Исроил-Фаластин можароси: Яқин Шарқ қалбидаги яра
Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши ортида икки томон ўртасида ҳал қилинмаган муаммоларнинг ҳамон ечимсиз ҳолда қолаётгани ётибди. Учирилган ракеталар, ҳаво бомбардимонлари ва ўлимлар эса Яқин Шарқ қалбидаги ярани бадтар қонатмоқда.
Кейинги йилларда муаммонинг халқаро янгиликлар кун тартибидан тушиб қолгани унинг ҳал қилинганини англатмасди. Икки ўртада ўзгармай қолаётган муаммолар сабаб туғилган нафрат ва ғазаб пўртанаси йиллар давомида, ҳатто бутун бошли авлодларнинг умри мобайнида зўравонлик ва ўлим тегирмонига сув қуйиб келмоқда.
100 йилдан ортиқ вақт давомида яҳудийлар ва араблар Иордан дарёси ва Ўрта Ер денгизи оралиғидаги ерларда ҳукмронлик қилиш учун курашиб келади. 1948 йилда ташкил топганидан бери Исроил фаластинликларни бир неча бор оғир мағлубиятларга дучор қилди, аммо узил-кесил ғалабага эриша олмади.
Шу нарса аниқки, то можаро давом этар экан, иккала томон ҳам ўзини хавфсиз ва хотиржам ҳис қила олмайди. Муқаррар бўлиб турган нарса ҳам шу – содир бўлаётган воқеалар ривожи янада жиддий оқибатларга олиб келувчи янги инқирознинг туғилишига сабаб бўлади.
Қуддуснинг аҳамияти
Цикл кўпроқ сўнгги 15 йил ичида Исроил ва Ғазо секторини ажратиб турувчи чегарага боғлиқ ҳолда такрорланмоқда.
Содир бўлган сўнгги воқеалар Қуддус ва муқаддас жойлардаги зиддиятнинг мисли кўрилмаган зўравонликка айланиб кетиш эҳтимоли қанчалар юқори эканлигини яна бир бор эсга солмоқда.
Шаҳарнинг христианлар, яҳудийлар ва мусулмонлар учун муқаддас саналиши фақат диний асослар билангина боғлиқ эмас. Яҳудий ва мусулмонларнинг муқаддас ерлари айни пайтда иккала томоннинг ҳам миллий рамзларини ташкил этади.
Географик нуқтайи назардан эса бу жойлар том маънода бир-бирига яқин.
Исо пайғамбарнинг қабри деб билунувчи ва насроний фаластинликлар учун ҳам жуда муҳим бўлган Муқаддас қабристон черкови Исроил назорат пунктининг ортида жойлашган.
Таъсир қилувчи омиллар
Воқеаларни қўзғатган омиллардан бири баъзи фаластинлик оилаларнинг Исроил истилоси остидаги Фаластин ерлари ҳисобланувчи Шарқий Қуддуснинг эски шаҳар деворлари ташқарисида жойлашган Шайх Жарроҳ маҳалласидаги ерлари ва уйларидан чиқариб юборилиш таҳдиди остида қолганидир.
Бу ерда масала бир неча уйнинг эгалик ҳуқуқига оид низо билангина боғлиқ эмас. Гап Исроилнинг кейинги йиллардаги барча ҳукуматлари томонидан амалга ошириб келинаётган Қуддусни яҳудий шаҳарга айлантириш стратегияси ҳақида бормоқда.
Шаҳарнинг босиб олинган ерларида халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ҳолда яҳудийларнинг йирик аҳоли пунктлари қурилди. Сўнгги йилларда эса ҳукумат ва кўчманчилар Эски шаҳар деворларига туташ Фаластин уйларини бирма-бир эгаллаб олишга уринмоқда.
Бу каби ҳаракатларга энди Рамазон ойида Исроил полициясининг фаластинликларга нисбатан қаттиқ муносабатда бўлиши ва мусулмонлар томонидан Макка ва Мадинадан кейин энг муқаддас жой саналувчи Масжид ул-Ақсонинг ичига кўздан ёш оқизувчи газ ва овозли граната отилиши каби ҳолатлар ҳам қўшилди.
Шу боис Ғазо сектори маъмуриятидаги ҲАМАС Исроилга Масжид ал-Ақсо ва унинг атрофи ҳамда Шайх Жарроҳ маҳалласидан ўз кучларини олиб чиқиш юзасидан ультиматум қўйди. Кейин эса ракеталар ишга солинди.
«Ғазодаги террористик ташкилотлар қизил чизиқни кесиб ўтди. Исроил бунга катта куч билан жавоб қайтаради», деб ёзди Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху ўзининг твиттердаги саҳифасида.
Қонли яралар битмайди
Аслида, бошқа бир воқеалар комбинацияси ҳам шу каби зиддиятларнинг авж олишига олиб келиши мумкин эди.
Токи низоли масалалар ҳал қилинмас экан, зўравонлик ва зиддиятли ҳолатлар қайта-қайта содир бўлаверади.
1995-2000 йилларда Қуддусда яшаган BBC мухбирининг таъкидлашича, Қуддусда икки томон тинч-тотув яшаши мумкинлигига бўлган умид туйғусини 40 ёшдан ошган қуддусликларгина яхши таърифлаши мумкин.
Тинчлик масаласи Фаластин ёки Исроил раҳбарларининг энг муҳим кун тартиби бўлиши керак. Аммо иккала томоннинг сиёсий раҳбарлари ҳам ўз ички сиёсий курашлари билан банд бўлмоқда, ўз позицияларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Тинчлик масаласида эса йиллар давомида жиддий бир қадам ташланганича йўқ.
Баъзи янги ғоялар ҳам илгари сурилмоқда.
Яқинда иккита нуфузли тадқиқот маркази Carnegie Endowment халқаро тинчлик институти ҳамда АҚШ/Яқин Шарқ лойиҳаси томонидан яқинда эълон қилинган қўшма ҳисоботда Фаластин ва Исроил учун тенг ҳуқуқ, тенг хавфсизлик бериш кераклиги таъкидланади.
Ҳисоботда АҚШ «Исроилнинг назорати остидаги ҳудудларда яшовчи ҳар бир инсоннинг тўлиқ тенглиги ва ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаши лозимлиги, иккита алоҳида тенгсиз тизимни қабул қилмаслиги кераклиги» таъкидланади.
Албатта, янги ғоялар яхши. Аммо дунё ҳамон эски ҳақиқатлар, таниш риторикалар ва 100 йиллик курашнинг муқаррар портлашлари барча нарсани янчиб ташлаётганига гувоҳ бўлмоқда.
Мавзуга оид
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024