Ўзбекистон | 11:25 / 26.04.2021
13534
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бўлиб ўтган «Илғор жангчи» мусобақасида ғолиб бўлган ўзбекистонлик ҳарбийлар тақдирланди

Жорий йил 19—24 апрель кунлари Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штатидаги «Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида ўтказилган «Илғор жангчи» мусобақасининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти Kun.uz’га хабар берди.

Миссисипи штатидаги Қуролли Кучлар тузилмалари вакиллари, фахрийлар ва мусобақа иштирокчилари қатнашган маросимда ташкилотчилар томонидан ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар — III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ҳамда кичик сержант Хайрулла Олимовга мусобақа ғолиблари учун бериладиган «Илғор жангчи» мукофоти ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Маълум қилинишича, ғолиб ҳарбий хизматчилар 27 апрель куни Ўзбекистонга етиб келади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШдаги «Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтган «Илғор жангчи» мусобақасида, Ўзбекистон вакиллари бошқа йўналишдаги баҳсларда ҳам муваффақиятли қатнашган эди.

Шунингдек, ушбу мусобақада 2019 йилдаги иштироклари давомида ҳам ўзбекистонлик ҳарбийлар 1-ўринни қўлга киритишган эди.

Мавзуга оид