Ўзбекистон | 17:20 / 12.05.2021
15239
5 дақиқада ўқилади

Депутатлар ижтимоий тармоқларга оид қонун амалда ишлашини талаб қилмоқда

Facebook, Google, Telegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаши шартлиги ҳақидаги модда кучга кирган. Депутатлар ҳукуматдан бу модда талабини тезроқ бажаришни талаб қиляпти. Kun.uz манбаларига кўра, Ўзбекистоннинг сўровига ҳозирча фақат битта компания ижобий жавоб берган.

Фото: Rafael Henrique/Getty Images

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган янги 27-1-модда 16 апрелдан қонуний кучга кирди.

Бу моддага асосан, ижтимоий тармоқлар ва интернет сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини жисмонан Ўзбекистонда жойлашган серверларда сақлашлари шарт.

Бугун, 12 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ўтказган йиғилишда депутатлар бу норма кучга кирганига 1 ой бўлган бўлса-да, ваколатли давлат органи томонидан мазкур соҳа бўйича «кўзга кўринадиган натижаларга эришилмагани» боис «жиддий эътироз» билдирган.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Палата ахборотига кўра, мажлисда Давлат персоналлаштириш маркази директори Улуғбек Тошхўжаев сўз олган.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Тошхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларни Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситаларда йиғиш ва сақлашни таъминлаш мақсадида хорижда фаолият юритаётган «Facebook Inc.» (Facebook Messenger, Instagram, WhatsApp), Google (Google Messenger, YouTube), Mail.ru (Вконтакте, Одноклассники), Microsoft (Skype), Telegram, Tencent (Wechat), TikTok, Twitter, Yandex каби компанияларга қонунчилик талабларини бажариш ҳақида мурожаат-хатлар юборилган.

Шунингдек, pd.gov.uz ахборот тизими орқали шахсга доир маълумотлар базаларининг мулкдор ва операторлари давлат реестрига киритилмоқда.

Таъкидланишича, депутатлар «сўнгги йилларда юқорида номлари келтирилган ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли хил киберҳужумлар уюштирилиши оқибатида миллионлаб инсонлар, қолаверса Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланаётгани»дан хавотирда.

Шу боис улар қонунчилик талабларини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат персоналлаштириш марказига талаб қўйишган.

Қонунчилик палатасидаги расмий ахборотга: «Facebook, TikTok, Telegram ва шу каби коммуникация платформалари ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шарт», дея сарлавҳа қўйилган.

Маълумот учун, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилган қўшимча 27-1-моддасида шундай дейилади:

«Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт».

Яъни ушбу талабга кўра, Facebook, Telegram, Instagram, TikTok, Twitter каби ижтимоий тармоқлар ва Google, Mail.ru, Яндекс каби интернет сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини жисмонан Ўзбекистонда жойлашган серверларда сақлашлари шарт бўлади.

Kun.uz Давлат персоналлаштириш марказидан олган маълумотга кўра, ҳозир бу талаб ижроси юзасидан ишчи гуруҳ тузилган. Вазирлар Маҳкамасининг 255-сонли қарори ва унга илова тариқасида Низом қабул қилинган. Низом иловасида Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва операторларни Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритиш ва ундан чиқариш тартиби баён қилинган.

Kun.uz манбаларига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон расмийларининг барча ижтимоий тармоқлар ва интернет сервисларга юборган сўровига фақатгина Mail.ru ижобий жавоб берган.

Шунингдек, Яндекс ҳам бу масалани кўриб чиқишга тайёрлигини, пандемиядан сўнг музокаралар олиб боришини билдирган.

Facebook эса бу ҳолат тармоқ фойдаланувчилари маълумотларининг хавфсизлигига зарар етказишидан хавотир билдирган, лекин коронавирус пандемияси якунлангач ҳукумат билан музокарага киришиши мумкинлигини билдирган.

Аввалроқ, Ўзбекистондаги бу янгиликни Facebook компанияси салбий қарши олганини билдирган эди. Facebook Россия, Хитой ва Ўзбекистон каби давлатлар бу йўл билан сўз эркинлигини жиловлашга уринаётганидан хавотирдалигини маълум қилган.

Мавзуга оид