Жаҳон | 13:55 / 01.06.2021
12231
5 дақиқада ўқилади

Ryanair лайнери биринчи эмас. Яна қайси самолётлар мажбуран қўндирилган?

Греция пойтахти Aфинадан Литва пойтахти Вильнюсга учган Ryanair самолёти 23 май куни Беларусь осмонидан учиб ўтаётганда қўндирилгач, бу воқеа кўп можароларни бошлаб юборди. Самолёт бортида бомба борлиги айтилиб, уни қўндириш учун қирувчи самолёт ҳам жалб қилинди.

Ҳодиса Европада жиддий хавотир уйғотди. Европа Иттифоқи Беларусь билан авиақатновларни тўхтата бошлади. БМТ Ryanair самолётининг мажбуран қўндирилишини куч ишлатиб қўндириш, деб баҳолади. Чунки 1944 йилда қабул қилинган Чикаго конвенциясида йўловчи самолётларни қирувчи самолёт ёки президент самолётлари ёрдамида қўндиришга рухсат этилмаган.

Беларусда бу воқеаларни бир қарашда заҳарханда билан қарши олишди ва гўёки бу мамлакат авиациясига жиддий таъсир қилмаганини айтишди. Бироқ Беларусь авиацияси хаос ҳолатига тушиб қолди. Европа осмони Беларусь самолётлари учун ёпилди, «Belavia» учоқлари сарсон бўла бошлади.

Лукашенко бу муаммони Россия орқали ечишга қарор қилди. «Belavia» учун Россияга янги парвозлар очилди ва беларуслар Европадан уйига айнан Россия орқали қайтадиган бўлди. Яъни иккита самолёт алмашиб. Ryanair самолёти билан содир бўлган «йўлтўсарлик» дунё осмонидаги биринчиси эмас. Қуйида шунга ўхшаш воқеаларни эслаймиз.

2013 йил. Боливия президентининг самолёти Венага қўндирилиши. Ундан Эдуард Сноуден қидирилади

2013 йил 1 июл куни Боливия президенти Эво Моралес Москвада газ экспорт қилувчи давлатлар саммитида қатнашиб қайтаётганда, унинг самолётини америкалик ҳарбийлар Aвстрия пойтахти Венага қўндиришади. Боливия биринчи бортига Европа ҳаво ҳудудига киришга рухсат беришмайди. Америкалик ҳарбийлар самолётдан МРБ собиқ агенти Эдуард Сноуденни қидиради. Чунки Американинг «сирларини очиб ташлаган» Сноуден Эво Моралес самолётида бўлгани ҳақида гаплар тарқалганди. Кейинроқ бу ҳаракат учун Боливиядан узр сўрашади.

Моралеснинг самолётини қўнишга мажбур қилиш учун қирувчи самолётдан фойдаланилмаган. Шунингдек, президент юк ёки йўловчи ташувчи эмас, балки ҳукумат самолётида учаётганди. Бу воқеани Лукашенко билан учрашувда Владимир Путин ҳам эслади ва ўшанда жимлик кузатилганини таъкидлади.

2010 йил. Бишкекка учаётган самолёт Эрон томонидан қўндирилади

Эроннинг Систон вилоятида қароргоҳи бўлгани айтилган Жундуллоҳ ҳаракати етакчиси Aбдулмалик Риги 2010 йил февралида Эрон ҳарбийларининг осмонда ўтказган операцияси вақтида қўлга олинади. Aбдулмалик Риги Дубайдан Бишкекка учаётган самолёт ичида бўлган. Йўловчи лайнер қирувчи самолётлар ёрдамида Эронга қўндирилиб, ичида бўлган Риги қўлга олиниб, 5 ой ўтиб қатл қилинган. Риги қўлга олинишининг яна бир варианти ҳам бор. Унга кўра, ҳаракат етакчиси покистонлик ҳарбийлар томонидан АҚШ ёрдамида қўлга олиниб, Эронга топширилган. «Эрон хоҳлаганича сценарий тайёрлайверсин, улар аслида нима бўлганини жуда яхши билишади», деганди собиқ МРБ зобити бу ҳақда.

1985 йил. AҚШ бортида кема ўғрилари бўлган самолётни қўндирган

1985 йил октябрида фаластинлик жангарилар бор деб гумон қилинган Миср самолёти Италиядаги Америка ҳарбий базасида AҚШ қирувчи самолётлари ёрдамида мажбуран қўндирилади. Унинг ичида Италиянинг Achille Lauro кемасини Ўрта Ер денгизида ўғирлашда айбланган бир гуруҳ одамлар бўлган.

Айтилишича, фаластинлик 4 киши Achille Lauro кемасига эргашиб, Мисрга етиб олган. Кейин Мисрдан Тунисга учаётган Миср ҳаво йўлларининг чартер рейсида мамлакатдан чиқиб кетишга уринган. Los Angeles Times ёзишича, самолёт Ўрта Ер денгизи бўйлаб халқаро ҳаво ҳудудида Ф-16 қирувчи самолётлари ёрдамида тўхтатилган ва Сицилиядаги AҚШнинг Сигонелла базасида тутиб турилган. Ушланган ўғрилар Италияда узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

1956 йил. Жазоир мустақиллик ҳаракати етакчилари ҳибсга олиниши

1956 йил 22 октябрида Марокаш пойтахти Работдан Тунисга учаётган ва ичида Жазоир мустақиллик ҳаракатининг 5 етакчиси бўлган учоқ мажбуран қўндирилади. Улар Туниснинг ўша пайтдаги президенти Ҳабиб Бургиба ташкиллаштирган Мағриб минтақаси келажагига бағишланган конференцияда қатнашиш учун кетаётган бўлган. Жазоир ўшанда Франциянинг мустамлакаси бўлгани сабаб Франция махфий хизмати йўловчи самолётини ушлаш учун қирувчи самолётларни юборган ва уни Жазоирга қўнишга мажбур қилган.

Воқеалар Марокаш ва Туниснинг ғазабини қўзғатади. Чунки ҳибсга олинганлардан бири Франциядан мустақил бўлгач Жазоирнинг биринчи президенти бўлган Aҳмад бин Белла эди. У 2012 йилда 95 ёшида вафот этади.

Мавзуга оид