Уйчи туманининг собиқ ҳокими янги лавозимга тайинланди
Апақов Муҳаммадаюбхўжа Пўлатович Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Наманган минтақавий филиали раҳбари лавозимига тайинланди.
Мухаммадаюбхўжа Апақов 1968 йилда Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент молия институтини, 2004 йилда Наманган давлат университетини, 2008 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Иқтисодчи, ҳуқуқшунос, давлат бошқаруви мутахассиликларига эга.
Меҳнат фаолиятини 1985 йилда Наманган вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси тизимидаги ўрмон хўжалигида бошлаган. 1994-2005 йилларда Давлат солиқ тизимида турли лавозимларда ишлаган. 2005-2008 йилларда Косонсой тумани ҳокими ўринбосари, 2008-2015 йилларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимлигининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти мудири вазифаларида ишлаган. 2015-2017 йилларда вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси директори, 2017-2018 йилларда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи, 2018-2021 йилларда Уйчи тумани ҳокими лавозимларида фаолият олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 19 февралда Наманган вилояти фаоллар билан бўлиб ўтган йиғилишда Уйчи тўртлигини ишдан олган эди.