Ўзбекистон | 08:10 / 24.04.2021
3816
2 дақиқада ўқилади

Навоийда тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда

Навоий шаҳридаги «Навоий машинасозлик заводи» ишлаб чиқариш бирлашмасида металлургия, машинасозлик, энергетика, кимё саноати ва қурилиш материаллари соҳасида республика тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси ўтказиляпти.

Ярмаркада республиканинг турли ҳудудларидан 29 та йирик саноат тармоқ корхоналари ва 500 нафарга яқин тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашмоқда.

Ярмарканинг очилиш маросимида президент маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақулов иштирок этди.

Маълум қилинишича, жорий йилда Навоий кон-металлургия комбинатида 154 та лойиҳа бўйича қарийб 433 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот, шу жумладан, 82 миллиард сўмлик 71 та янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, саноат кооперация доирасида 3,8 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар харид қилиш кўзда тутилган.  

Ўтган ўн йилда комбинат мутахассислари томонидан 40 дан ортиқ ихтиролар Ўзбекистон, Россия, Украина, Германия ва Швейцариянинг патент идоралари томонидан патентланган. Ҳозирги кунда 17 та ихтиродан ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилмоқда, 13 тасини жорий этиш бўйича ишлар олиб бориляпти.    

Ўтказилаётган тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси доирасида Электрон кооперация портали орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар тузиш мўлжалланган.

Мавзуга оид