Фан-техника | 23:08 / 20.05.2021
45448
2 дақиқада ўқилади

Bugatti гиперкари қирувчи самолёт билан тезликда баҳслашди (видео)

Фото: Bugatti

Bugatti Chiron гиперкарининг махсус версияси Франциянинг Dassault «Rafale» Marine қирувчи самолёти билан тезлик борасида мусобақалашди. Гиперкарнинг самолёт билан «пойгаси» видеоси YouTube’да намойиш қилинди.

Bugatti Chiron’нинг махсус версияси Les Legendes du Ciel (Осмон афсоналари) 2020 йил ноябрда илк бор намойиш қилинган. Ушбу машина Bugatti’нинг 1920-йиллардаги таниқли пойгачилари ва шу билан бирга, профессионал учувчилар бўлган шахсларга бағишланган. Жумладан, Bugatti пойгачилари — Альберт Диво, Робер Бенойст ва Бартоломео Костантини ўз вақтида Франция ҳарбий авиациясида хизмат қилган.   

Bugatti Chiron 8 литрли 1500 от кучига эга двигател билан жиҳозланган. У 100 км/соат тезликка 2,4 сонияда эриша олади. Гиперкарнинг максимал тезлиги хавфсизлик нуқтайи назаридан 440 км/соат билан чекланган.

Dassault Rafale қирувчи самолётининг двигателлари 58550 ньютон тортиш кучини беради. Бу қиймат 5727 от кучига тенг деганидир. Пойга ташкилотчилари гиперкар ва қирувчи самолёт баҳсини «7227 от кучидаги пойга» деб аташган: гиперкар ва қирувчи самолёт двигателлари биргаликда айнан шунча от кучини беради.

Пойга Франция ғарбида жойлашган ҳарбий-ҳаво базасининг учиш-қўниш йўлагида уюштирилган. Bugatti Chiron’ни компаниянинг синовчи-ҳайдовчиси Пьер-Анри Рафанел бошқарган.

«Пойга бошида мен ‘Rafale’ни ортда қолдирдим, бироқ 200 метрдан кейин у ҳавога кўтарилиб, мендан ўзиб кетди. Бу фантастик томоша бўлди», деб ўз таассуротлари билан бўлишган Рафанел.

У хавфсизлик мақсадида 1,5 км масофа ўтгач, 350 км/соатдан ортиқ тезликда гиперкарни тўхтатган, қирувчи самолёт эса шиддатли тезликда «уфқ томон» учиб кетган. 

Мавзуга оид