Жаҳон | 17:17 / 26.05.2021
28627
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко жаҳон уруши билан таҳдид қилди

Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусь кичик мамлакат бўлишига қарамасдан, муносиб жавоб қайтара олади.

Фото: ТАСС

Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакатда «олов ёниши» жаҳон урушига олиб келишини айтди, деб хабар берди «БелТА» агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, Беларусь унга ёмонлик истаётганларнинг мақсадларини билади. Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусь кичик мамлакат бўлишига қарамасдан, муносиб жавоб қайтара олади.

«Ўйланмаган кескин ҳаракатлар қилишдан олдин Беларусь Европанинг маркази эканини ёдда тутинг. Агар бу ерда аланга пайдо бўлса, бу навбатдаги жаҳон уруши бўлади», — деди у.

Аввалроқ Лукашенко Ғарбга наркотрафик ва миграцияни назорат қилишни тўхтатиш билан таҳдид қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Лукашенконинг буйруғи билан ҳарбийлар Афинадан Вильнюсга йўл олган Ryanair авиакомпанияси самолётини Минскка қўндиришди.

Самолёт бортида Nexta Telegram-каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич ва унинг севган қизи бор эди — самолёт қўнганидан кейин улар қўлга олинди.

Бу ҳодиса халқаро инқирозли ҳолатни келтириб чиқарди. Авиакомпаниялар Беларусни айланиб ўтган ҳолда учишга қарор қилмоқда.

Мавзуга оид