Жаҳон | 16:02 / 28.05.2021
38583
18 дақиқада ўқилади

Саудия валиаҳд шаҳзодаси — оширилган солиқлар, нефт, АҚШ ва Эрон ҳақида

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон подшоҳликдаги Al-Arabiya телеканалига катта интервью берди. Kun.uz Яқин Шарқдаги энг нуфузли сиёсатчилардан бирининг интервьюсидан айрим парчаларни ҳавола этади.

Интервьюнинг биринчи қисми. Суҳбат Al-Arabiya'да уч қисмга бўлинган ҳолда эълон қилинди.

«Нигоҳ-2030» лойиҳасининг беш йиллигини нишонламоқдамиз. Мен бошланғич нуқтага қайтмоқчиман саволни бошқачароқ берсак: Агар аввалгидек нефт ишлаб чиқарувчи бадавлат давлат бўлиб қолишда давом этсак, нима бўларди?

– Ўтмишга боқсак, нефт Саудия Арабистони қироллигига мислсиз хизмат қилиб келди, лекин барчамиз биламизки, Саудия Арабистони нефтдан аввал ҳам мавжуд бўлган. Нефт келтирган даромад ва юксалиш биз 30- ва 40-йилларда эҳтиёжимиз бўлганидан анча кўп. Бинобарин, даромаднинг ва иқтисодий ўсишнинг ҳажми биз кутганимиздан кўра юзлаб баробарга кўпроқ бўлди. Бу – Саудия Арабистони қироллигининг барча эҳтиёжларини қондиради, деган таассурот уйғотган эди.

Ўшанда аҳолимиз 3 миллиондан кам эди. Пойтахт Ар-Риёдда эса 150 минг одам яшар эди. Вақт ўтиши билан нуфус ўсиб борди – саудияликлар сони ҳозирда 3 миллиондан 20 миллионга етган. Нефт бизнинг 60-, 70-, 80- ва ундан кейинги йиллардаги эҳтиёжларимиз ва яшаш тарзимизни қоплаб келди. Биз айни тарзда давом этсак, аҳоли ўсишининг бундай суръати билан стандарт яшаш тарзимизни яна 20 йил сақлаб тура олардик. Бу – биринчи риск эди. Бошқа тарафдан олиб қарасак, биз яхшироқ даражага интилишимиз ва янада юксалиш йўлларини қидиряпмиз.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони қироллигининг иқтисоди асосан нефтга боғланиб қолиш риски ҳам бор. Нефт яқин 40 ёки 50 йилда яхшигина синовларга дучор бўлади.

Чекланган утилизация, нархларнинг қулаши ёки бошқа иқтисодий силкинишлар бўлиши мумкин. Бу биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб – Саудия Арабистонида нефтдан бошқа бир неча соҳаларда жуда кўп имконият бор. Кончилик, сайёҳлик, логистика, сармоя соҳалари – катта имкониятлар. Нефт борасида муаммо чиқмаган тақдирда ҳам саудлар сифатида мамлакатимизга наф келтириш учун ғайратли ва интилувчан бўлишимиз шарт. Мана шулар бизнинг «Нигоҳ-2030»га интилишимиз ва келажакда рўбарў келишимиз мумкин бўлган муаммоларни ечиш ҳали тегилмаган имкониятлардан фойдаланишга рағбатлантиради деб ўйлайман. Биз юксалишда, гуллаб-яшнашда ва жаҳон миқёсида рақобатлашишда давом этамиз.

– Ўтган беш йилда қандай муваффақиятларга эришилди?

– Муваффақиятлар кўп. Аввал мавжуд энг муҳим муаммолардан бошлайлик – уй-жой масаласи. Бизда 20 йил давомида ҳал қилинмаган уй-жой муаммоси бор эди. Фуқаро қарз ё уй-жойга субсидия олиш учун қарийб 15 йил кутиши керак эди. Биз давлатнинг пули самарасиз тасарруф этилаётган ушбу соҳани ботқоқдан олиб чиқдик.

Шунингдек, нефтга тааллуқли бўлмаган соҳалардаги иқтисодий ўсиш биз истагандек эмасди. 2019 йилнинг 4-чорагига келиб, нефтга тааллуқли бўлмаган соҳаларда ўсиш 4,5 фоизни ташкил этди ва агар 2020 йилда пандемия бўлмаганида бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил қилган бўларди.

– Жамоангизни қандай шакллантирасиз?

– Албатта, жамоамиздагиларнинг хизмати, самарадорлиги ва қобилиятлари – асосий талаблар. Энг асосийси – иштиёқ. Масъул шахснинг иштиёқи бўлсин. Масалан, [спорт вазири] шаҳзода Абдулазиз ибн Туркий ўзининг лавозимига жуда мос – у спорт ишқибози, спорт унинг шахсий қизиқиши, шунга иштиёқманд. Шунинг учун иштиёқ энг катта мотивациядир. Агар иштиёқингиз бўлмаса, бирор нарсага эришишингиз жуда қийин бўлади.

Худди шу гапларни бошқа кўплаб вазирларимизга нисбатан ҳам айтишим мумкин. Исталган вазирни айтинг, мен у нимага иштиёқманд экани ва нимага эриша олишини айтаман.

AA Photo

– Илгари сурилаётган Жамоат инвестиция фонди бизга нефтсиз ҳам илғор яшай олиш имконини берадими?

– Саудия Арабистони иқтисодиётида нефтнинг улушини йўқотишни истайди, деган нотўғри қараш бор. Ундай эмас, биз бу нефт сектори бўладими, бошқа секторми, барчасидан фойдаланишни истаймиз.

Таҳлилларнинг аксариятига қарасангиз, нефтга бўлган талаб 2030 йилгача ўсишда давом этиши, шундан сўнг эса 2070 йилга қадар талаб босқичма-босқич пасая бориши прогноз қилинади.

Биз бу ерда нефтга талаб ҳақида гапиряпмиз. Аммо масалага бошқа томондан, таъминот жиҳатдан қарасангиз, нефт захиралари нефтга бўлган талаб пасайганидан кўра тезроқ тугаб бормоқда.

Мисол учун, АҚШ 10 йилдан кейин нефт ишлаб чиқарувчи мамлакат бўлмайди. Бугун АҚШ йилига тахминан 10 млн баррел нефт ишлаб чиқаряпти, 10 йилдан кейин эса бу кўрсаткич аранг 2 миллионга етади.

Йилига 4 млн баррел нефт ишлаб чиқараётган Хитойда эса 2030 йилга бориб нефт ишлаб чиқариш нолга ёки деярли аҳамиятсиз даражага тушиб қолади.

Айни пайтда Россия 11 млн баррел нефт ишлаб чиқараётган бўлса, 19-20 йилдан кейин бор-йўғи 1 миллионга тушиб қолади. Яъни нефт таклифининг пасайиш суръати нефтга бўлган талаб пасайиши суръатидан кўра анча тезроқ.

Шундай экан, келажакда Саудия Арабистони жаҳонда нефтга бўлган талабни қондириш учун ишлаб чиқариш ҳажмларини оширади. Бу жуда истиқболли прогноз, аммо биз фақат бунгагина боғланиб қолишимиз керак эмас.

– Солиқлар оширилишига тўхталсак. Шундан бошқа йўл йўқмиди?

– Сиз 15 фоиз ҳақида гапиряпсиз шекилли. Форс кўрфази мамлакатлари кенгаши ҚҚСни 5 фоиз қилишни келишиб олишган. Дунёда энг паст ҚҚС бўлиши учун шундай қилинган. Биласиз, Саудия Арабистонининг учдан бир аҳолиси саудлар эмас. Бундай суръатлардаги иқтисодий ўсиш билан 2030-2040 йилларга бориб хорижликлар ва саудлар нисбати 50/50 га етиши мумкин. Агар биз ҚҚСни белгиламасак, хусусан, сайёҳликнинг очилиши ва 600 минг сайёҳни мақсад қилиш билан судсидияларимиз сизиб чиқиб кетади.

Бинобарин, 10 фоизлик ҚҚС хорижликка у Саудия Арабистонида сарфлаган нақд пулдан наф кўришга кафолат бўлади. Бу пул уларнинг давлатига қайтиб боради ва таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ёки ҳатто ойлик маошларга, бошқа жабҳаларга сарфланиши мумкин.

Энди 15 фоизга келсак... Пандемия ва 2020 йилда дунё дуч келган иқтисодий ўзгаришлар Саудия Арабистони даромадининг катта қисмига дахлдор бўлди. 2020 йилда нефт нархи нолдан қуйига тушиб кетди ва бу биз учун катта синов бўлди. Биз ёки барча нарсани, ёки мақсадларни ўзгартиришимиз керак эди. Ёхуд одамларнинг кўнглини 3-4 йилга олиш орзумизга қайтиб, сўнг уларни улоқтириб ташлашимиз ёки қандайдир вақт оралиғида қаттиққўл чоралар қўллаб, яна барчасини қайтадан бошлашимиз керак эди.

Ойликларни қисқартириш ва ёрдам пулларини бекор қилишнинг олдини олиш чораларидан бири ҚҚСни 15 фоизга кўтариш эди. Ҳа, бу анча кескин чора бўлди. Бу саудларни ранжитадиган охирги иш эди. Бировни ранжитиш ниятим йўқ. Мен ватаним равнақ топиши ва фуқароларимиз гуллаб-яшнаб, шод-хуррам яшашларини истайман. Бироқ улар учун равнақ топишда давом этадиган келажакни қуриш – менинг вазифам. Шу йўлда қабул қилинган чоралардан бири ҚҚСни кўтариш эди. Бу, балки, бир йил, узоғи билан беш йил давом этади ва барчаси яна аввалги ҳолига қайтади.

– ҚҚС тушириладими яна?

Ҳа, биз ҚҚСни 5-10 фоиз оралиғида қилишга интиляпмиз. Лекин бу пандемия оқибатлари бартараф этилиб, биз яна балансни таъминлаганимиздан сўнг бўлади. Барчаси иқтисодий вазиятга боғлиқ – камида бир йил, кўпи билан беш йил.

Пойтахт Ар-Риёд

– Фуқароларнинг даромадига оид саволни такрор берсам: ҳар сафар нефт нархи кўтарилганда энергия нархи ҳам ошади. Биз бой давлатмизки, нархларни кўтарсак?

– Биз нефт қазиб чиқарувчи давлатмиз, бой давлат эмас. Ироқ ҳам, Жазоир ҳам нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар. Улар ҳам бойми? Бой давлатлар даромад, айланма маблағ ва аҳоли сони билан қиёсланади. Биз ўтган асрнинг 70- ва 80-йилларида аҳоли сони кам бўлганда бой эдик. Ҳозир эса, 20 миллионмиз ва тез кўпаяяпмиз.

Агар жамғариб қўйган маблағимизни асрамасак ва инструментларимиз расамадини қилмасак, биз камбағал давлатга айланамиз. Бироқ биз барқарор фаровонликдан сўнг бу боши берк кўчадан чиқиб кетишимиз даркор.

– Сиз, ҳазрати олийларининг атроф-муҳитга бўлган эътиборингиз нафақат подшоҳлик ҳудудида, балки унинг ташқарисида ҳам эътироф этилади. Нега Қизил денгиз каби иқтисодий имкониятлар қўлдан бой бериляпти?

– Мен бу масалага атроф-муҳитга бўлган муносабат туфайли ўтмай турибман. Қизил денгизнинг таровати – унинг табиатидир. Келган сайёҳ унинг табиати, тоза соҳили, тиниқ суви ва жонли денгиз ҳаётидан баҳра олади. Агар сиз табиатни вайрон қилсангиз, бутун сайёҳлик имкониятлари барбод бўлади.

Сайёҳлик хизматлари, тадбирлар, археологик ва тарихий масканлар ҳам табиат устига қурилади. Бинобарин, сиз сайёҳликни деб энг асосий устунлардан бирини йиқитган бўласиз.

Бу – масаланинг бир жиҳати. Бошқа тарафдан қарасангиз, мен тенги ва мендан катталар ёшлигимизда қум бўронларидан ҳозиргига қараганда 70-80 фоиз камроқ азият чекардик. Бир неча кун чанг ютиб яшаш биз ва болаларимиз ҳаёти учун ниҳоятда хавфли. Бундан бизнинг соғлиқни сақлаш тизими ҳам зарар кўради. Шунинг учун табиатни аввалги ҳолига қайтармоқчимиз.

Боз устига, дарахт экиш сўнгги 50 йилда 70 фоизга камайди. «Нигоҳ-2030»нинг мақсадларидан бири – дарахт экишни 200 фоизга ошириш ва аввалги манзилларимизга қайтиш. Сўнгги тўрт йилда биз бу кўрсаткични 40 фоизга оширдик ва қум бўронларини камайтиришга эришдик, кислород кўпайиб, булутлар сони ошиши эвазига ёғингарчиликни кўпайтирдик. Бу билан сув сатҳлари кўтарилди ва етарли ёмғир ёға бошлади.

– Давлат касалхоналари хусусийлаштириладими ёки аввалгидек қоладими?

– Баъзилари аввалгидек қолиши, айримлари хусусийлаштирилиши мумкин.

– Хўп, шунда ҳар бир фуқаронинг суғурта полиси бўладими?

– Биз бундай маррага ета олмаслигимиз мумкин, лекин биз аҳолининг катта қисмини давлат шартномалари орқали қамраб олишга ҳаракат қиляпмиз, хусусий сектор эса, ўз ишчиларини суғурта қилади.

– Шунда касбга боғлиқ бўлиб қоляптими?

– Албатта. Биз эълон қилаётган соғлиқни сақлаш дастури орқали бугун қанча, 10 йилдан кейин қанча одам суғурталанишини эълон қилмоқчимиз.

Фото: Reuters

– Ҳазрати олийлари, ташқи сиёсатда сизнинг фалсафангиз қандай?

– Саудия Арабистони манфаатлари.

– Бу сизнинг ташқи сиёсатдаги фалсафангизми?

– Шубҳасиз. Бизнинг ташқи сиёсатимиз ўз манфаатларимиз ва хавфсизлигимиз устига қурилади.

– Таъсир-чи? Сиёсатда таъсир кучи нимани англатади?

– Таъсир кучи бу – манфаатга эришиш учун қудратни ҳаракатга келтиришдир.

– Оқ уйга янги маъмурият келгач, иттифоқчилар – АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида келишмовчиликлар бўлмадими?

– Икки мамлакат ҳамкорлигида ҳеч қачон юз фоизлик келишув бўлмайди, ҳатто бир-бирларига жуда яқин Кўрфаз мамлакатлари ўртасида ҳам. Томонларнинг нуқтайи назарларида одатда фарқлар бўлади; ахир ҳатто бир оилада яшовчи ака-укалар ҳам барча масалалар юзасидан юз фоиз ҳамфикр бўлмайди.

АҚШда маъмурият ўзгариши билан, албатта, нуқтайи назарларимиз ўртасидаги фарқлар кўпайиши ёки камайиши мумкин. Аммо биз Байден маъмурияти билан Саудия-АҚШ муносабатларидаги масалаларнинг 90 фоиздан ортиғи бўйича бир тўхтамга эгамиз ва умид қиламизки, буни мустаҳкамлашда давом этамиз.

АҚШ – шубҳасиз, Саудия Арабистони подшоҳлигининг стратегик шериги. Улар 80 йилдан ошиқ вақтдан буён бизнинг ҳамкоримиз бўлиб келишган. Бу узоқ муддатли ҳамкорлик ҳам подшоҳлик, ҳам АҚШга катта таъсир кўрсатган. Тасаввур қилинг, АҚШ 10 млн баррел нефтни Саудия Арабистонидан жуда арзон – 3-6 доллар нархда эмас, Бирлашган Қиролликдан харид қилганида, АҚШ ҳозирги ўрнида бўлмас эди.

– Демак, Саудия Арабистони АҚШнинг кучайишига ҳисса қўшган экан-да?

– Айнан шундай. Агар улар нефтни Бирлашган Қиролликдан сотиб олишганида, ҳозир кўплаб нарсалар АҚШ учун бошқача бўлган бўларди.

Қолаверса, биз томонимиздан қарасак, агар АҚШ нефт сотиб бўйича шартномани Бирлашган Қироллик билан тузганида, биз анча каттароқ босим остида қолган бўлардик. Чунки Бирлашган Қироллик минтақадаги кўплаб мамлакатларни мустамлака қилиб, ўз чегараларини белгилаб олган ва бизнинг кўплаб умумий ишларимизга аралашаётган эди.

Шу нуқтайи назардан биз анчагина босимга дуч келган бўлардик, аммо АҚШ билан шартнома имзолашимиз подшоҳликнинг АҚШ манфаатларидаги ўрнини қатъиян мустаҳкамлади, бу эса Бирлашган Қиролликни подшоҳликка босим бирор босим ўтказишдан олдин ўйлаб кўришга мажбур қилди.

Албатта, дунё – кенг, ҳеч қайси бир давлат иккинчисига ўхшамайди. 1950-йилларда дунё иқтисодиётининг 50 фоизи биргина АҚШга тўғри келарди, бугун эса дунё иқтисодиётининг 20 фоизи Қўшма Штатларга тааллуқли.

Ҳозирда бутун дунё иккита жаҳон урушидан кейин мувозанатга келяпти. Биз ҳам минтақадаги стратегик ҳамкорларимиз, аввало Кўрфаз мамлакатлари, араб мамлакатлари ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан муносабатларимизни мустаҳкамлаш устида ишлаяпмиз. Шунингдек, дунё бўйлаб ҳамкорларимиз – АҚШ, Франция, Европа ва бошқа давлатлар билан алоқаларни яхшилаш билан бирга, бошқа ҳамма – масалан, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Лотин Америкаси, Африка мамлакатлари ва бошқалар билан янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқдамиз.

Яқин Шарқ харитаси (АҚШ Конгресси кутубхонаси)

– Эрон-чи, жаноби олийлари?

– Эрон – бизнинг қўшнимиз. Биз хоҳлайдиган нарса – Эрон билан алоқаларимиз яхши ва намунали бўлсин. Эрон билан ўртамиздаги муносабатлар мураккаб бўлишини хоҳламаймиз. Эроннинг тараққий этиши ва ривожланишини истаймиз, боиси Эронда Саудия Арабистони манфаатлари бор, Саудия Арабистонида эса Эрон манфаатлари бор, бу манфаат – минтақада ва бутун дунёда фаровонлик ва тараққиётга эришиш.

Ўртамиздаги муаммолар уларнинг айрим салбий хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ: улардаги ядро дастури, минтақанинг баъзи мамлакатларидаги ноқонуний ҳарбий гуруҳларни қўллаб-қувватлашлари, баллистик ракета дастурлари шулар жумласидан.

Бу муаммоларга ечим топиш учун минтақадаги ва дунёдаги ҳамкорларимиз билан ишлаяпмиз. Муаммолар ечимини топишга ва Эрон билан барча томонларга манфаат келтирадиган ижобий ҳамкорлик ўрната олишимизга ҳақиқатан умид қиламиз.

– Эрон ҳақида гапирганда, Яман ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Яманни қанақа келажак кутяпти?

– Ўзингиз яхши биласиз, бу – Яман ва Саудия Арабистони ўртасида рўй бераётган биринчи инқироз эмас. Подшоҳ Абдулазиз даврида ҳам икки давлат муносабатларида инқироз бўлган ва бу ҳал этилган. Кейинчалик эса 1970 ва 1980 йилларда муносабатлар яна таранглашиб, масала 1990 йилларга келиб ҳал бўлган.

2009 йилга келиб, учинчи инқироз рўй берди. Шундай бўлса-да, биз уни тезда ҳал этишга эришгандик. Аммо кейин, 2014 йилда хусийлар кенгайиб, 2015 йил бошида Сано шаҳрига қадар етиб боришди ва Яманнинг қонуний ҳукуматини ағдаришди. Бу – Яман ва халқаро ҳамжамият нуқтайи назарига кўра ноқонунийдир.

Ҳеч бир давлат ўз чегараларида қонундан ташқари ҳаракат қиладиган қуролли гуруҳлар туришини истамаган бўларди. Буни на Саудия Арабистони, на минтақадаги бошқа давлатлар ва на Яманнинг ўзи қабул қила олмайди.

Биз бунинг оқибатларини Яманда кўрдик. Умидимиз шуки, хусийлар Ямандаги барча партиялар билан музокаралар столига ўтириб, барчанинг ҳуқуқларини ва минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини кафолатлайдиган ечимга келади.

Бизнинг ўт очишни тўхтатиш ва иқтисодий кўмак кўрсатиш ҳақидаги таклифимиз ҳамон амалда, бунинг учун хусийлар ўт очишни тўхтатишга ва музокара столига ўтиришга рози бўлишса бас.

– Бундай қарорга хусийларнинг ўзлари келадими ёки қарорни Теҳрон қабул қиладими?

– Улар биз билан музокара столига ўтириши учун аввалига бошқа бир муаммо – ядро дастури масаласини ҳал этиб олишимиз керак эмасми? Хусийлар ва Эрон режими ўртасида кучли алоқалар борлиги шубҳасиз, аммо барибир хусийлар – араблар ва яманликлардир. Улар ўзларининг ва ўз ватанларининг манфаатларини устувор ўринга қўя олишади, дея умид қиламиз.

– 2030 йилдан кейин нима бўлади, ҳазрати олийлари?

– 2040 йил келади.

– Режалар-чи?

– 2030 йилда биз дунёда жуда яхши статусда бўламиз. Бироқ 2040 йил дунё миқёсида биз учун ҳақиқий кураш бўлади.

– Саудия Арабистонини муваффақиятга етакловчи энг катта омил нима?

– Саудия фуқаролари.

– Саудия фуқаролари?

– Фуқароларимизсиз ҳозир илкимизда бўлган нарсаларга эришолмаган бўлардик, шубҳасиз. Улар биз амалга ошираётган ишларга ишонмаганида, турли қийинчиликларда елкадош бўла олишмасди. Агар уларда оддий фуқаро, вазир, тадбиркор, хусусий сектор вакили ва ҳар қандай касб эгаси ўлароқ ислоҳотларда қатнашиш истаги бўлмаганда бизнинг барча уринишларимиз чиппакка чиқарди, режалар эса қоғоздаги сиёҳлигича қолиб кетарди.

– Нимадан қўрқасиз?

– «Қўрқув» сўзи саудияликнинг луғатида йўқ. Зеро саудиялик ҳеч нарсадан қўрқмайди.

– Саудияликлар луғатида «қўрқув» сўзи йўқ?

– Шундай деб ишонаман. Биз хавотирга тушамиз, ҳа, ўйга толиб қолишимиз мумкин. Лекин хавотирларни ечимлар билан бартараф этамиз. Лекин аминманки, луғатимизда «қўрқув» сўзи йўқ.

– Фуқароларингизга етказмоқчи бўлган энг муҳим сўзларингиз нима?

– Давом этиш. Сўнгги тўрт йилда ажойиб ютуқларга эришдик. 2025 йилгача ундан ортиғига эришмоқчимиз. Фаровонликнинг маълум бир даражасидан кейинги даражасига.

Мавзуга оид