Ўзбекистон | 20:19 / 28.04.2021
42671
2 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев коронавирусга чалинди

Вилоят раҳбари бир неча кундан буён Тошкент шаҳрида даволанмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев коронавирус юқтириб олди. Бу ҳақда вилоят ҳокими матбуот котиби Аҳрор Содиқов хабар берган.

«Ҳаммангизнинг хабарингиз бор, коронавирус балоси кўпчилигимизни четлаб ўтмади. Вирусдан даволанаётган вилоят раҳбаримизнинг ҳам саломатликлари тикланиб, тез орада иш фаолиятларига қайтишларини сўраган бўлар эдим», – деган Аҳрор Содиқов ўз видеомурожаатида.

Маълум бўлишича, ҳокимда 24 апрель куни коронавирус аниқланган. Айни пайтда вилоят раҳбари Тошкент шаҳрида даволанмоқда.

Маълумот учун, Қашқадарё вилоятида 24 апрель куни 4та касалланиш ҳолати қайд этилган. 25 апрель куни касалланиш ҳолатлари аниқланмаган, 26-27 апрель кунлари кунлик касалланиш кўрсаткичи 6тага чиққан.

ССВ матбуот хизмати маълумотига кўра, 27 апрель куни мамлакат бўйлаб жами 378 кишида коронавирус аниқланган ва пандемия бошидан буён қайд этилган ҳолатлар сони 90 мингдан ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Бухоро вилояти ҳокими Карим Камалов, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ҳамда Қорақалпоғистон раҳбари Муса Ерниязов коронавирус туфайли вафот этганди. Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов касалликка чалиниб, даволаниб чиққан.

Мавзуга оид