Жамият | 20:41 / 20.04.2021
9566
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда суд эр-хотин никоҳ даврида сотиб олган машинани навбат билан бошқариши ҳақида қарор чиқарди

Ғайриоддий қарор фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди томонидан чиқарилган.

МИБ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, суднинг қарорига автомобилнинг никоҳ давомида орттирилгани асос бўлган. Шунга кўра, транспорт воситаси суд томонидан эр-хотиннинг умумий мулки деб топилган ва машинада собиқ эр-хотинлардан ҳар бирининг улуши тенг экани белгиланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг МИБнинг Яшнобод туман бўлимига юборилган ижро варақасида «Ласетти» русумли транспорт воситасидан фойдаланиш эр ва хотинга ҳар ҳафта 3,5 кундан белгилангани қайд этилган. Шунга кўра давлат ижрочиси томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритиш қўзғатилган.

«Ижро ҳаракатлари давомида қарздор эркак ва ундирувчи аёлга ижро иши юзасидан тўлиқ ҳуқуқий маълумот берилди. Тарафлар ижро ҳужжати талабини бажармаган тақдирда, бунинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилди. Бундан ташқари, транспорт воситасини ўз муддатида олиш ва тақдим этиши юзасидан белгиланган тартибда мажбуриятнома олинган.

Қарздор ижро ҳужжати юзасидан ўз мажбуриятини бажаргани, айни пайтда «Ласетти» автотранспортини суд қарорида белгиланган тартибда эр-хотин тенг миқдорда бошқариб келаётганлиги сабабли, ижро ҳужжати ижроси тамомланган», дея МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Мавзуга оид