Жаҳон | 19:50 / 16.05.2021
65659
8 дақиқада ўқилади

Ҳатто Хитой Фаластинни қўллаётганда араб давлатлари жим. Нега?

Фото: Getty Images

Яқин Шарқда Фаластин ҳамда Исроил ўртасидаги можаро яна авж олди. 2014 йилдан буён содир бўлган бу давлатлар ўртасидаги энг йирик тўқнашувларда Фаластин яққол аутсайдер. Чунки ҳарбий жиҳатдан Исроилга бас келиш осон эмас. Бошқа томондан араб давлатлари Фаластинни ёлғизлатиб қўймоқда. Кўпчилик араб олами вакиллари Исроил билан яқиндагина тикланган алоқаларни бузмаслик учун Фаластинни қўлламаяпти.

Ҳарбий амалиётлар бир неча кундан буён тўхтамаяпти. Ҳар икки томон бир-бирига ракета зарбаларини амалга оширмоқда. Фарқ шундаки, Исроилнинг зарбалари аксарият ҳолатда одамлар жуда зич яшайдиган кварталларга тушаётган бўлса, Фаластиннинг, аниқроғи, ҲАМАСнинг зарбалари ҳавонинг ўзида яксон қилинмоқда. Жанглар яна авж олганидан буён 132 киши ўлди. Улардан 32 нафари бола, 21 нафари аёл киши. Исроил томонидан 8 киши ўлди.

Янги уруш араб олами ва Исроил ўртасидаги муносабатларни яна кескинлаштирди. Ўтган йил кўпчилик араб давлатлари Исроил билан узоқ йиллик совуқ муносабатларни илиқлаштириб олишди. Араб давлатлари ҳамда Исроил муносабатлари илиқлашиши пойдевори бўлиши керак бўлган ҳужжат 2020 йил БАА, Баҳрайн, Судан ва Марокаш ўртасида АҚШ воситачилигида имзоланиши керак эди. Ўшандан кейин араб давлатлари илк марта Исроил билан разведка ва давлат хавфсизлиги борасида ҳамкорлик қилиши ҳақида эълон қилишди. Исроил ва Фаластин ўртасидаги урушнинг яна хуруж қилиши эса бу араб давлатларини жуда ноқулай аҳволга тушириб қўйди. Улар яқин-яқингача Исроил билан тиббиёт, иқтисод ва туризм соҳасида ҳамкорлик манфаатли эканига фуқароларини ишонтиришга уринаётганди, лекин бу мамлакат фуқаролари телевизор орқали Фаластиндаги уйлар қандай қилиб ракета ҳужумига учраётгани, мусулмон олами учун муқаддас бўлган Ақсо масжидига Исроил полицияси ҳужум қилганини кўриб туришибди. Бундай ҳолатда одамларни яна Исроил билан ишлаш манфаатли эканига ишонтириш қийин бўлади.

Икки стулда ўтириш

Араб мамлакатлари Исроил ва Фаластин ўртасидаги олдинги урушларда яҳудийларни кескин қоралар, воқеалар қайсидир маънода бир томонлама ёритиларди, яъни фаластинликлар зулмга учраётгани кўрсатиларди. Лекин бу галги уруш бошқача ёритилмоқда. Араб оламидаги давлат телеканаллари гўёки икки томонни ҳам эшитаётган бўлиб, Исроилдагилар ҳам сирена товушларидан ухлолмаётгани, ҲАМАС зарбаларидан қочаётганини кўрсатмоқда. БААнинг Sky News Arab телеканали Исроил томонининг ракета зарбалари нишони фақат ҲАМАС объектлари бўлаётгани ҳақидаги баёнотини кўрсатди.

Иордания ва Баҳрайнда, шунингдек, дунёнинг ўнлаб мамлакатида, хусусан, АҚШда Фаластинни қўллаб-қувватлаш акциялари ўтказилди. Мусулмон сиёсатчилар Фаластинни қўллашини маълум қилди, лекин бу чиқишлар ҳозирча фақат оғзаки бўлиб қолмоқда. Бу галги зиддият минтақада Эроннинг таъсири ошиши хавфи пайдо бўлган ва араб олами Исроилнинг минтақадаги ролини тан ола бошлаган вақтда содир бўлди. Бу эса вазиятни янада мураккаблаштирди.

Энг қийин аҳволда БАА ҳукумати қолди. Араб давлатлари орасида айнан БАА Исроил билан муносабатлар нормаллашганини биринчи бўлиб расман эълон қилганди. Баъзи БААлик сиёсатчилар Фаластинни қўллаши ҳақида гапирди, лекин ҳукумат ўз баёнотларида ҲАМАС ва унинг етакчиларини тилга олмаяпти.

«БАА Исроил босқинчилигини қоралаб, шимолий Қуддус пойтахти бўлган мустақил Фаластин давлати тузилишини қўллаб-қувватлайди. Бу тарихий ва принципиал позиция ва у ўзгармайди», деб ёзди масалан БАА президенти маслаҳатчиси Анвар Гаргаш.

Энг кескин баёнотни Туркия президенти Ражаб Эрдўған билдирди. У Туркия бўлаётган ҳолатга жим қараб турмаслигини айтди: «Уч диннинг уйи бўлган муқаддас даргоҳга ҳужум қилиш орқали Исроил террористик давлати ҳамма чегараларни бузди. Барчасини ҳозир тўхтатмасак, биз бу ваҳшийликнинг қурбонига айланамиз».

Ўз навбатида, Эрон ҳам жим турмай муносабат билдирди ва инсониятга қарши қилинаётган бу ҳаракатларга қарши туриш учун минтақавий ҳамкорлик бўлиши кераклигини маълум қилди. Бироқ Эрон ҳам, Туркия ҳам араб давлати ҳисобланмайди. Бунинг устига, Фаластинда суннийлар яшагани учун Эрон айтарли қўллаб-қувватлов тақдим этиши қийин.

Араб олами эса Исроил билан муносабатлар ёмонлашишини хоҳламайди, чунки икки томонлама кўплаб манфаатли шартномалар имзолаб қўйилган. Шунга қарамай, Фаластиннинг бошига не савдоларни солаётганини кўрган араб давлатлари Исроил билан муносабатларда масофани узоқроқ сақлашга ҳам ҳаракат қилса керак. Исроилда ишлаган мисрлик собиқ дипломат Эззедин Чукрининг айтишича, Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро араб давлатларини босим остида қолдираётган бўлса-да, улар азбаройи Исроил билан муносабатлари ёмонлашмаслиги учун кескин баёнот беришдан ҳам чекинишади. Ҳарбий эксперт Майкл Стивенснинг айтишича, БАА Исроил билан муносабатлар ёмонлашишини хоҳламайди, лекин ҳозирги воқеалар тинчигунга қадар БАА ва Исроил муносабатлари ҳам таранглигича қолади.

Дунё тажрибасидан келиб чиқиб шундай хулоса қилиш мумкинки, бундай вақтда араб давлатлари Исроил билан ёпиқ эшиклар остида муносабатларни давом эттираверади. Дипломатик учрашувлар ва матбуот анжуманларидаги табассумларни яқин ўртада кўрмасак керак.

Шу ўринда, ҳатто Хитой Фаластинни қўллаётган бир вақтда араб дунёсининг жим тургани мусулмонларни ҳайрон қолдирмоқда. Чунки Фаластиндаги можаро бутун ислом оламига алоқадор қадриятни оёқости қилишга уринишдан кейин бошланди. Ислом таълимотига кўра, охирзамон пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам айнан Қуддусдаги Масжидул Ақсодан меърожга кўтарилганлар. Исроил ислом оламидаги энг муқаддас уч масжиддан бири бўлган Ақсонинг олдида яшовчи 70 та фаластинлик оилани у ердан кўчириш ҳақида ҳаракат бошлади. Шундан сўнг келишмовчилик бошланди ва Рамазон вақти масжиднинг ичкарисида минглаб мусулмонлар бўлган ҳолатда Исроил полицияси ҳужум қилди. Масжиднинг ичида портлаш содир этилди ва мусулмонлар калтакланди.

Шундан сўнг ҲАМАС Исроил томонга ҳаво зарбаларини амалга оширди ва шу билан уруш бошланиб кетди. Исроилнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими зарбаларни битта-битта парчалаётган вақтда на ҳарбий ва на иқтисодий жиҳатдан Исроилга яқинлаша оладиган Фаластин мусулмонлари битта-битта Исроил ракеталари қурбонига айлана бошлади. Мана шундай вақтда араб олами Исроил билан муносабатларини ўйлаётгани ачиниш билан қабул қилинмоқда. Ахир 1967 йилги урушда Иордания, Сурия, Миср ва Ироқ ҳам араб коалицияси таркибида Исроилга қарши жанг қилиб, ўз ерларини бой берган. Ўша урушдан Исроил ўз ҳудудидан 3,5 баравар катта жойни эгаллаб олган. Исроил армияси араб коалициясини олти кун деганда кунпаякун қилиб, кейинчалик олти кунлик уруш номини олган жангда ғолиб бўлганди.

Кўпчилик жим туриш деганда ҳарбий ҳаракатларни тушуниши мумкин, лекин бугун дунёда дипломатиянинг ўзи кўп нарсани ҳал қилади. Кўп давлатларнинг баёнотлари ҳар қандай агрессияни ҳам тийиб қўйиши мумкин.

Мавзуга оид