Ўзбекистон | 12:00 / 16.05.2021
11125
4 дақиқада ўқилади

Кончи-металлурглар касб байрамини нишонлашди

Фото: Олмалиқ КМК

Мамлакатимизда май ойининг учинчи якшанбаси Ўзбекистон кончилик металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонлаб келинади.

Ушбу қутлуғ санани Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси бир қатор ютуқлар билан кутиб олди.

Жумладан, давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан эълон қилинган 2020 йилни энг кўп фойда олган корхоналар рўйхатида комбинат ҳам бўлиб, жамоа ўтган йилни 3,9 триллион сўм фойда билан якунлаган.

Комбинат жорий йилнинг 1-чорагида ҳам ушбу суръатни сақлаб қолган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш режасини 112,9 фоизга, экспорт режасини эса 160 фоизга бажаришга эришди.

Олмалиқ шаҳрида кончи-металлурглар кунида ўзгача бир байрамона шукуҳ ҳукмрон.

Кончи-металлурглар байрами муносабати билан Олмалиқ шаҳридаги «Олтин олма» хиёбонида уч кун мобайнида таниқли эстрада хонандалари иштирокида концерт дастурлари ташкил этилди. Халқ сайиллари ва кўнгилочар тадбирлар олмалиқликларга ҳақиқий байрамона кайфият бағишлади.

Байрам тадбирлари доирасида жажжи болажонлар учун ҳам концерт ташкил этилди.

Комбинат меҳнат жамоаси учун байрам тадбири тўлиқ реконструкция қилинган санаторий-профилакторий ҳовлисида ўтказилди.

Байрам муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда комбинат бошқарув раиси меҳнат жамоасининг эришган ютуқларини эътироф этиб, илғор ишчи-ходимларга «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқларни ва қимматбаҳо совғаларни топширди.

Комбинатнинг 38 мингдан зиёд ишчи ходимларига бир марталик пул мукофоти берилди.

Байрам тадбирида «Металлург» маданият саройи ҳаваскорлик гуруҳлари ва таниқли санаъткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Айём арафасида комбинат меҳнат аҳли учун бир қатор объектлар ҳам фойдаланишга топширилди.

Хусусан, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини саломатликларини тиклашлари учун замонавий санаторий-профилакторий тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Комбинат раҳбарияти ташаббуси билан замонавий қиёфага келтирилган ва ҳаттоки республиканинг энг сўлим сиҳатгоҳлари билан рақобатлаша оладиган санаторий-профилакторий 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, барча шароитлар муҳайё қилинди.

Бу ерда кутубхона, туз хонаси, спорт майдончаси, қўшимча соғломлаштириш муолажалари учун бассейн, турк ва фин саунаси, янги фитобарлар ташкил этилди. Даволаш жисмоний тарбияси учун барпо этилган янги зал ҳам замонавий тренажёрлар билан жиҳозланди. Бундан ташқари, пиёд сайр учун йўлаклар қурилди. Бу пиёда юриш орқали даволанишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, сиҳатгоҳда сув билан даволаш муолажалари ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бунда марварид ванналари, сув ости души массажи, Виши души, циркуляр ва ёмғирли душлар, Шарко души, бассейн ва сауналар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, дам олувчилар учун балчиқ, озокерит ва турли хил частотадаги токлар билан даволаш, лазеротерапия, галотерапия, гидроаэроионизация, лимфодренаж, прессотерапия, турли хил массажлар, умуртқа поғонасини тракцион тортиш, фитобар ва кислород коктейллари каби муолажа турлари қўлланилади. 

Шунингдек, комбинатнинг Саноат темирйўл транспорт бошқармаси меҳнат жамоаси учун ёзги “Байрамлар уйи” ҳам фойдаланишга топширилди. Турли маданий-маърифий тадбирлар, кўнгилочар дастурлар, анжуманлар ўтказиш учун мўлжалланган мазкур объектнинг қурилиш ишлари 2019 йилда бошланган эди.

500 ўринли ушбу янги фойдаланишга топширилган мажмуада темирйўлчилар дастурхон атрофида айёмни нишонлашди.

Мазкур объектларнинг Ўзбекистон кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни арафасида фойдаланишга топширилиши комбинат ишчи-ходимларига туҳфа этилган айёмга ўзига хос совға бўлди.

ОКМК Ахборот хизмати

Мавзуга оид