Хитойда марафон чоғида 21 спортчи ҳалок бўлди
Хитойнинг тоғли ҳудудида, 2-3 минг метр баландликда ўтказилган марафон чоғида унинг иштирокчиларидан камида 21 нафари музлаб ҳалок бўлди.
Шанба куни Хитойнинг Ганьсу провинциясидаги Байинь тоғида, туристлар орасида машҳур бўлган Тошли ўрмон ҳудудида 100 км масофага ўтказилган пойга чоғида ноқулай об-ҳаво шароити юзага келиб, иштирокчилар кучли шамол, дўл ва музли ёмғир остида қолишган.
Хабарларга кўра, 172 киши иштирокидаги пойга бошида ҳаво очиқ бўлган. Аммо бироз вақт ўтиб тоғли ҳудудда ҳаво кескин ва ўта совиб кетган, ҳарорат ноль даражагача тушиб кетган, кучли шамол бошланиб, музли ёмғир бошланган. Бу вақтда иштирокчилар енгил ёзги кийимларда бўлишган.
«Синьхуа» агентлиги хабарига кўра, пойгачиларнинг айримлари алоқага чиқмай қўйгач, пойга тўхтатилган.
Якшанба куни қидирув-қутқарув отрядлари йўқолиб қолган пойгачиларнинг жасадларини топишган.
Тоғда тунда ҳарорат кескин тушгани туфайли қидирув ишлари мураккаблашган. «Синьхуа» хабарига кўра, амалиётга 1200дан ортиқ қутқарувчи жалб этилган.
Спортчилардан бири Мао Шучжи «Рейтер» агентлигига берган интервьюсида 24 километр масофани чопиб ўтганидан сўнг ҳаво ўзгаргани туфайли чопишдан тўхтаганини айтган. «Ёмғир кучайгандан кучаярди», дея эслайди Мао. Унинг сўзларига кўра, трассанинг тоғли участкаси бошланганида у марафонни давом эттириш хавфсиз эмаслигини англаган. У аввал ҳам бундай шароитларга дуч келгани учун иштирокини тўхтатиб, меҳмонхонага қайтишга қарор қилган.
Аммо кўпчилик фақат майка ва шортикларда бўлишига қарамай чопишни давом эттирган: об-ҳаво прогнозида ёмғир бўлиши айтилганди, аммо ҳарорат бу қадар тушиб кетиши айтилмаган.
Расмий шахсларнинг маълумотига кўра, йўқолиб қолган пойгачиларнинг барчасининг жасади топилган, омон қолган 151 спортчи эса хавфсизликда, аммо улардан 8 нафари жароҳатланган. Айримларда музлаш белгилари аниқланган.
Байинь шаҳри мэри Чжан Сючэннинг айтишича, ҳодисани текшириш учун махсус гуруҳ тузилган.
Сариқ дарё бўйидаги Тошли ўрмон - Хитойда сайёҳлар орасида машҳур бўлиб, 50 кв. км майдонни эгаллаган ўрмон камида 200 миллион йил олдин шаклланган. Илгари унинг ўрнида денгиз бўлган, унда оҳактошнинг қалин қатламлари чўкиб қолган. Аммо тектоник ҳаракатлар натижасида тошлар юзага чиққан. Тошли ўрмоннинг ер ости қисмида Квифенг ғори жойлашган, ҳар йили августдан ноябргача ер ости дарёси ҳар 30 дақиқада гирдоб ҳосил қилади, у бир неча дақиқа давом этиб, сўнг йўқолади.
Мавзуга оид
23:04 / 24.12.2024
Хитой қутб сувларида сузишга қодир дунёдаги энг йирик юк ташувчи кемани синовдан ўтказди
21:52 / 24.12.2024
Хитойда 2027 йил охирига бориб 5G алоқа тармоғидан фойдаланувчилар улуши 85 фоизга етказилади
17:07 / 24.12.2024
Хитойнинг Ўзбекистон билан савдо айланмаси ҳажми камайди
23:24 / 23.12.2024