ХДП Самарқанд вилоят кенгашига ЎзЛиДеП депутати раис этиб сайланган: партия ходимлари буни шармандалик деб баҳоламоқда
Яқинда халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгашига сайланган раис шу вақтгача бошқа партия — Ўзбекистон либерал демократик партияси депутати эди. Қизиқ, Самарқандда энди буёғига ХДП — ЎзЛиДеП ғоялари асосида ишлайдими? Ёки партиянинг янги раҳбари Бадриддин Насриев қандайдир фавқулодда сабаб билан ЎзЛиДеП ғояларидан бутунлай воз кечдими? Ундан ҳам қизиғи, муқаддам ХДП Самарқанд вилоят кенгашида жамоага раҳбарлик қила оладиган бирор раҳбар кадр чиқмаганини ХДП тан олиб, ўз раҳбарлигига бошқа партиядан ёрдам сўрадими?
Нима бўлганда ҳам «сиёсат тарихи»да бўлмаган янгилик бу. Албатта, партия раҳбарияти бу масалага изоҳ берар (лекин нима деб изоҳ бериши кишини ўйлантиради). Ҳозирча эса ХДП Самарқанд вилоят кенгашининг айрим ходимлари алам билан сўзлаётган баъзи жиҳатларга тўхталамиз.
«Шу йил 17 март куни Ўзбекистон Либерал демократик партияси Самарқанд вилоят кенгашининг амалдаги депутати Бадриддин Насриев мавжуд қоидаларга зид равишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши раиси лавозимига сайланди.
Бу ҳолат аслида ХДПнинг ҳам қоидаларига зид. Ўзбекистон ХДП Уставининг 14.1 ҳамда 7.8-бандлари қўпол равишда бузилди. Уставга кўра, аслида юқоридаги йиғилишнинг ўзи қонуний бўлиши учун пленум аъзоларининг ҳеч бўлмаганда ярми иштирок этиши керак эди. Аммо анжуманда 59 нафар пленум аъзоларидан фақат 27 киши иштирок этди.
2021 йил 17 март кунидаги йиғилиш баённомаси:
Умуман, бошқа партия вакилининг бизга раҳбар этиб сайланиши нафақат партиямиз ходимлари, балки ХДПга эргашганлар учун ҳам шармандали ҳолат бўлди деб ҳисоблаймиз», дейди ХДП Самарқанд вилоят кенгаши вакиллари.
Майли, ХДП вакиллари қандайдир сабаб билан бундай ғалати ҳолатга кўнди ҳам дейлик. Аммо масаланинг яна бир томони бор. Ҳозирги раҳбар Б.Насриев депутатлик сайловларида ЎзЛиДеП вакили сифатида иштирок этган. ЎзЛиДеП ғояларини қўллаб-қувватлаган сайловчилар ишонч билдириб уни сайлаган ҳам. Ана энди, сайловчилар ўзлари қўллаб-қувватлаган номзод бутунлай бошқа партияга раҳбар бўлиб ўтганини қандай қабул қилиши керак? Ёки ҳозирги депутатлар фикрича, сайловчиларнинг ҳеч нарсага фаҳми етмайдими? Ёки сайловчиларга бунинг аҳамияти йўқми? Эҳтимол, бу ҳолатга Б.Насриевнинг ўзи тош босадиган бирор изоҳ айтар.
Халқ демократик партияси уставининг 7,8-бандида аниқ қилиб белгилаб қўйилган: «Минтақавий партия кенгаши раиси кенгаш пленумида унинг аъзолари орасидан сайланади. Минтақавий партия кенгаши раисини сайлаш тўғрисидаги қарор Партия Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси ҳайъати томонидан тасдиқланади».
Қизиқ, ўз уставига амал қила олмаган, уни қўпол тарзда бузган партия қайси қонун ва меъёрларга амал қиларкан? Халқ манфаати-чи? Ҳеч қандай меъёр ва қоидани тан олмаган партия халқ манфаатини ўйлармикан? Ҳолат шунчалик қўполки ана шу саволлар ҳар қандай кишини ташвишга солади.
Дарвоқе, партия ходимлари энди янги раис ХДП вилоят кенгашида ЎзЛиДеП ғояларини, иш услубини қўллаётганидан норозилик билдиришди. Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши. Ахир, шунча йил ЎзЛиДеП вакили бўлган одам албатта шу партияга хос ишлайди-да. Уни сайлаган бошқалармас, шу партия вакиллари-ку, норози бўлиб келган партия ходимларини ҳам тушунгингиз келади...
ХДП вакиллари айни вақтда партиянинг вилоят кенгашида бўлаётган кўплаб адолатсизликлар ҳақда гапиришди. Аммо юқоридаги муаммо олдида қолганлари барибир ип эшолмаса керак. Аввало, партия ўзи ёзган қоидаларга амал қилишни ўрганиши лозим. Қолган масалаларни кейин кўтариб чиқармиз, албатта.
Яна бир баҳо: наҳотки бутун бошли вилоятнинг бутун бошли бир партиясида ўзлари учун муносиб лидер бўлмаган бўлса...
Анвар Мустафоқулов
Мавзуга оид
12:18 / 08.12.2024
Самарқандда қаровсиз қолган 14 ёшли қиз вақтинча қариндошлари қаровига топширилди
14:26 / 28.11.2024
Самарқанд вилоятига янги раҳбар тайинланди
14:19 / 28.11.2024
Эркинжон Турдимов ишдан кетди
09:18 / 17.11.2024