занг босиб, кўкимтир тусга кириб қолган мис тангаларнинг бир нечтаси тозаланди. Ўрганишлар натижасида уларнинг оғирлиги 4 граммдан, диаметри 31-33 мм.дан иборат эканлиги аниқланди. Тангаларнинг ҳар иккала томонига бўртма шаклида араб ёзувида матнлар битилиб, безаклар туширилган.

Танганинг олд томони: қавариқ кўринишдаги икки қаторли, саккиз қиррали геометрик шаклли ҳошия ичига араб ҳарфларида لا اله الا / الله محمد / رسول – “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расули” сўзлари туширилган. Ҳошиядан ташқарида, танганинг четига ҳам айланаси бўйлаб араб ҳарфларида сўзлар ёзилган бўлиб, улар ўчиб кетгани сабабли нима ёзилганини аниқлаш имкони бўлмади.

Танганинг орқа томони: қавариқ кўринишида икки қатор ҳалқа ичига нуқтачалар туширилган бўлиб, ҳошия ичидаги тўрт томонидан ташқарига баргсимон безатилган квадратча ичига эса араб ҳарфларида  / ارسلاب / خاقان... – “...Арслон хоқон” сўзлари битилган эди. Танганинг бу томонидаги ҳошия ташқарисидаги арабий ҳарфлар чекилган ёзувлар ҳам ўчиб кетгани аниқланди.

Мазкур танганинг зарб этилиш даври Қорахонийлар ҳукмдори Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (?-1130/1131) номи билан боғлиқ. У 1102-1130 йилларда Мовароуннаҳрни бошқарган. Танганинг зарб этилиши даври унда зикр этилган Арслон хоқон номи орқали ўз тасдиғини топади. Танганинг таҳлили ўша даврда бу ҳукмдор Арслон хоқон деб номланганлигини кўрсатади. Бу маълумот ҳам тарихимизни ойдинлаштириш учун муҳим ашёвий далил саналади.

Маълумот учун, топилмалар аниқланган Шоҳрухия ёдгорлиги милодий I асрлардаёқ мустаҳкам бошқарув тизими, яъни қароргоҳ – арк ва аҳоли яшайдиган қисм – шаҳристондан иборат шаҳар бўлган.

IX-XII асрларда шаҳар ривожланиб, Банокат номи билан машҳур бўлган ва шу ном билан тангалар ҳам зарб қилинган. Мўғуллар томонидан вайрон этилган, кейин эса Амир Темур ҳукмронлиги даврида қайта тикланиб, Шоҳрухия номини олган.

Шаҳар XVIII асрларга келиб эса яна харобага айланган. Ушбу шаҳар ўз вақтида жанубдан Тошкент воҳасига кириб келадиган карвон йўли ва Туроннинг шимолий ўлкаларини назорат қиладиган қўрғон-шаҳар вазифасини бажарган. Эҳтимол, шаҳар аҳли орасидаги савдогар ёки амалдор ушбу тангаларнинг эгаси бўлиши мумкин.

Дилмурод НОРМУРОДОВ,
ЎзФА Тарих институти бўлим бошлиғи

Мавзуга оид