«Ижтимоий тармоқлар серверларини Ўзбекистонда жойлаштиришни талаб қилиш – технологик жараёнларни тушунмасликдир» — Камолиддин Раббимов
Францияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда 2021 йил 16 апрелдан кучга кирган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси юзасидан ўз хавотирларини билдирди.
«Бу қўшимча кўплаб хавотирларга, фаразларга сабаб бўлмоқда. Баъзи талқинларга кўра, бу модда Facebook, Telegram, Instagram, TikTok, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқлар фаолиятига жиддий таъсир қилиши мумкин экан. Жумладан, юқоридаги моддадан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳуқумати, ватандошларга тегишли барча маълумотларни Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда жойлашни талаб қилиши, акс ҳолда, бу ижтимоий тармоқлар ёпилиши мумкинлигини айтишмоқда.
1. Ижтимоий тармоқлардаги инсонларнинг шахсий ташаббуси ва масъулияти билан жойлаштириладиган маълумотлар – шахснинг ўзи ва бошқалар тўғрисидаги ахборот йиғиш ва тарқатиш, фикрлаш эркинлиги, сўз эркинлиги, мулоқот ҳуқуқи ҳисобланади. Бу — инсоннинг фундаментал, универсал ҳуқуқлари саналади, халқаро қонунлар ва Ўзбекистон Конституцияси билан кафолатланади. Шахснинг баъзи маълумотлари давлат ҳимоясидаги унинг хавфсизлиги, шаъни билан боғлиқ сирлари ҳисобланиши мумкин. Масалан, унинг қон гуруҳи, аниқ яшаш манзили, расмий ҳужжатларидаги маълумотлари, яқинлари кимлиги, соғлиғи билан боғлиқ муаммолари ва ҳоказо. Бундай маълумотларни ҳимоя қилишда, давлат ва жамоатчилик жамият аъзоларига умумий кўринишда тушунтириш ишлари олиб бориши керак бўлади.
2. Ижтимоий тармоқлар серверларини Ўзбекистонда жойлаштиришни талаб қилиш – технологик жараёнларни тушунмасликдир. Чунки шахсларнинг маълумотлари, ижтимоий тармоқларда уларнинг фуқаролигига қараб ёки яшаш жойига қараб жойлаштирилмайди. Бу ўта мураккаб технологик жараён ҳисобланади. Бунинг устига, фуқаролигига қараб одамларни «сортировка» қилишни талаб қилиш – дискринимация ҳамда тоталитар назорат ҳисобланади.
3. Агар «шахсга тегишли маълумотларни ҳимоя қиламиз» деган тоталитар мантиқ давом эттирилса, унда ижтимоий тармоқлардан олдин электрон почталар, ундан ҳам олдин мобил компаниялар тўсиққа учраши керак бўлади. Масалан, шахсга тегишли маълумотлар миқдори, Facebook’дан кўра, Google’да, Россиянинг электрон почталарида анча кўп бўлиши керак. Ёки 1990-2010 йилларда, биргина «Ўздунробита», кейинчалик МТС компанияси қўлидан, Ўзбекистон аҳолисига ва элитасига тегишли гигант маълумотлар оқими ўтди. Агар юқоридаги мантиққа таянилса, унда ахборот, алоқа ва кенг жамоатчиликка хизмат кўрсатиш билан ишлайдиган ҳар қандай хорижий компанияларни ёпиш, миллийлаштириш керак бўлади.
4. Юқоридаги ўзгартиришнинг ҳуқуқий чегараси аниқ белгиланиши ва тушунтирилиши керак. Бу ҳуқуқий талаб, фақатгина давлат органларининг (Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳ.к.) фуқароларга тегишли бўлган хусусий, шахсий ва махфий маълумотлар базалари сақланадиган серверларга нисбатан қўлланиши керак. Яъни бу талаб – давлатга, ҳокимиятга, ҳукуматга, давлат органларига тегишли! Асло, фуқароларга, уларнинг эркинликларига эмас.
5. Давлат ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва парваришлашни ўйласа, у рақобатдош бўлишга интилиши керак. Рақобатдошлиликнинг асосий шартлари – эркинлик, очиқлик, рационаллик, давлатнинг легитимлиги, давлат институтларининг барқарорлиги ҳисобланади.
Қадимги хитойликлар, ўзларини мўғуллар ва шимолдаги бошқа босқинчилардан ҳимоя қилиш учун инсоният тарихидаги энг йирик қурилиш лойиҳасини амалга оширишган, бу Буюк Хитой девори деб аталган. Унинг бошланғич узунлиги йигирма бир минг (!) километрдан узун бўлгани айтилади. Лекин бошқалар барибир қадимги Хитойга камида 6 марта бостириб киришган. Девор мустаҳкам, уни бузиш имконсиз бўлган. Лекин мўғуллар оддийгина қилиб девор устидаги қоровулларни сотиб олишган. Давлатнинг мустаҳкамлиги – унинг деворлари баландлиги билан эмас, давлат посбонларининг ақл-заковати, ҳикмат асосида иш қилиши билан белгиланади», – дейди сиёсатшунос.
Бироз олдинроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов бу қонун бўлиши ва ишга тушишини сал эртароқ деб ҳисоблашини, бундай қонунни чиқариб, уни амалга оширишдан олдин, ўзимизда шуларга нисбатан муқобил ресурсларни яратиб олиш кераклигини айтган эди.
Шунингдек, Алламжонов депутатлар ва партиялар аъзоларига ҳар битта бераётган таклифни чуқур ва кенг ўйлаш кераклигини тавсия қилган.
Маълумот учун, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 2021 йил 16 апрелдан қонуний кучга кирган янги 27-1-моддасида шундай дейилади:
«Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт».
Ушбу моддага кўра, Facebook, Google, Telegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқаролари шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаши шарт.
Шунингдек, ҳозир ушбу модда ижроси юзасидан ишчи гуруҳ тузилган ва Вазирлар Маҳкамасининг 255-сонли қарори ва унга илова тариқасида Низом қабул қилинган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳукуматдан бу модда талабини тезроқ бажаришни талаб қилмоқда.
Мавзуга оид
19:05
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришни нега рад этаётгани маълум бўлди
18:15 / 10.12.2024
«Инсон ҳуқуқлари қудратли давлатнинг асосий белгисидир» — тарихий декларацияга 76 йил тўлди
18:10 / 07.12.2023
«Ҳуқуқий давлат қонунлар орқали бошқарилади» – «кўча»га қарши рейдлар экспертлар нигоҳида
21:47 / 13.11.2023