Ўзбекистон | 07:56 / 24.05.2021
13559
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда уч йил аввал ўғирлаб кетилган «Спарк» топилди

Жорий йил 22 май куни соат 12:00лар атрофида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Шарқ маҳалласи, Заргарлик кўчасида давлат рақамисиз “Спарк” русумли автомашина узоқ муддатдан бери тургани аниқланган.

Автомашинанинг давлат рақами йўқлиги ва олд ўнг томони шикастлангани Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси С.Кубаевда шубҳа уйғотди. Ушбу қаровсиз автомашина эгасининг шахсига аниқлик киритиш мақсадида, Чилонзор тумани йўл-патрул хизматига мурожаат қилинганда, ички ишлар ахборот базасидан кузов рақами асосида “Спарк” автомашинаси эгасининг шахси аниқланди.

Мазкур автомашина эгаси Тошкент шаҳар Олмазор туманида туғилган, 23 ёшли фуқаро М.С. экани маълум бўлгач, ахборот базасидаги мобил телефон рақами орқали у билан боғланилди ва воқеа жойига чақирилди.

Воқеа жойига етиб келган фуқаро М.С. автомобил ҳақиқатдан ҳам унга тегишли эканини тасдиқлаб, 2018 йил 4 март куни соат тахминан 07:00лар атрофида Чилонзор туманидаги “Тошкент савдо маркази” бозори ёнида ўғирлаб кетилганини маълум қилди.

Автомашина ўғирлик содир этган жиноятчининг қўл изларини олиш ва уни топишда фойдаланиш учун экспертизага юборилди, дейилади Миллий гвардия хабарида.

Мавзуга оид