Жаҳон | 21:18 / 25.05.2021
25303
7 дақиқада ўқилади

Европа Минскка жавоб қайтармоқда: Беларусь устидан парвозлар тўхтатилиб, ЕИ осмони «Белавиа» учун ёпилмоқда

Европа Иттифоқи етакчилари душанба кунги саммитда қитъа ҳудудидаги барча авиаташувчиларни Беларусга парвозлар ва ушбу мамлакат устидан учишларни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, улар беларусларнинг самолётлари Европа ҳаво ҳудудида парвоз қилиши ва иттифоқ мамлакатлари аэропортларидан фойдаланишини тақиқлаш бўйича зарур чоралар кўриш бўйича кўрсатма берган.

Darius Mataitis / Scanpix / LETA

23 май куни Лукашенконинг буйруғи билан ҳарбийлар Афинадан Вильнюсга йўл олган Ryanair авиакомпанияси самолётини Минскка қўндиришди. Самолёт бортида Беларусь ҳукуматига қарши намойишларни фаол ёритган ва мухолифатчиларнинг биринчи рақамли ресурсига айланган Nexta Telegram каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич ва унинг севган қизи бор эди — самолёт қўнганидан кейин улар қўлга олинди, қолган йўловчилар эса етти соатдан кейин парвозни давом эттириш учун қўйиб юборилди.

Бу ҳодиса халқаро инқирозли ҳолатни келтириб чиқарди.

Ирландия лоукостери бўлмиш Ryanair компанияси рейс экипажи Беларусь ҳаво ҳаракати бошқармаси томонидан бортда хавфсизликка потенциал таҳдид борлиги ҳақида огоҳлантирилгани ва бортни энг яқин аэропорт — Минскка йўналтириш ҳақида кўрсатма олгани ҳақида маълум қилди. 

Компания бош директори Майкл O'Лири йўловчи самолёт мажбуран Минск аэропортига қўндирилишини «давлат қароқчилиги» дея тавсифлади. «Моҳиятан, бу диктатор томонидан бошқариладиган режимнинг одам ўғирлаш ҳаракатидир», деди Майкл ОʼЛири. У лайнер бортида Беларусь махсус хизматлари ходимлари ҳам бўлганини тахмин қилди. Унинг сўзларига кўра, Минскда самолётдан одамлар туширилгач, беш ёки олти киши унга қайтиб чиқмаган.

Лайнер Афинадан Вильнюсга учаётган бўлган. Литва полицияси маълумотига кўра, унинг бортига Грецияда 126 киши чиққан, Минскдан Вильнюсга 121 йўловчи учиб келган. Самолётдан тушиб қолганларнинг икки нафари маълум — бу Роман Протасевич ва Софья Сапега. Яна уч киши ким экани номаълумлигича қолмоқда. Лайнер Минскка қўндирилиши юзасидан Литвада «самолёт қўлга олиниши ва одамларга халқаро ҳуқуқда тақиқланган тарзда муомала қилиш факти» бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Авиакомпаниялар Беларусни айланиб ўтган ҳолда учишга қарор қилмоқда. Ҳозиргача Латвиянинг airBaltic, Нидерландиянинг KLM, скандинавларнинг SAS, венгрларнинг Wizz Air, немисларнинг Lufthansa, французларнинг Air France, Австриянинг Austrian Airlines, Польшанинг LOT, Сингапурнинг Singapore Airlines, Финландиянинг Finnair ҳамда Испаниянинг Iberia авиакомпаниялари Беларусь ҳаво ҳудудига киришни тўхтатди. Литвадаги аэропортларга Беларусь устидан учувчи самолётларни қабул қилиш тақиқланди. Бундан ташқари, Литва ўз фуқароларига Беларусга сафар қилмасликни тавсия қилмоқда, у ердаги фуқароларни эса тезда ушбу мамлакатни тарк этишга чақирмоқда. Беларусларнинг «Белавиа» авиакомпанияси бунга жавобан Вильнюсга рейсларни бир ой муддатга тўхтатган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳукуматга Беларусь билан авиақатновларга тўлиқ тақиқ ўрнатиш ва барча рейсларни ушбу давлат ҳаво кенгликларини айланиб ўтган ҳолда қайта йўналтириш бўйича топшириқ берди. Буюк Британия, Швеция ва Нидерландия Беларусь ҳаво ҳудудидан учмасликни тавсия қилган. Бундан ташқари, «Белавиа» Буюк Британияга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум этилган. 

Россия авиакомпаниялари эса ўз маршрутларини ўзгартиришмади.

Латвия Беларуснинг расмий байроғини Беларусь мухолифатчиларининг асосий рамзи — оқ-қизил-оқ тусдаги байроққа алмаштирди. Бу ҳолат Латвия мезбонлигида ўтаётган ҳоккей бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари бўлган спортчилар яшаётган Рига шаҳри марказидаги меҳмонхона ёнида содир бўлди. Меҳмонхона яқинида турнирда иштирок этаётган барча мамлакатларнинг байроқлари илинган.

Беларусь байроғини алмаштириш акциясида Рига шаҳри мэри Мартиньш Стакис ва Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич иштирок этди. «Давлат терроризми билан шуғулланувчи режим рамзи бўлмиш байроққа Рига шаҳри марказида жой йўқ, шу туфайли биз уни олиб ташладик! Халқаро йўловчи самолёт сиёсий диссидентни ҳибсга олиш мақсадида олиб қочилиши Беларусь диктаторининг легитимлигининг сўнгги қолдиқларини ҳам йўқ қилди», — деган Стакис.

Беларусь «байроқ ҳақоратлангани» ҳақида маълум қилиб, Минскдан Латвия элчихонасининг техник ходимлардан бошқа барча ходимлари чиқариб юборилишини эълон қилди. Латвия элчиси Эйнарсу Семанисуга мамлакатни тарк этиш учун бир кун муддат берилди. Бунга жавобан Латвия ҳам барча беларус дипломатларини чиқариб юборишга қарор қилди.

Беларусь ҳукумати Ryanair самолёти «ҲАМАС ҳаракати таҳдиди» туфайли қўндирилгани ҳақида маълум қилди. Беларусь Транспорт ва коммуникациялар вазирлигининг авиация департаменти директори Артём Сикорский Минскдаги брифингда гўёки фаластинлик жангарилар томонидан Минскдаги аэропортнинг электрон почтасига йўлланган хатни ўқиб эшиттирди. «Биз, ҲАМАС аскарлари Исроил Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишини талаб қиламиз. Европа Иттифоқи бу урушда Исроилни қўллаб-қувватлашдан воз кечишини талаб қиламиз», деган гўёки мактубда. Беларусь транспорт вазирлигининг таъкидлашича, хат муаллифлари талаблар бажарилмаса, самолётга ўрнатилган бомбани «Вильнюс устида портлатиш» билан таҳдид қилишган. Лекин текширувлар якунида бортда ҳеч қандай портловчи қурилма йўқлиги маълум бўлди

Шу билан бирга, Сикорский фаластинликлар нима учун Исроил Ғазо секторига зарба беришни тўхтатганидан уч кун ўтиб бундай таҳдидли мурожаат қилгани ва теракт учун нега Яқин Шарқ билан ҳеч қандай муносабатларга эга бўлмаган Литва танлангани бўлиши мумкинлигини изоҳламаган. Ҳолбуки Исроил ҳукумати ва ҲАМАС 11 кунлик қуролли ҳаракатлардан кейин 21 май куни сулҳ тузиш бўйича келишувга эришганди.

25 май куни ҲАМАС Фаластин ва Исроил можаросини Протасевичнинг қўлга олинишига аралаштиришгани учун Беларусь ҳукуматини қоралаб чиқди. 

Беларусь ҳукумати Ryanair самолёти экипажи қаерга қўниш бўйича ўз ихтиёри билан қарор қабул қилганини таъкидлаб келмоқда. «Диспетчерлар томонидан экипажга босим ўтказилмаган», — деган Сикорский. Беларусь расмий ОАВларида диспетчернинг экипаж билан суҳбати дея таъкидланаётган аудиоёзув тарқалди, унда «диспетчер» «экипаж»дан Минскка қўниш қарори кимнинг «тавсияси» билан қабул қилингани ҳақида сўрамоқда, унга эса «бу бизнинг тавсияларимиз» деб жавоб берилган.

24 май куни ОАВда Роман Протасевич қўлга олингач, ўзини ёмон ҳис қила бошлагани ва касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар тарқалганди. 25 май куни телеграм каналлардан бирида унинг мурожаати эълон қилинди. Журналист Минскдаги изоляторда экани, соғлигида муаммо йўқлиги ва унга ходимлар томонидан имкон қадар қонун доирасида муомала қилинаётганини билдирган. «Мен тергов органи билан ҳамкорликни давом эттирмоқдаман ва оммавий тартибсизликлар уюштириш факти бўйича кўрсатмалар бермоқдаман», — деган Протасевич.

Унинг яқинлари бу видеомурожаат босим остида ёзилганини айтишмоқда.

Мавзуга оид