Жамият | 16:37 / 24.05.2021
18206
7 дақиқада ўқилади

«Энг катта бахт – оила билан бир дастурхон атрофида ўтириш» – бир қўли билан ишлаётган аравакаш ҳикояси

Самарқандлик Зафар Абдураҳимов 39 ёшда, икки фарзанднинг отаси. Қўйлиқ деҳқон бозорида қарийб 15 йилдан буён аравакашлик қилиб, бир неча ўн минглаб инсонларнинг ҳожатини чиқармоқда. Тақдир тақозоси билан бир қўлидан айрилгач ҳам тушкунликка тушмади. Ўрнидан туриб, курашда давом этди. Ҳозир ҳам қора қозонни қайнатиш учун оиласидан узоқда меҳнат қиляпти. Қаҳрамонимизнинг ҳаёт ҳикоясини ўзидан эшитамиз.

«Бир қўлимни Москвада йўқотдим...»

Самарқанд вилояти, Тойлоқ туманиданман. Ёшим 39да, оилалиман, икки қизим бор. Қўйлиқ бозорида аравакашман. 13 йилдан бери шу ишни қиламан. Москвадаги мебел заводида ишлаётган вақтим бир қўлимдан айрилганман. Бундан олдин ўзим яшайдиган жойда мардикорлик қилиб юрдим. Ёшим етганидан кейин Россияда бир йил ишладим, унча ўхшамади. Асосан қурилишда ишладим. Қайтиб келганимда уйланиш вақти келиб қолганди, кўп жўраларим уйланган экан. Уйланишга пул тўплаш учун яна Россия томон чиқиб кетдим.

Москвада ўзим таниш-билиш орттирдим, турли жойларда ишладим. Мебел заводига ишга жойлашдим. У ерда 5-6 ой яхши ишладим. Одатий иш кунларининг бирида ёғоч қирқадиган ускуна олдида ишлаётганимда эҳтиётсизлик туфайли қўлимдан айрилиб қолдим. Москвада даволанишимга завод раҳбарияти қарашиб турди. Сўнг Самарқандга қайтиб келдим. Бу ердаям даволандим.

Ўша кунни эслагим келмайди. Бу воқеа бўлганига 15 йил бўлди, 23 ёшда эдим. Воқеа содир бўлгандан кейин уйдагиларга хабар бердим. Фақат опам ва акам биларди, онамга айтмагандим. Қайтиб келганимдан кейин билган. Фарзандининг бунақа аҳволдалигини кўриш ҳар бир она учун жуда оғир. Она-да барибир.

«Бир қўлим билан бошқа иш қилолмасдим»

Қўлимдан айрилиб, уйга қайтганимдан кейин анча вақт бекор қолиб кетдим. Самарқандда мен қила оладиган иш бўлмагач, Тошкентга келдим. Бир одам мени аравада нон ташишга олиб кетди. Бозорга кириб-чиқиб юрганда аравакашлардан иш ҳақида сўраб юрардим. Кейин таваккал қилиб, Қўйлиқда аравакашлик қиламан, дедим. Чунки ортга йўл йўқ эди. Бир қўлим билан бошқа иш қилолмасдим. Одатда саҳар соат 03:00 да иш бошланади. Кечаси соат 22:00 гача ишлаган вақтларим ҳам бўлади. Орада 2-3 соат дам олиб, арава устида бироз мизғиб оламиз.

Баъзида эрталаб соат 6-7 ларда чиқиб кетишим мумкин. Тонг саҳардан иш бошлашимизга сабаб эрталабдан бозорга савдогарлар ўз маҳсулотларини олиб келишади. Бозор ичига нарсаларини олиб кириш учун аравакаш ёллашади. Соат 07:00 гача савдогарларларнинг маҳсулотларини расталаргача олиб борамиз. Ишончли савдогар-мижозларимиз бор. Ўз вақтида ҳақимизни беришади.

Тошкентда яшаш осонмас. Баъзида кам овқат еймиз, кам сув ичамиз. Кунлик харажатлар ҳам бор: 15 минг сўм кунлик ижара ҳақи, овқатланишга 20-25 минг сўм сарфлаймиз. Кунига 100 минг топсам, 40 минг сўми юқоридаги харажатларга кетади. Қолганини жамғариб, оиламга жўнатаман. 

Аравакашлик ҳам мавсумий иш. Қишда деҳқонлар бозорга камроқ маҳсулот олиб келишади. Май-сентябр ойларида иш яхшироқ бўлади. Деҳқон қанчалик кўп ҳосил олса, аравакашнинг ҳам иши кўп бўлади. 

«Аравакашни ҳам Худо яратган...»

Аравакашлик ҳалол касб. Одамларнинг ҳожатини чиқариб, юкларини ташиб, ҳалол ризқ топамиз. Балки дунёдаги энг ҳалол касб аравакашлик ва мардикорликдир. Одамлар бозорда «Ол аравангни», деб бақиришса, ич-ичимиздан оғриниб қоламиз. Ноҳақ жеркиб ташлашади. Аравакашни ҳам Худо яратган-ку. Унинг олдида барчамиз тенгмиз.

Яхши муомалада бўладиган мижозлар ҳам бор, албатта. Ўзига тўқ бўлса ҳам, аравакашларни ҳурмат қилиб, муомала билан гапиришади. Бу аравакаш, мардикор экан, деб айиришмайди. Бир кунда 50-60 кишининг юкини ташиб берамиз. Шунча инсоннинг ҳожатини чиқарамиз.

Баъзида қилган хизматимизга пул ҳам олмаймиз. Масалан, пенсионер аёл бор пулига харажат қилиб бўлган бўлса, ўғлим, минг сўм пулим қолган экан, деса, дуо қилиб қўйинг, деб юкларини чиқариб қўйган вақтлар бўлган.

«Оила даврасида ўтириш мен учун катта бахт»

Мол сотиб олиб, уни семиртириб боқсам, оилам бағрида бўлсам, деб орзу қиламан. Оилам Самарқандда, ўзим шу ердаман. Қачонгача шундай бўларкан, деб сиқиламан. Умр шундай ўтиб кетяпти. Ҳар 35-40 кунда уйга бориб тураман. 10 кунча тургач, яна Тошкентга қайтиб келаман. Ҳаётда мени энг кўп ўйлантирадиган нарса – оиламдан узоқдалигим. Бир оила бўлиб, дастурхон атрофида ўтиришни дунёдаги ҳар қандай бахтдан устун кўраман. Шу йилдан бошлаб бир қўлимга ортиқча босим бўлаётганини сезяпман. Йўқотган қўлим ўрни оғриғи кучайяпти. Илгари ёш бўлганмиз, унча-мунча оғриқлар ҳам билинмаган экан.

«Оилада аёл киши сабрли бўлиши керак»

29 ёшимда уйланганман. Аёлим сабрли, борига қаноат қилади. Унга уйланишим ҳам қизиқ бўлган: ўзим ва яқин жўраларим билан бирга совчиликка борганмиз. Қиз яқин жўрамнинг синглиси бўлган. Уни олдиндан танирдим. Қизникига бориб, ота-онаси олдида бошимдан ўтганларнинг барчасини айтиб бердим. Тошкентда ишлашимни, оилани боқа олишимни ҳам айтдим. Ота-онаси рози бўлди, қиз ҳам. Тўй бўлди, 2 нафар ширин қизимиз бор. Бировдан кам яшаётганимиз йўқ.

«Тўрт мучаси соғ одамлар ҳаракат қилмаса, жаҳлим чиқиб кетади»

Отам бизни ҳалол ризқ билан катта қилган. Уларнинг фарзандимиз, пешона тери билан ишлаб, оилани боқишни истаймиз. Ўз меҳнатим билан ишлаб топганларимни болаларимга едиришни истайман. Фақат ишласам дейман. Уйга борганда ҳам кетмонда ер чопаман.

 

Икки қўли бор одамларни кўраман: баъзилари ичиб юради, оиласидан ажрашади. Уларни кўриб жаҳлим чиқиб кетади. Тўрт мучанг соғ бўлса, нега оилангни боқмаяпсан, қимирласанг иш бор ҳамма жойда, икки қўлинг билан тоғни толқон қилоласан, дегим келади. 

Икки қўлим бўлса қанийди, деб ўйлайман. Лекин бунинг фойдаси йўқ. Шу тақдирга рози бўлиш керак. Фарзандларим менинг икки қўлим, дейман. Соғинганимда фарзандларим овозини эшитсам, кучимга куч қўшилади. Инсоннинг тўрт мучаси соғ бўлиши энг олий давлат. Тўрт мучаси соғ одам ҳеч нарсадан кам бўлмайди. Соғ бўла туриб, ношукурлик қилиш ҳам Худога хуш келмайди ахир...

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид